БОЛАЛАР МАЙДОНЧАСИ – КИЧКИНТОЙЛАР ҚУВОНЧИ
Мамлакатимизда кўплаб кўнгилочар сайргоҳлар, спорт ва болалар майдончалари барпо этилмоқда. Юртимизда айниқса ёш авлод таълим-тарбиясига кенг эътибор қаратилмоқда. Улар учун қурилаётган таълим ва спорт мажмуалари фикримизнинг яққол далилидир. Бундай болалар майдончалари кичкинтойларимизнинг соғлом улғайиши, бўш вақти мазмунли ўтишини, ҳордиқ чиқариши ва уйи атрофидан йироқ кетмасдан катталарнинг кўз олдида бўлишини таъминлайди. Давлатимиз томонидан фарзандларимизга қувонч улашиш мақсадида ана шундай кўплаб шарт-шароитлар яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 декабрдаги “Болалар майдончаларини тиклаш ва ташкил этишнинг 2011-2015 йилларга мўлжалланган чор-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастурга биноан “Маҳалла” хайрия фонди Республика бошқарувининг 2011-2015 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси тузилди.
Ушбу дастурга асосан, шаҳар ва қишлоқларга мослашган 5 турдаги замонавий ва хавфсиз болалар ва спорт майдончаларининг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобидан барпо этилаётган майдончалар мўъжаз ўйингоҳ асосида қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барпо этилаётган болалар майдончаларига жой тайёрлаш, ҳудуд атрофини ўраш, ўйин жиҳозларини танлаш ишлари дастур талаблари асосида амалга оширилмоқда.
– Белгиланган дастур бўйича 2011-2015 йиллар давомида жами 1 минг 474 та болалар майдончаси намунали лойиҳалар асосида қурилди, ҳамда 2 минг 994 та майдончада таъмирлаш, жиҳозлаш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари ташкил этилди. Ушбу мақсадлар учун жами 9 млрд. сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Шундан “Маҳалла” фондининг 3млрд. 79 млн. сўмлик, ҳомийларнинг 5,1млрд. сўмдан зиёд, маҳаллий давлат бюджетидан ташқари молиявий маблағлар ҳисобидан 810 млн.сўмлик маблағлар, қолаверса 33 млн.сўмдан ортиқ маблағ фуқаролар йиғинлари томонидан ажратилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Республика бошқаруви бош мутахассиси Элмурод Қаршиев.
Ҳар бир маҳаллада ободонлаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Инсон ўзи яшайдиган юртини асраб-авайласа, ерининг ҳар бир қаричини тоза-озода бўлиб яшнаб туриши учун меҳнатини аямаса ўша ердан тинчлик, файз-барака аримайди. Фарзандларимиз, маҳаллалардаги майдончаларда қувноқ ва бахтиёр ҳолатда вақтларини мазмунли ўтказади. Айниқса, мустақил юртимизда болаларга эътибор, келажакка эътибор даражасида эъзозланади.
– Бизнинг маҳалламизда “Болалар майдончаси” қурилиши маҳалла фуқаролари томонидан катта қизиқиш ва мамнуният билан қабул қилинган, – дейди Чилонзор тумани “Навбаҳор”МФЙ раиси Алим Ҳайитбоев. – Болаларнинг қувончини айтмайсизми?! Ушбу майдончанинг ҳар томонлама чиройли ва қулайлиги, боланинг маънан ва жисмонан ривожланишига ёрдам беради.
Юртимиздаги ҳар бир маҳаллаларда бундай майдончаларнинг бўлиши, болаларнинг бир-бири билан иноқ бўлиб ўсишига ёрдам беради. Атроф-муҳитни тоза-озода сақланишига ота-оналар ҳам ўз ҳиссасини қўшади.
– Кичкинтойларимизнинг ушбу майдончада завқ билан ўйнашини кўриб хурсанд бўламан. Ўз тенгқурлари билан аҳил ва иноқлигидан севинаман, – дейди “Навбаҳор”маҳалласида истиқомат қилувчи Дилором Орзуқулова.
Болажонлар ушбу майдончада ўйнар эканлар уларнинг кўзларидаги қувончни яққол кўришимиз мумкин. У ердаги эртак қаҳрамонлари акс эттирилган ҳайкалчалар, ўйинчоқ машиналар болалик лаҳзаларининг мазмунли ўтишига хизмат қилади.
– Уйимиз олдидаги майдончада маза қилиб ўйнаймиз. Айниқса, “Сирпанчиқ” ўйин мосламаси менга жуда ёқади. Ўртоқларим билан “поезд-поезд” бўлиб унда бирга сирпанчиқ учамиз, – дейди 8 ёшли Дурбек Давлатов.
Юртимизда болаларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол бўлиб вояга етишлари учун барча имкониятлар яратилган. Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, уларни асраб-авайлаб келажак авлодга етказиш бизнинг бурчимиздир.
Чарос ХУШВАҚТОВА
“Sog‘lom avlod” мухбири