ОЗОД ВАТАН БЕРГАН БАХТ

Шуҳратбек – Мустақиллик фарзанди

Олти маротаба Ҳаж сафарига борган онанинг шукронаси

Жаҳонгашта бувижон

65 ёшида автоулов бошқаришни ўрганган аёл шижоати

Бастакор Шуҳратжон Зокиров – мустақил Ўзбекистон фарзанди. Ўзбекистонни жаҳон тан олиб, юрт байроғи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси пештоқида ҳилпираган кезларида у мактабга чиқди. Мамлакатимизда соғлом авлод тарбияси умумхалқ ҳаракатига айланиб, фарзандларга кенг имкониятлар яратилган бир пайтда таълим-тарбия олгани унинг бахти бўлди. Тўрт ёшидан Шермат Ёрматов раҳбарлигидаги “Булбулча” болалар дастасига қатнашди. Пойтахтимиздаги Успенский номидаги мусиқа мактабида пионино ихтисослиги бўйича таълим олди.

Болалигидаёқ юртимизда ва хорижда ўтказилган болалар ва ўсмирларнинг мусиқа танловларида қатнашиб бир неча марта ғолиб бўлди. Белорус Республикаси, Россия Федерацияси, Германия каби давлатларни кезиб, истеъдоди билан хорижликларнинг дилидан жой олди. Ўзбекистон номини мурғак қалби билан чет элликларга намоён қилди. Ўзи ҳам эл-юрт таниди. Институтнинг намунали талабаси сифатида устозларининг назарига тушди. Ўзбекистон Давлат консерваториясига ўқишга кирган йили профессор Бернарьд Рингайзиндан таълим олиш учун Германияга йўлланма беришди. Булар бари унга катта маҳорат мактаби бўлди.

Бугунги кунда бастакор сифатида халқимизга манзур кўплаб мусиқий асарлар яратмоқда. У басталаган куй ва қўшиқлар санъаткорлар томонидан Наврўз, Мустақиллик байрамлари ва бошқа тантаналарда эл эъзозидаги санъаткорлар томонидан жаранг­ламоқда.

Шуҳратбек 2010 йилда республикамизда ёш ижодкорлар орасида ўтказилган танловда “Йилнинг энг яхши бастакори” ва “Энг яхши мусиқа сайқалчиси” номига сазовор бўлди. Бу йил эса эстрада санъатига қўшган ҳиссаси учун Диплом билан тақдирланди. Шунингдек, Москвада бўлиб ўтган халқаро танловда Дилмурод Мусоқовнинг “Геолог” фильми эътиборга тушди. Фильм­нинг мусиқасини эса Шуҳратжон басталаганди.

Раҳима опа билан Рихсивой аканинг кенжа фарзанди Шуҳратбекка санъатга бўлган қизиқиш ота меросдир. Онаси Раҳима Зокировадан эса кенжатойга қатъиятлилик ва фидойилик каби фазилатлар ўтган.

Рихсивой Зокиров Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театрида ишлаган ва айни кунда нафақада бўлса-да, кўзи ожизлар мактаб-интернатида мусиқадан дарс беради. Ҳозирда кексалик гаштини сураётган Раҳима опа эса эллик йил тиббиёт соҳасида ўрта тиббиёт ходими бўлиб ишлади. Опа дипломини олгач, уйининг ёнидаги кўзи ожизлар мактаб-интернатига ишга тушди. Уч фарзанди кетма-кет дунёга келди. Катта фарзанди мактабга чиқадиган бўлгач, уни Успенс­кий номидаги мусиқа мактабига берди-да, ишини ҳам ушбу мактабга яқин жойдаги, поликлиникага кўчирди. Чунки, ёш она тез-тез мактабга бориб турар, болаларининг дарсида мунтазам қатнашарди. Фарзандлари таълим масканида олган сабоқларни уйда такрорлаётган пайтида уни кузатиб туриши учун ўзи ҳам санъат олами билан тиллаша олиши керак эди: “Бу соҳада озми кўпми тушунчам, билимим бўлиши учун тез-тез дарс­ларида, машғулотларида қатнашардим”, дейди Раҳима опа.

Яна ўқинг:  МУКОФОТ МЕНГА МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАЙДИ,

Бугунги кунда учала фарзанди ҳам санъат оламига ошно, мусиқа асбобларида куй ижро этиб, қўшиқ айта олади. Бироқ, бари ҳам санъат йўлини танламади. Катта ўғли Собитжон институтни тугатиб, ҳарбийлик касбини танлади. Қизи эса шарқшунос бўлиб етишди: “Мен уларнинг интилишларини табиий қабул қилдим. Зеро, уларнинг ҳаммаси санъаткор бўлади, деб ўйламас эдим. Умидим, қалбида эзгулик уйғотиш, дилида ҳамиша мусиқа оҳанглари кезиб юрган гўзал инсон бўлиб вояга етказиш эди. Юртимиз мустақилликка эришгач болалар таълим-тарбияси ва уларнинг иқтидорини юза чиқариш борасида катта имкониятлар яратилди. Юрт фарзандлари дунё миқёсидаги фан олимпиадаларида, спорт мусобақаларида, мусиқа танловларида фаол қатнаша бошлади. Мен ҳам болаларимнинг ана шундай танловларда иштирок этишини истардим. Бу албатта, уларнинг дунёқараши юксалишига муносиб хизмат қилди”, дейди болаларини алқаб Раҳима опа.

Раҳима опа қайнона-қайнотасининг суюкли келини бўлиб уларнинг хизматини қилди. Ана шу кезларда ҳам ишдан, уй юмушларидан ортиб фарзандлар тарбиясига эътибор қаратди: “Болаларим ёшлигида ҳамиша икки қўлимда сўмка, елкамда рюкзак бўларди. Дарсга, турли хил тўгаракларга қатнардик. Ўзимга телевизор кўришни таъқиқлаб қўйган эдим. Фарзанд тарбиясидан диққатим бўлинишини, хаёлларимни чалғитишни истамасдим”, – дейди у.

Фарзандларнинг ютуқлари онанинг кучига куч қўшар эди. У йигирма беш йил Тиббиёт санитария бирлашмасининг марказий поликлиникасида фаолият юритди. У ерга ишга фақат катта тажрибага эга кишиларни таклиф қилишарди. Тиббиёт масканида ишлаб юрганида Маккага Умра зиёратига борувчилар учун врач-ҳамшира қилиб жўнатишди: “Ўшанда эллик ёшда эдим. Бу мени она шаҳрим – Тошкентдан, оиламдан, фарзандларимдан биринчи марта узоқлашишим эди. Болаларимни ташлаб кетишга кўзим қиймас, бироқ катта масъулиятни ҳам ҳис қилиб турардим, ундай жойга ҳаммани ҳам таклиф қилавермасди. Кетма-кет икки йил Умра зиёратига борувчиларнинг ва кетма-кет тўрт йил Ҳаж зиёратига борувчиларнинг соғликларини назорат қилиб бориш мақсадида жўнатишди. Кечаси билан ухламасдан юртдошларимнинг соғлигини муҳофаза қиламан ва кундузи улар билан бирга юриб зиёратни амалга ошираман. Автобусда йўлда ухлаб олардим. Одамларнинг оғирини енгил қилиш, югур-югурлар мени ҳоритмасди, аксинча куч бағишларди”, дейди Ҳожи она.

Бизни уйга таклиф қилганида, аввало ўғлининг ижодхонаси томон бошлади. Ҳовлидан ертўлага тушилади. У худди студиядек безатилган. Қўшиқ айтадиган, овоз ёзиб оладиган, хуллас бир бастакорга нимаки керак бўлса, барчаси муҳайё. Катта студияга киришдан олдин йўлакдаги мўъжазгина кўргазма билан танишиб ўтасиз. Унда Шуҳратбекка насиб этган Фахрий ёрлиқлар, сертификатлар, халқаро танловда олган дип­ломлари акс этган. Улар билан танишиш учун анча вақт сарфлайсиз. Мақолада санаб чиқиш ундан-да мушкул… Миллий байрамларимиз Мустақиллик ва Наврўз тантаналарида иштироки учун берилган ташаккурномалар ҳам у ердан ўрин олган.

Яна ўқинг:  Нафис ҳаракатлар жозибаси

Меҳмонхона йўлагидаги тўрт девор фотосуратга тўла бўлиб, гўё мўъжазгина кўргазмани эслатарди: “Бу фотосуратлар қизим Феруза Қодированинг меҳнатлари, ҳар таътил мавсумида мени ҳам чорлаб ва оиласи билан хориждаги гўзал масканлардан бирида дам олади. Мени суратга олишни хуш кўради… бу сурат биринчи марта денгизга борган пайтим, неварамга қараб сузишни ўрганяпман. Биринчи марта 55 ёшимда денгизни кўрганман, Ўрта Ер денгизида ўн кун ичида сузишни ўрганганман. Бизни қизим суратга олганини ҳам сезмаганман”, дейди завқ-шавқ билан Раҳима опа.

Яна бир суратда сувга шўнғиб, балиқлар билан бирга сув парисидек сузиб кетяпти. Яна бир гуруҳ фотоларда Париж манзаралари акс этган бўлса, бирида Миср эҳромлари, бирида Волга дарёсининг хушманзара қирғоқлари ифодаланган эди. Италия ва Испаниянинг тарихий қадамжолари акс этган суратлар ҳам ўзига хос олинган. Яна бирида эса Берлин кўчаларида Раҳима опа машина бошқармоқда. У болалари билан бирга ўқиб ҳайдовчилик ҳуқуқини олган бўлса-да, 65 ёшида машина бошқарди.

Халқимизда “охири бахайр бўлсин”, “сўнг­гидан суюнтирсин”, деган тилак-дуолар бор. Раҳима опа меҳнатлари мевасини ярим аср умргузаронликдан сўнг татиб кўрди.

Опа ёш болага ўхшаб ҳайратланиб ва ҳайратлар ичида яшашни хуш кўради. Шунинг учун ҳам у етмиш ёшни қаршилаб турган бўлса-да, бардам ва тетик: “Тўғри, ҳайрат билан яшаш, мудом саъй-ҳаракатда бўлиш, интилиш кишини яшартиради, бироқ бу ерда бошқа нарса ҳам бор – ёшларга хос ғайрат-шижоат мавжудлиги, ҳайратланиб яшашим – мустақил Ватанимиз шарофати! Агар Ўзбекистон мустақил бўлмаганида мен Умра ва Ҳаж зиёратига бора олармидим?! Фарзандларим ҳам илм олиб дунё кезармиди?! Невараларим бағрида обод юртда, тинч ва барқарор мамлакатда тўкин ва бахтиёр яшармидим?!.”

Дарҳақиқат, Раҳима опа бугун жаҳонгашта бувижон. Ўзининг таъбири билан айтганидек, Ватан берган бахтдан масрур, шодумон ҳаёт кечираётир. Икки қўли эса ҳамиша дуода: “Жонажон Ўзбекистонимизга кўз тегмасин!”.

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: