БОЛАЛАРИ ЗУККО ХАЛҚ боболар жасоратини унутмайди

Оппоқ кабутарлар парқу булутларга менгзайди. Улар инсонлар билан ёнма-ён, бамайлихотир майдонни сайр этади. Мусаффо осмон остида, мовий анҳор бўйида енгилгина парвозга шайланади. Баланд дарахтлар, ям-яшил арчалар, гиламдай ёйилган майсалар узра тинчлик ва хотиржамликнинг мангу сиймосидай қанот қоқади. Турфа гулларнинг муаттар ифоридан вужуд яйрайди.

Ҳа, пойтахтимизнинг Амир Темур шоҳ кўчасида, Бўзсув канали ёқасида жойлашган “Шаҳидлар хотираси” майдони ўзининг қадр-қиммати, хушманзаралиги, гўзал табиати ва миллий ҳамда замонавий дизайни билан нафақат юртдошларимизнинг, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам севимли масканига айланган. Бу ҳудуд бир пайтлар кимса қадам босишга қўрқадиган, ваҳимали қиёфа касб этганига кишининг ишонгиси келмайди. Истиқлолнинг бўйи-басти, унинг улуғвор тушунча эканини ана шундай обод манзилларда сайр этган ҳар бир инсон дилдан туйиши, шубҳасиздир.

Мустақиллик, тинчлик ва тараққиёт. Дарҳақиқат, бу тушунчалар доимо бир-бири билан ёнма-ёндир. Халқимизнинг тарихий ютуғи – Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда фикримиз яна бир бор ўз тасдиғини топмоқда. Маълумки, 31 август мамлакатимизда “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида нишонланади.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида улуғ аждодларимиз хотирасини тиклаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш энг эзгу анъаналардан бирига айланди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан пойтахтимизнинг Бўзсув соҳилида бунёд этилган “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи халқимиз, миллатимиз озодлиги йўлида қурбон бўлган, жонини фидо қилган ватандошларимиз хотирасига кўрсатилган улкан эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.

Мазкур мажмуа доим гавжум. Бу маскан нафақат шаҳидлар ёдини ифода этади, балки бугунги авлодни табаррук она Ватанимизни, мустақилликни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундайди. Бу ерга зиёратга келган инсон осуда ўтаётган тонгларга шукрона келтиради, қалбида шу озод ва обод юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси жўш уради.

Машъум қатағон сиёсати “ҳужуми”га дучор бўлган халқимизнинг зиёли, маърифатпарвар фарзандлари айни шу ерда қатл этилган. Уларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан 2000 йили айни шу муаззам маскан барпо этилди. Майдонда музей, ротонда қурилди. Унинг атрофи эса ландшафт дизайни асосида кўкаламзорлаштирилди. Обод гўшага айлантирилди. Ротонда марказида нақшинкор миллий безаклар тортилган ўймакор қабр тоши ўрнатилди. Муҳтарам Юртбошимиз мажмуа очилиш маросимида “Бу зиёратгоҳни биз қатағон қурбони бўлган, жисми олис-олисларда қолиб кетган юзлаб юртдошларимизнинг рамзий мозори сифатида қабул қилмоғимиз керак”, дея халқимизнинг дилидаги гапни айтган эди. Дарҳақиқат, мазкур гўша 130 дан зиёд миллат вакилларидан иборат ўзбек халқининг қалбини нурлантирадиган, эзгу ўй-фикрлар оғушида яшашга туртки берадиган сабоқхонага айланган. Айни пайтда яхши ният билан оила қураётган ёшлар – келин-куёвлар муаззам майдонни сайр этиб, яратгандан ўзларига халқпарвар боболаридек солиҳ фарзандлар сўраб ният қилишади.

Яна ўқинг:  Бола руҳияти соғлом бўлса...

Ҳа, майдон бугун нафақат зиёратгоҳ, балки тарихий сабоқхонадир. Айниқса, энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида “Шаҳидлар хотираси” хиёбони янада гавжумлашади. Бу ерга сайру-зиёрат мақсадида келган киши тарихий хотира туйғусини, эзгулик ва адолатнинг боқийлигини, ҳуррият ҳамда озодлик неъматининг қадрини янада чуқур ҳис этади. Бугунги тинч, осойишта кунларга, инсон қадр-қиммати улуғланадиган буюк ва муқаддас юртда яшаётганига шукроналар келтиради.

Ватандошларимиз хотирасини ёдга олиш руҳимизни поклайди, ўтмишдан сабоқ чиқариб, бугунги ёруғ кунларимизнинг қадрига етиб яшашга, мустақиллигимизни мустаҳкамлашдек шарафли масъулиятни англашга ундайди. Майдон узра қад ростлаган “Қатағон қурбонлари хотираси музейи”да ҳам ўн тўққизинчи асрнинг охирлари ва то истиқлолгача бўлган тарихнинг номаълум бўлиб келган ҳақиқатларини ўрганиш, кўриш, билиш мумкин. Президентимизнинг 2008 йил 5 майдаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши музейга келиб-кетувчиларнинг маълумотларни тўлиқ ва мукаммал олишлари учун қатор имконият ва қулайликлар яратилишига замин ҳозирлади.

Музей дастлаб гумбаз, экспонат зали, бино айвонини кўтариб туриш учун 28 та устундан иборат бўлган. Юртбошимизнинг 2008 йил 5 майдаги қароридан сўнг эса бинони кенгайтириш бўйича қўшимча ишлар амалга оширилди. Битта гумбаз қўшилди. Экспозиция зали иккитага кўпайди. Заллар шарқ ҳунармандчилик анъаналарига монанд безатилди. Айвон билан ўралди. 5 метрли 48 та устун музейга ўзгача маҳобат ва чирой бахш этди. Музейга сайрга келган одам компьютер технологияларидан, мультимедиа маълумот базаларидан, аудио-материаллардан кенг фойдаланиш имконига эга бўлди. Залларда ҳар бир бўлим учун мультимедиали маълумотлар базаси жойлаштирилган махсус сенсорли киосклар ва ҳужжатли фильмлар ёзилган видеомониторлар ўрнатилди.

Бир сўз билан айтганда, Мустақиллик байрами арафасида эришилган ютуқ ва юксак марраларни нишонлаш, бугунги кунимизга шукроналар айтиш анъанаси бардавом экан, Ватан озодлиги учун курашган ҳамюртларимиз ёди ва жасорати ҳамиша қалбларда эъзоз топаверади.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

“Sog’lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: