Раҳмат, “дўхтир!” ёхуд изҳори дил самимий бўлса…

Барчамизга таниш манзара: врачга миннатдорлик билдиргач, албатта, “қўл ҳақи” узатишни ҳам канда қилмаймиз. Беш минг, ўн минг ва ҳоказо… Бу шунчаки бир кўрик ёки мутахассис маслаҳати учун. Аммо аксарият бюджет ҳисобидан таъминланувчи шифохоналарнинг прейскурантида “шифокор маслаҳати” учун тўлов кўрсатилган бўлса-да, лекин кассада бу мақсад учун тўлов қилаётган мижозни учратмайсиз.

Шахсан ўзим хизмат тақозоси билан вилоятимиз марказидаги бир неча шифо масканида бўлдим. Деярли ҳар қадамда катта-катта ҳарфлар билан “Бизда барча тиббий хизмат бепул!” деб ёзиб қўйишган. Бироқ шифокорларнинг маъноли йўталиши (негадир кўпчилигининг томоғи бир хил оғрийдими-ей), столга ишора билан бармоқ чертиб қўйишидан бу ёзувга уларнинг кўзи тушганига шубҳаланасан киши. Яна бир ҳолат: текширув марказларидаги УТТ, допплерография текширувини амалга оширадиган хоналар атрофида ҳақиқий “ишбилармонлик” авж олган. Ҳам текширувга тўлайсиз, ҳам оломон ичидан навбатсиз олиб кириб чиққан шоввоз (кичик ёки ўрта тиббиёт ходими)ни “рози қилиш” учун чиқимдор бўласиз. Ишимизнинг бу тахлит “силлиқ” битишига барчамиз кўникдик ҳам. Аммо инсоният томонидан яратилган “Нима учун?” деган энг жўяли савол аллақаеримизни жизиллатгандек бўлади. Ўша “аллақаер” виждонимиздир балки… Ростдан ҳам имконияти бўлмагани учун, бошқаларни ҳурмат қилгани учун ёки бундай “учарлар”га ҳадеганда иши тушмагани учун ­навбат пойлаётганларда нима айб?

Ёки нима учун шифокорнинг кўриги ёки маслаҳати учун столига пул қистириб кетиш “қонунияти”ни бузишга ҳаддимиз сиғмайди? Ахир, мактаб ўқитувчисининг ҳар бир соат дарсига ўттиз-ўттиз беш нафар боланинг алоҳида пул йиғиб беришидек кулгили эмасми бу ҳолат?

Бундан ҳам ачинарли манзара эса туғруқхоналарда кузатилади: муолажа учун чақирганда ҳам қорасини кўрсатмайдиган ҳамшираю санитаркалар уйга отланган ёш она ва чақалоқ атрофида гирдикапалак бўлиб қолишади. Кимдир чақалоқни кийинтирган, кимдир онанинг нарсаларини эшиккача элтиб берган. Сўнгра дадасидан ҳайитлик кутаётган болалардек қатор тизилиб олишади. “Суюнчи” тарқатиш маросими шу тарзда бошланади. Эндигина бўшанган, кучли-кучли овқат еб, қувват тиклаши лозим бўлган аёлга сарфланажак пуллар “хирмонда ҳозир”ларнинг чўнтагига кетади.

Бу сўзларни доимги нолишлардан бири дея қабул қилишга шошилмайлик. Юртимиздаги бирорта шифохонанинг мутасаддиси: “Бизда ҳолат бутунлай ­бошқача!” дея эътироз билдира олармикан. Қанийди, шундай бўлса-ю, айтган фикрларимдан мулзам тортиб қолсам…

Яна ўқинг:  SPORT – BARKAMOLLIK ASOSI

Туғуруқхонами ё бозор?

ёллик сарватининг гултожи бўлмиш фарзанд кўриш бахтига эришган она ­дунёдаги энг бахтиёр зотдир. Афсуски, бу онларнинг илк қисми кечувчи туғуруқхоналарда аҳвол кўнгилдагидек эмас. Даставвал, гўдакнинг отаси мажбурий ҳомийликка жалб этилади. Рафиқасига қон ёки қон препаратлари қуйилмаган тақдирда ҳам, ота муайян миқдордаги қон учун тўловни амалга оширишга мажбур. Пул тўлашга иккилансангиз, қон берсангиз ҳам бўлаверади.

Иккинчи ҳолат эса ҳам кўзга, ҳам кўнгилга ботади. Санитария талабларини бузганча, туғруқ комплексларида кечки пайт майда моллар савдосини қизитишади. Сотувчиларнинг ки­йиниши она ва гўдак саломатлиги учун хавфсиз эканлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Қолаверса, удумларимизга кўра, чиллали жойга шомдан кейин қадам босиш мумкин эмаслиги ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.

Яқинда кўздек қўшнимиз неварали бўлди. Суюнчи узатгани борсам, бувижоннинг жиғибийрони устидан чиқдим. “Келинимга овқат олиб бордим, бироз жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказгани учун ўзим кириб чиқишга рухсат сўрадим. “Мумкин эмас”, ­дейишди қатъий. Шу чоғ ўзи билан тенг иккита сумка кўтарган аёл келди-ю, “Янги товар обкелганман”, дея ичкарига кириб кетди. Постдагилар ҳам, ҳамширалар ҳам индамай қолаверишди. Наҳот, олибсотарнинг бирор юқумли касаллик ташувчиси ёки сумкаси ичида хавфли воситалар бўлиши мумкинлиги уларни ташвишга солмаса… Дунё таҳликалар ичида қоврилаётган замонда бу лоқайд­ликни кечириб бўлармикин?”

Қўшни холанинг куюнишига ажабланмадим. Бир ярим йил олдин шундай ҳолатни вилоятдаги 2-туғруқ комплексида ўзим ҳам бошдан кечиргандим. Кундузи ҳамширалик, кечки пайт сотувчилик, сартарошлигу косметологлик қилувчи (учтаси бирдан!) ҳамшира опадан қизиқсиниб сўрагандим: “Оғир касалларни кўришга ҳам киритишмайди-ю, бўлимдан-бўлимга ишдан таш­қари вақтда қандай бемалол кириб юрасиз?” “Бўлим мудирларига пайпоқми, салфетками совға қилсангиз, бўлди-да!” Бошида унча ишонқирамай, “Ойлиги катта шифокор пайпоғ-у салфеткага сотиладими?” дея ижирғангандим. Шифокор менга яхши фойда бераётган дори воситасини ўзи билан ҳамкорлик қилувчи корхона таблеткасига алмаштиришга урингач, бу ҳам етмагандек, ўша компания дориларини бўлимидаги барча ҳомиладорларга тавсия қилиб, стикерли қоғозларини йиғиб кетгач, бунга ­шубҳам қолмади. Бошида касаллик тарихига ёпиштиришар, деб ўйлагандим. Қоғозлар, аслида, компаниядан бўнак ундиришга хизмат қилар экан. Дунё матоҳига ўч, ҳар нарсани, ҳаттоки виждонни бозорга солиб савдолашиш мумкин, деб ўйловчилар орасида мурғагимни дунёга келтиришни истамай, бошқа шифохонага йўл олдим. Чунки чақалоққа етарлича эътибор, тоза муҳит, покиза нигоҳлар бўлмаган жойда таваккал қилиш она учун энг оғриқли синовдир. Лекин минг­лаб беморларни шундай сарсон қилгандан кўра, масъулларнинг қилмишини ҳалоллик призмасидан ўтказиш осонроқ эмасми?

Яна ўқинг:  Излаган имкон топади

Эгривой ва тўғривой

Бу эртак сюжетини кимлар янгиламоқда?

Телефоним устма-уст жиринглади. Кўтарсам, қайнонам йиғламоқдан бери бўлиб: “Бекжон тўхтовсиз қусяпти, қизим, тез етиб келинг”, деди. Ишхонадаман, етиб боришимга камида бир соат кетади. Оёғимда мадор, тилимда қувват қолмади. Хаёлимга келган биринчи фикр маҳалла ҳамширамизга телефон қилиш бўлди. “Ҳамрохон опа, шифокоримиздан илтимос қилиб кўринг-чи, уйимизга бориб боламни текшириб бера олармикан? Ўзим етиб боргунимча кўп вақт кетади, иссиқда болани кўчага олиб чиқишга онамдан бошқа одам йўқ”, дея вазиятни тушунтирдим. Касаллик белгиларини сўраб олгач, ҳамширамиз мени тинчлантиришга уринди: “Хавотирланманг, ўзимиз борамиз”.

Дарҳақиқат, маҳалла педиатримиз Фахриддин Мансуров билан бирга келиб, кўрикдан ўтказиб, тегишли муолажаларни тавсия қилиб кетишди. Уч кундан кейинги такрорий кўрикка отланиб турсак, эшикдан шифокоримизнинг ўзи кўринди: “Ҳаво жуда иссиқ, тўла тузалмаган боланинг ҳолатини оғирлаштириб қўймайлик, дея иш вақтим бошлангунча, кўриб кетай, деб келяпман”.

Ўша ҳолатимда дунёдаги энг яхши одам, фидойи шифокор сифатида ҳурматим ошган врачлар сони яна биттага кўпайди. Оппоқ кийимига чин маънода муносиб инсонлар кўпайса, қандоқ яхши?..

Аммо шу каби инсонларнинг ҳам номини ўзининг қора номи ёнига тортқилаб тургувчилар халқда шифокор зотига нисбатан пулпараст кимса деган тасаввурни шакллантириб қўйган. Ўзим яқинда гувоҳи, аниқроғи, иштирокчиси бўлган яна бир ҳолатни баён этсам. Жон жигарларимдан бири, Аллоҳнинг синови экан, жигар циррози хасталигига чалинди. Узоқ давом этган даволанишлардан сўнг даволовчи шифокорнинг тавсиясига кўра, ногиронлик нафақасига чиқармоқчи бўлдик. Керакли ҳужжатларни қўлимда тутганча, касаллик тарихини шакллантириб бериш учун ҳудуд терапевтига борсам, “Бу узоқ давом этадиган иш. Икки-уч ой вақт кетади”, деди. Натижасиз икки-уч қатнашимдан сўнг шифокор ҳақиқий қиёфасини очди: “150 000 сўм олиб келсангиз, бу ишлар шунчаки битмайди”. “Инсоннинг юзи иссиқ”, дейишади, ич-ичимдан қанчалик ёмон кўрмай, норози бўлмай, шифокорнинг ўзига тайинли эътироз билдиролмадим. У шифокор, табиийки, бу касалликнинг ривожланиш босқичидаги бемор ичиши шарт бўлган дориларнинг бир кунлиги унинг жиғилдони хоҳлаётган маблағни ҳам орт­да қолдиришини яхши билади. Бир-икки ҳамкасбимга ёрилгандим, тегишли жойларга мурожаат қилишимни тавсия қилишди. Аммо Худо уриб қўйгани тайин бу кимсаларни қандай жазо тўғри йўлга сола оларди…

Яна ўқинг:  Навоийлик коллеж битирувчилари

Хулоса ўрнида

Зиёли ким? Олий маълумотли эканлигини тасдиқловчи дипломи бор киши эмас, атрофдагиларга зиё, яъни нур улашувчи одам зиёлидир. Бугун бу сўз обрўсизланиб, қадри йўқолиб кетаётгандек… Таъма, бировнинг қўлига қараш, порахўрлик, замоннинг “оғир”­лиги каби рўкачлар ушбу тушунчани оёқости қилмоқда, десак янглишмаймиз. Агар илмлига эътибор, зиёлига ҳурмат аввалгидек эмас экан, демак, бунга ўзимиз айбдор. Халқнинг эътибори, ҳурмати ва эъзозидан арзимас моддийликни устун қўяётган эканмиз, бошқача натижани кутишнинг ўзи кулгили.

Дилдора РАҲМОНОВА,

Ishonch” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: