ҚАНОТ ЁЯЁТГАН ТАШАББУС

Эски Қовунчида Намунали тиббиёт хонаси ўз фаолиятини бошлади

Азалдан халқимизда ёши улуғ инсонларни қадрлаш, уларга мурувват кўрсатиш улуғ қад­рият ҳисобланади. Мустақиллик байрамининг 24 йиллиги арафасида Тошкент вилоятининг Янги йўл туманидаги Эски Қовунчи қиш­лоқ фуқаролар йиғини қошида намунали тиббиёт хонасининг очилиши ҳам ана шундай хайрли қадамлардан бири бўлди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида аҳоли, айниқса кексалар, аёллар саломатлигини асраш, ёшлар орасида соғлом оилани шакллантириш, тиббиёт ходимларининг аҳоли билан ишлашдаги масъулияти ва муносабат маданиятини юксалтириш, маҳалла аҳлига қулайликлар яратиш мақсадида ушбу “Намунали тиббиёт хонаси” ташкил этилди.

– Жорий йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланиши юртимизда, нуронийларга кўрсатилаётган юксак ҳурмат ва эҳтиромнинг бир кўринишидир. Энг улуғ, энг азиз айём арафасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан бизнинг Эски Қовунчи қишлоқ фуқаролар йиғини қошида “Намунали тиббиёт хонаси”нинг ташкил этилиши туманимиз аҳолиси томонидан хурсандчилик билан кутиб олинди. Ҳомий ташкилотлар кўмагида қаровсиз, ташландиқ хона таъмирдан чиқарилиб, тадбиркор Отабек Жиянбоев раҳбарлигидаги “Magnum mediko servis” МЧЖ томонидан замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Ўйлайманки, бундай тиббиёт хоналарининг маҳаллада ташкил этилиши нафақат қария, нуронийларни, балки барча ёшдаги аҳолини, хотин-қизлар, болаларнинг ҳам саломатлигини назорат қилиш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди Янгийўл туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Замира Алимова.

Ҳа, кексаларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш азалий қадриятларимиздан ҳисоб­ланади. Кўп йиллик меҳнати билан юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб, айни чоғда кексалик гаштини сураётганларга кўрсатилаётган алоҳида ҳурмат-эҳтиром давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида улар ҳаётига ўзгача маъно бағиш­ламоқда.

Эски Қовунчи қишлоғида умргузаронлик қилаётган етти нафар фарзанд, 20 нафар невараю эвараларнинг суюкли бобоси Қаҳҳорбек ота Усмонов эллик йил қишлоқ хўжалиги коллежида ёшларга таълим-тарбия берган. Бугунги кунда у кексалик гаштини сурмоқда. – Авваллари тиббий текширувлар учун уч чақирим узоқликда жойлашган тиббиёт хизмат кўрсатиш туман поликлиникасига борардик. Биз кексаларни ўйлаб, узоғимизни яқин қилиш мақсадида “Намунали тиббиёт хонаси”ни ташкил этган барча раҳбарларга, ҳомий ташкилотлар мутасаддиларига, хусусан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ходимларига барча ҳамқишлоқларимиз номидан миннатдорлик билдирамиз, дейди отахон биз билан суҳбатлашар экан.

Яна ўқинг:  Бардавом қадриятлар

Тиббиёт хоналари бирламчи тиббий-санитария ва профилактик ёрдам кўрсатишни, шунингдек, ўқувчиларнинг саломатлиги ва жисмоний ривожланиши, овқатланиш тартиби ва сифати, тиббий профилактика тадбирларини ва санитария-гигиена нормаларига риоя қилишни тарғиб этиш, ёшлар онгига тиббий маданиятни сингдириш мақсадида ташкил этилган. Тиббиёт хонасига бириктирилган шифокор ҳамда ҳамшираларнинг вазифаси ҳам шундан иборат. Шунингдек, маҳалла фаоллари ҳам ҳамширалар билан биргаликда ҳафтанинг ҳар бир кунида белгиланган режа бўйича хонадонларга чиқадилар. Улар мазкур Эски Қовунчи қишлоғида истиқомат қилаётган олти мингдан зиёд оила аъзолари саломатлиги, хонадонлардаги шахсий гигиена қоидаларига қандай амал қилинаётгани билан танишиб, уларни назорат қилиб боришади. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бундай тиббиёт хоналарини Республиканинг барча ҳудудларида ҳам ташкил этишни режалаштирган.

Бу каби ташаббуслар маҳалла аҳлига қулайлик яратиш билан бирга аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тиббий маданиятни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда Ўзбекистон Рес­публикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова иштирок этди.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: