ОНАЛИК САОДАТИ – ОЛИЙ ШАРАФ

24 йиллик тарих, истиқлол даври. Мазкур давр мобайнида халқимиз улкан ютуқларни қўлга киритди. Бунинг асосий сабаби эса мамлакатимизда фуқароларнинг турмуш тарзини юксалтириш ва яшаш шароитини яхшилашга қаратилаётган кенг миқёсли ишларнинг йўлга қўйилганидир. Биргина кишилар соғлиғини таъминлаш, она ва бола саломатлигини асраш борасидаги ислоҳотларнинг чек-чегараси йўқ. Фикримизнинг исботи сифатида истиқлол йилларида оналар ва болалар ўлимининг кескин камайганини айтиш мумкин.

Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдир. Бу йўналишдаги эзгу ишлар “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастурининг муҳим йўналиши бўлиб, унинг ижроси доирасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ва туманларда барча нуроний отахон ва онахонлар малакали шифокорлар иштирокида тиббий кўрикдан ўтказилаётир. Олдинлари беморга биргина ташхис қўйиш учун ҳафталаб вақт кетган бўлса, ҳозир она қорнидаги ҳомиланинг ҳам касали аниқланиб, уни даволаш имкони мавжуд бўлди. Бу албатта, болажон халқимизнинг хотиржам ҳаёт кечириши учун замин ҳозирлайди.

Дарҳақиқат, чақалоқ йиғиси эшитилган гўшада бахт ва шодлик, файз ва нур кириб келади. Оналик бахтидан масрур қалбда яшашга, оилага ва умр йўлдошига нисбатан меҳр-муҳаббат ришталари мус­таҳкамланади. Гўдак кулгуси ва шодликлари уфурган хонадон аҳлининг қувончига-қувонч қўшилади.

Агар бунинг акси бўлса-чи? Аммо ҳар қандай дарднинг давоси бўлганидек, бепуштликни ҳам бартараф этса бўлади. Мустақиллик йилларида бу хасталикнинг ҳам кўплаб сабаб ва омиллари ўрганилди ва бартараф этиб келинмоқда. Тиббиёт муассасаларининг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланиши, кўплаб хусусий клиникаларнинг самарали фаолият юритаётгани ҳам бу борада дастуриламал бўлаётир.

Юртбошимиз “Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш дегани” дея таъкидлаган сўзлари тизимдаги устувор йўналишни белгилаб берди.

Кўп йиллик тажрибалари давомида минглаб хотин-қизларга оналик бахтини бахшида этиб келаётган шаҳрисабзлик “Соғлиқни сақлаш аълочиси”, олий тоифали акушер-гинеколог Сайфулла Исломов фаолияти фикримиз тасдиғидир.

Бугунги кунда Қашқадарё вилоят Шаҳрисабз туманида оналар саломатлигини муҳофаза қилиш, аёлга оналик бахтини инъом этиш, соғлом фарзанднинг дунёга келиши йўлида эзгу фаолият кўрсатиб келаётган Ибн Сино номидаги хусусий клиникаси ана шундай тиббий муассасалардан ҳисобланади.

Яна ўқинг:  БОЛАЛАР ХОРИЖДА ДАВОЛАНАДИ

Сайфулла Исломов мактаб давр­ларидаёқ шифокорлик касбига меҳр қўйди, оқ халатли ҳалоскорларга ҳавас билан боқди. Унинг самимий орзулари шу касбни эгаллашга руҳлантирди. Тиббиёт академиясини (Собиқ Тошкент тиббиёт институти) тугаллагач. У Шаҳрисабз тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимида илк фаолиятини бошлади. У тиришқоқ ва изланувчанлиги, иқтидорлилиги билан жамоада ўз ўрни ва мавқеига эга бўлди. Тажрибали гинеколог кўп йиллар бўлим мудири ва 28 йил туман бош гинекологи лавозимида фаолият кўрсатди.

– Истиқлол йилларида тиббиёт соҳасида сервис хизматининг йўлга қўйилиши 1999 йилда хусусий Ибн-Сино номидаги клиникани очишимга туртки бўлди. Гинекологик касалликлари бор хотин-қизларни соғломлаштириш, бепуштликни даволаш, фарзандсиз аёлларга оналик бахтини инъом этиш йўлида малакали тиббий хизмат кўрсатиб келаётган клиникамизда бугунги кунда 24 нафар шифокор-мутахассис ва ҳамширалар фаолият юритяпти. Даволаниш учун кенг ва ёруғ, барча шарт-шароитларга эга хоналаримиз бор. Муассаса замон талаблари даражасидаги тиббий жиҳоз ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Эътиборлиси, Устоз-шогирд анъаналарига амал қилган ҳолда бу шарафли касбни давом эттириб кел­япмиз. Айни пайт­да, тўнғич фарзандим, гинеколог Асқар Исломов клиниканинг бош шифокори. Умр йўлдошим Назира Рустамова физиотерапевт, қизим Наргиза Исломова доялик касбини эгаллаган, – дейди клиника директори Сайфулла Исломов.

Ҳа, оилавий шифокорлар сулоласи бўлишга нима етсин. Бугунги кунда 3 қаватли бинодан ташкил топ­ган клиникадаги 2 та шифокорлар хонаси, 14 та шинам даволаниш хонаси, 2 та люкс хона, 2 та кўрув ва 2 та муолажа хонаси, 4 та стериллаш, 3 та физиотерапия хоналари, қабулхона, дам олиш, кийиниш, ювиниш каби кўплаб хоналар даволанувчиларнинг хизматида.

Ўтган йилда Ташқи иқтисодий фаолият “Миллий банк”дан олинган кредит асосида клиникада замонавий лаборатория ва гематологик текширувларнинг йўлга қўйилгани беморларга тўғри ва аниқ ташхис қўйишни таъминлаш билан бирга, ортиқча сарф-харажат ва оворагарчиликларга ҳам чек қўйди. Бунинг натижасида, қон ва пешоб таҳлиллари, шунингдек, иммунофермент, гармон, Торч инфекцияси ва Б,С гепатит кабиларни аниқлашга ҳам имкон яратилди.

Айни пайтда, тажрибали сулола раҳбарлигида фаолият кўрсатаётган гинеколог Шаҳло Темирова, лаборант Равшан Очилов, ҳамширалар Чарос Тўраева, Барно Олмосова, Севара Шерназарованинг хуш муомалаларидан нафақат туман аҳолиси, балки республикамизнинг бошқа вилоятларидан шифо топиб кетмоқдалар.

Яна ўқинг:  ИНХА УНИВЕРСИТЕТИДА ЯНГИ ФАКУЛЬТЕТ ОЧИЛДИ

– 10 йил фарзандсизликдан қийналдик. Шу клиникада даволанганимдан сўнг оналик бахтига муяссар бўлдим. Тажрибали гинекологлар Сайфулла ва Асқар Исломовларнинг малакали хизмати туфайли оиламизга қувонч кириб келди. Бунинг учун улардан бир умрга миннатдорман, – деб ёзган Яккабоғ туманида яшовчи Дилдора Суюнова.

Қайднома дафтарига билдирилган бундай миннатдорлик дастхатларининг эгалари фарзанд кўргач Сайфулла акадан оқ фотиҳа олиб кетадилар.

Ҳа, дунёда ҳар недан бебаҳо – саломатлик ҳаёт ва тириклик асосини ташкил этади. Демак соғлом оналардан соғлом фарзандлар туғилади. Соғлом фарзандлар эса бир кун келиб, вояга етгач шу она Ватаннинг таянчи ва фахрига айланадилар.

Зеро, миллатнинг келажаги, ғурури, шаъни ва шони бўлган келажак авлодларнинг соғлом туғилиши бизнинг бахтимиздир. Ана шундай эзгу йўлда шарафли касбини ардоқлаб меҳнат қилаётган фидойи шифокорлар омон бўлишсин!

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: