ОНА ВАТАННИ КУЙЛАМОҚ БАХТИ

Ёқимли қўшиқ оғушида ўз ҳолича хиргойи этаётган болага эътибор берганмисиз? Унинг кўзларидаги бахтиёрлик, мамнунлик, оҳанг завқидаги сеҳрни ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмайди. Ҳа, бу санъатнинг кучи-қудрати. Қолаверса, биргина шу ҳаракат орқали оиладаги аҳиллик, кишилар орасидаги тотувлик, хотиржамлик, юртимиздаги тинчлик-осо­йишталикнинг баҳосини билиш мумкин. Истиқлол йилларида халқимиз қўлга киритган бебаҳо неъматлардан бири ҳам, аслида, дунёқараши кенг, илмли, салоҳиятли, энг муҳими, соғлом фарзанд­ларни вояга етказиш бахтидир.

Қарийб йигирма тўрт йиллик давр мобайнида юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилдики, бунинг маҳсули сифатида Ўзбекистон фарзандлари халқаро майдонларда фан, санъат, маданият ва спорт соҳасида улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Албатта, шу каби муваффақиятларга эришишда Президентимиз ташаб­буси билан амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати асосий омил бўлаётир.

Биргина ўтган йилнинг ўзида 122 нафар иқтидорли ўқувчи Россия Федерацияси, Италия, Франция, Руминия, Чехия, Беларусь, Болгария, Қозоғистон, Латвия, Азербайжон, Сербия каби давлатларда бўлиб ўтган турли хил халқаро мусиқа фес­тивалларида иштирок этиб I, II, III ўринларни қўлга киритди. Улар орасида 8 нафари танловнинг олий ўрини гран-при билан тақдирланган. Жорий йилнинг ҳозирги давригача эса бу кўрсатгич 95 нафарни ташкил қилмоқда.

Ҳа, айни пайтда юртимизда фаолият юритаётган 278 та болалар мусиқа ва санъат мактабларида 52 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Уларнинг орасидан халқаро ва республика миқёсида ўз иқтидорини намо­йиш этиб, диплом ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланаётганлар сони кун сайин ортмоқда. Биргина Тошкент шаҳридаги 21-болалар мусиқа ва санъат мактабида яратилган шарт-шароитлар фикримизнинг тасдиғидир. Муассаса Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 2012 йилги манзилли дастури асосида капитал таъмирдан чиқарилди, барча керакли жиҳозлар билан таъминланди. Мактабда бугунги кунда 57 нафар малакали мусиқачи-педагог иш олиб бормоқда. Улардан 42 нафари олий, 15 нафари эса ўрта махсус маълумотга эга. Мусиқа ва санъат мактаби 9 та йўналиш бўйича фаолият кўрсатади. Улардан 6 таси мусиқа ва 3 таси санъат йўналишидир.

– Президентимизнинг “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009–2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори соҳадаги барча ютуқларнинг амалий ифодаси бўлди, – дейди муассаса раҳбари, “Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси” Ҳакима Набиева. – Биласизми, ушбу қарорнинг қабул қилиниши фақат имконияти эмас, иқтидори бор ҳар бир боланинг мусиқа ва санъат сирларини ўрганишига қулайлик яратди. Бу, албатта, ҳар бир бола тақдири Ватан тақдири билан бир эканини англатмайдими?! Бу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бераётир. Бугун ҳар бир мусиқа ва санъат мактабида жонажон Ўзбекистонимизнинг ягона ва бетакрорлигини тараннум этадиган болалар етишиб чиқяпти.

Яна ўқинг:  ҚАРШИ – ТОШКЕНТ: УЧ СОАТЛИК ЙЎЛ

Дарҳақиқат, шу йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган Италиянинг Барлет шаҳрида ўтказилган халқаро кўрик танловда муассасанинг иқтидорли ёшларидан Давид Турсуматов саксофон ижроси йўналишида биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, Азиза Каримова фортепиано йўналишида учинчи ўринни эгаллади. Қолаверса, бу икки ижрочи ансамбль ижрочилиги йўналишида ҳам иштирок этиб, биринчи ўрин билан тақдирланди. Шунингдек, мазкур мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари республика танловларида ҳам муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Хусусан, 5-синф ўқувчиси Таймаз Мамедов 2014 йил “Камалак юлдузлари” фес­тивалида саксофон чолғуси бўйича қатнашиб, биринчи ўрин соҳиби бўлди. Тасвирий санъат бўлими 3-синф ўқувчиси Отабек Абдураҳмонов эса республика босқичида ўз иқтидорини намойиш қилиб, сертификатни қўлга киритди. “Мардлар қўриқлайди – Ватанни” республика кўрик танловида 5-синф ўқувчиси Жаҳонгир Баширов академик хонандалик йўналишида биринчи ўринга лойиқ кўрилиб, гран-при билан тақдирланди.

– Ўзбек ёшларига фақат ғолиб­лик ярашади, – дейди Муҳиддин Қори-Ёқубов номидаги республика кўрик-танлови ғолиби, мактаб битирувчиси Маъмуржон Олимов. – Устозларимиз шундай ўргатишган. Албатта, муваффақият қозониш учун киши ўз устида тинимсиз изланиши лозим. Ўқитувчиларим эса бу борада мени қўллаб-қувватлашмоқда. Улар бор билим ва тажрибасини ўргатишдан толмайди. Қўлга киритган ютуқларим замирида устозларимнинг ҳиссаси борлигини алоҳида айтмоқчиман. Қолаверса, давлатимиз томонидан биз ёшларга улкан имкониятлар яратиб бериляпти. Ушбу эътиборнинг қадрига етиш, жонажон Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиш эса асосий мақсадимиз. Келажакда яна ҳам катта ютуқларни қўлга киритиб, юртимиз довруғини дунёга тараннум этишда давом этаверамиз.

Ушбу мактабда тахсил олган йигит-қизлар олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини қийинчиликларсиз топширадилар. Бунда мактабни, у ердаги устозларнинг меҳнатлари катта.

Дарҳақиқат, болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг сонини ошириш, сифатини яхшилашга катта эътибор берилмоқда. Махсус дастур асосида беш йилдан буён соҳада улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Биз биргина болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолияти билан танишдик. Юртимиздаги 280 га яқин шундай муассасада таҳсил олаётган болаларнинг имкониятини бир чамалаб кўринг. Истиқлол берган имкониятлар ҳақида фикр-мулоҳаза қилиб, тилингиз шукроналикдан чарчамайди.

Чарос ХУШВАҚТОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: