АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИГА ҲАМИША КАМАРБАСТА

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Эндиликда энг чекка туманлар аҳолиси ҳам малакали тиббий хизмат турларидан баҳраманд бўлмоқда. Ана шундай хайрли ишларнинг бардавомлигини бугун юртимизнинг қай бир гўшасига назар солманг албатта гувоҳи бўласиз. Чунки, эл соғлиғини асраган юртнинг келажаги порлоқдир.

Бугун мевали ва манзарали дарахтларнинг соя-салқини, қийғос очилган гулларнинг хушбўй ифори дилга хуш ёқиб, аста одимлаб бораётган йўлакчамиз бизни Самарқанд шаҳар Тиббиёт бирлашмаси сари бошлайди. Тиббиёт бирлашмаси биносига кирар эканмиз даволаш хоналарида энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар эътиборимизни тортди. Энг аввало, “Она ва бола саломатлиги” борасида олиб борилаётган тиббий муолажаларнинг рисоладагидек ташкил этилганини кўриб дилимиз равшан тортди. Қаердаки иш тўғри ташкил этилиб, раҳбар изланувчан бўлиши билан биргаликда жамоага кераклича ғамхўрлик кўрсатилса шу ерга қут-барака инади. Буни бирлашма шифокор ва ҳамшираларининг иш фаолиятини кузата туриб яна бир бор амин бўлдик.

– Айни кунда Самарқанд шаҳар Тиббиёт бирлашмасида 1 минг 380 нафарга яқин малакали шифокорлар ҳамда ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари меҳнат қилмоқда, – дейди мазкур бирлашма бошлиғи ўринбосари, олий тоифали шифокор Санжар Хушвақтов. – Бизнинг вазифамиз аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат сифатини янада юксалтиришдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 18 февралда қабул қилинган “Кексаларни эъзоз­лаш йили” давлат дастури тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш юзасидан кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган вақт давомида 561 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари Самарқанд тиббиёт институти профессор ва доцентлари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, 270 нафарга яқин кексалар амбулатор, шифохона ва уй шароитида соғломлаштирилди. Биргина бу эмас шаҳардаги “Саховат” уйида яшаётган 140 нафарга яқин қариялар йилига икки маротаба тиббий кўрикдан ўтказилиш режалаштирилган бўлиб, аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштириш тадбирларига йўналтирилиши кўзда тутилган.

Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида шаҳар марказий шифохонаси бўлимларида 720 нафарга яқин Иккинчи жаҳон уруши қатнаш­чилари, меҳнат фахрийлари, ёлғиз қариялар, I ва II гуруҳ ногиронларига малакали тиббий хизмат кўрсатилди. Аниқланган хасталиклар бўйича соғломлаштириш ишлари амалга оширилди. Ўтган давр мобайнида “Товоқсой”, “Олтиариқ”, “Нуроний” сиҳатгоҳларида икки юз нафарга яқин кексаларнинг соғлиғи тикланди. Ўтказилган тиббий кўрик­лар давомида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди минтақавий филиали томонидан 89 миллион сўмдан зиёд дори-дармон тарқатилди.

Яна ўқинг:  ЭР ЙИГИТ – ЮРТ ПОСБОНИ

Тиббиёт ходимларининг мунтазам равишда аҳоли ўртасида, мактаб­лар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув даргоҳларида бўлиб турли касалликлар, уларнинг олдини олиш борасидаги суҳбатлар, тарғибот-ташвиқот ишлари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида хайрли қадам бўлмоқда. Шунингдек, “Юқумли касалликлар ва уларнинг олдини олиш”, “Биз гиёҳвандликка қаршимиз”, “Эрта ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш” борасидаги кўргазмали воситалар, видеоролик­лар намойиши ёшларни ҳушёрликка чақириб, уларни ўз саломатликларига янада эътиборли бўлишга чақиради.

Шаҳардаги 11 та оилавий полик­линика, тери-таносил касалликлари диспансери, Силга қарши курашиш диспансери, 2 та стоматология поликлиникаси, 1-сон шаҳар шифохонаси, 1-,2-,3-сон туғруқ мажмуалари ҳамда Самарқанд шаҳар Кўп тармоқли поликлиникаларини ўз тасарруфга олган мазкур Тиббиёт бирлашмаси эл саломатлиги борасида яна бир қатор ибратли ишларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу ерда меҳнат қилаётган қўли енгил шифокорлар ва ҳамшираларнинг ширинсўзлиги, ўз вазифасига сидқидилдан ёндошиб беморларга ўз вақтида малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Айниқса, оналар ва болалар саломатлиги борасида кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳа, истиқлол буюк неъмат. Ҳурлик ва тинчлик бағрида қўлга киритилаётган ҳар бир ютуқ замирида ҳалол меҳнат мужассам. Биз эса ўз касбига сидқидилдан ёндошиб эл соғлиғига камрбаста бўлаётган Самарқанд шаҳар Тиббиёт бирлашмаси жамоасининг янада юксак марраларни кўзлаб меҳнат қилишида зафарлар тилаб хайрлашдик.

Зеро, мустақиллик шарофати ила жаннатмакон Ўзбекистон янада гуллаб-яшнамоқда. Унинг ҳар бир гўшаси бетакрор. Беихтиёр қалбингизнинг туб-тубидан “Бетакроримсан, ягонасан она Ватаним – Ўзбекистоним”, – деган фараҳбахш ўйлар кечади.

Ахтам БЕРДАНОВ,

Самарқанд вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: