БУГУННИНГ ЁШЛАРИ: ИЛҒОР ВА ТАДБИРКОР

Бугун Андижон вилоятида 12 та академик лицей ва 117 та касб-ҳунар коллежлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, бу ерда жами 157 438 нафар ўқувчи турли мутахассислик ҳамда ихтисослик бўйича таҳсил олмоқдалар. 2012 йил маҳаллий бюджет ҳисобидан вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ихтисослиги бўйича ўқув жараёнида қўлланиладиган, таълим соҳасида зарур бўладиган лаборатория, спорт анжомлари, чилангарлик ускуналари, тикув машиналари билан таъминлангани таълим самарадорлигига эришишда муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек, 2012-2013 ўқув йилида ушбу хайрли ишларни давом эттириб, 13 та касб-ҳунар коллежининг компьютер синфларига зарурий жиҳозлар, компьютер техникалари, спорт анжомлари ва тиббиёт соҳасида керакли асбоб-ускуналарни олиб келиш режалаштирилмоқда.

Тан олиб айтиш лозимки, таълимнинг ўрта махсус босқичи бир мунча мураккаб бўлиб, ўқувчилар билан ишлашда ўқитувчилардан катта масъулият ва тажрибани талаб этади. Зеро, бу даврда ўқувчилар руҳиятида турли ўзгаришлар содир бўлади.

Шу мақсадда вилоят ёшларининг чуқур билим олишлари, уларни миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизга ҳурмат руҳида камол топиши ва “оммавий маданият” ниқоби остидаги мафкуравий хуружларга ўзининг шахсий иммунитетини шакллантириш мақсадида бир қанча тадбир ва танловлар ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, барча таълим муассасаларида ички ишлар бошқармаси, миллий хавфсизлик хизмати, соғлиқни сақлаш ходимлари ва “Камолот” ЁИҲ вакиллари билан ҳамкорликда ўқувчи-ёшлар билан “Чекмасдан ёшлик завқини сур”, “ХХI аср ёшлари гиёҳвандликка қарши”, “Ёшлар соғлом турмуш тарзи тарафдори” каби мавзуларда турли учрашувлар, тадбир ва танловлар ўтказилди. Барча касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!”, “Ўзинг танла”!”, “Мен танлаган йўл” мавзуларида ўтказилган расмлар танловида 1231 нафар ўқувчи ўзларининг 3000дан зиёд ижодий ишлари билан иштирок этдилар. Мазкур тадбирда ўқувчилар ўзларининг ижодий ишлари, турли расмлари, бадиий чиқишлари орқали тенгдошларига оғусиз дунё сари қадам қўйишда ёшларнинг вазифаси ва бурчлари нималардан иборат эканлиги ҳақида маълумотлар беришди. Шунингдек, ёшлар орасида юртимизда қонунчилик соҳасида олиб борилаётган кенг ислоҳотларни тарғиб этиш мақсадида “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги меёрий ҳужжатлар ва қонунлар тўплами” слайдлари намойиш этилиб, ёшлар ҳуқуқ соҳасида ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

Республика ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари ўртасида ўтказилаётган тадбир ва танловларда ҳам андижонлик ёшлар фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Жумладан, “Ёш чегарачилар” республика танловида Хўжаобод педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт коллежининг “Ватанпарвар” жамоаси фахрли иккинчи ўринни эгалладилар. Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Барҳаёт анъаналар” кўрик-танловида Андижон туман педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт коллежининг “Ниҳол” жамоаси “Яхши аския” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди. “Ягонасан, муқаддас Ватан!” қўшиқлар танловида эса Андижон санъат коллежининг 2-босқич ўқувчиси Бекзод Позилов “Ўзбекистон” қўшиғи билан танловнинг республика босқичида 2-ўринга лойиқ деб топилди. “Ўзбекистон” телерадиокомпанияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Ўйла, изла, топ” телеўйинида Жалақудуқ педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт коллежининг “Жалақудуқ” жамоаси республикада фахрли биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, жорий йилнинг бошларида ёшларни миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Жиззах шаҳрида ўтказилган “Шунқорлар” ҳарбий спорт мусобақаларида Олтинкўл иқтисодиёт коллежининг “Олтинкўл лочинлари” республика жамоалари ўртасида фахрли 3-ўринга муносиб деб топилдилар. Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Сиз қонунни биласизми?” республика танловида эса Булоқбоши педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт коллежининг “Фемиза” жамоаси иккинчи ўринни эгаллади.

Яна ўқинг:  Ҳинд сори юзланиб

Ёшларнинг таълим олишларига барча шароитларни яратиб бериш муҳим вазифа бўлса, битирувчи ёшларни иш билан таъминлаш эса галдаги жиддий мақсад ҳисобланади. 2011-2012 ўқув йилида вилоятдаги 117 та коллежни жами 47 минг 25 нафар ўқувчи тамомлади. Уларни эгаллаётган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш учун ташкилот, корхона ва муассасалар билан уч томонлама шартномалар тузилиб, битирувчилар 87,5 фоизи иш билан таъминланди. 694 нафар битирувчилар ўқишни олий таълим муассасаларида давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва олий ўқув юртлари битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузиш ва бунда кичик корхоналар ва микрофирмалар учун имтиёзларнинг сақланиб қолиниши ўз самарасини бермоқда. Вилоят марказий банки, тижорат банклари, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, Адлия бошқармаси, “Камолот” ЁИҲ вилоят бўлими, Савдо-саноат палатаси ва яна бир қатор тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тадбиркор бўлиш истагини билдирган ёшларга иш юритишни ташкил этиш, бизнес режалар тузиш, белгиланган тартибда давлат идораларидан рўйхатдан ўтишда уларга енгилликлар яратиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, тадбиркорлик фаолиятида учраган муаммоларни бартараф этиш борасида амалий ёрдамлар берилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган битирувчиларга “Тадбиркорлик – фаровон ҳаёт сари” мавзусида малакали тадбиркорлар билан туман ва шаҳарларда ёш тадбиркорлар иштирокида давра суҳбатлари ўтказилиб, ёшларга керакли амалий тавсиялар берилмоқда.

2011-2012 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини тамомлаган битирувчилардан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирган йигит-қизларга тижорат банклари томонидан 3 миллиарддан зиёд имтиёзли микрокредитлар ажратилди. Имтиёзли кредит олган 920 нафар тадбиркорларнинг 299 нафари 2012 йил битирувчилар бўлиб, уларга 1 миллиард 146 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари берилди. Асака автомобил саноати касб-ҳунар коллежи битирувчиси Турсунхўжа Абдуллаев 2011 ўқув йилида “Менинг бизнес ғоям” танловининг ғолиби сифатида банкдан 2,1 миллион сўм кредит олиб, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш бўйича фаолиятини бошлаб, 3 та иш ўринини яратди. Ё. Ғанижонова ҳам Асака маиший хизмат ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежини имтиёзли тамомлаб, “Менинг бизнес ғоям” республика танловининг ғолиби сифатида банкдан 6,4 миллион кредит олиб, болалар трикотаж кийимларини ишлаб чиқариш “Бернино-люкс фаворит” хусусий фирмаси фаолиятини йўлга қўйди.

Яна ўқинг:  СОҒЛИК, ТИНЧЛИК, ОБОДЛИК

Нозимжон ТЎХТАБОЕВ,

Андижон вилоят Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи,

Фахриддин НУРМУҲАММЕДОВ,

журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: