ЭҲТИРОМДАН ЁШАРАЁТГАН НУРОНИЙ

Ёз кунларида ишдан уйга қайтар эканман, манзилни автотранспортда эмас пиёда босиб ўтишни хуш кўраман. Ёзнинг кечки оромбахш нафаси кишига хуш ёқади. Кўчаларни тўлдириб қатнаётган турли русумдаги машиналар пойтахт йўлларини янада тароватли кўрсатади. Бирин-кетин порлаётган Тошкентнинг тунгги чироқлари қалбимизга янада ёруғ туйғуларни ҳамроҳ қилади.

Йўл-йўлакай борарканмиз, шаҳ­римизнинг ҳар бир кўча-кўйи, истироҳат боғлари, дам олиш майдончалари ёшу қари, шўх-шодон болажонлар билан гавжумлигини кўрамиз. Уларни кузата туриб юртимиздаги осудалик, тинчлик бевосита халқимизнинг турмуш тарзига, ўй-хаёлига кўчганлигининг гувоҳи бўламиз. Айрим мамлакатларда содир бўлаётган турли тўқнашувлар, сиёсий зиддиятлар авж олгани, қанчадан-қанча оилалар бошпанасиз қолаётгани дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган бир пайтда юртимиз хиёбонларида янграётган қувноқ ўйин-кулгу садолари қалбимизни шукроналик туйғуларига чулғайди.

Жорий йилнинг Кексаларни эъзозлаш йили дея номланиши юртимизда умргузаронлик қилиб келаётган отахону онахонларимизга яна бир эҳтиром бўлди. Тошкент вилояти, Зангиота тумани Беруний номидаги маҳаллада истиқомат қилаётган Аъзам ота Ғиёсов ҳам ана шу доруломон кунлардаги ғамхўрликдан баҳраманд бўлиб келмоқда. Отахон бу йили 93 ёшни қарши олдилар. У киши Иккинчи жаҳон уруши фахрийси. Шунга қарамай бобо тетик, бардам. Ўзидаги ғайрат ва шижоатнинг негизини – меҳнатда, одамларга яхшиликни соғинишда деб билади ва умрини, қалб қўрини меҳнатга, эзгу ишларга бахшида этмоқда.

– Йигитлик даврим Иккинчи жаҳон урушининг суронли йилларига тўғри келганди, – дейди ота умр йўлларини хотирларкан. – Оғир меҳнат, тазйиқ, қўрқув билан кун кечирардик. Ҳозиргидай фаровон замонни кўрмаганман. Ҳар ким ўзига, сўзига бек. Навқирон йигит-қизларимизнинг барча орзу-ўйлари ватанпарварлик асосида бунёд бўлган. Юртимизда уларга яратиб берилаётган шарт-шароитларни кўриб ҳавас қиламан. Ҳар куни невараю чевараларимнинг, юртимиз ёшларининг зафарли онларию ютуғини эшитиб, қувониб кўнглим ёшаради. Бу муваффақиятларнинг замирида сўзсиз тинчлик ва осудаликнинг ўрни ниҳоятда катта. Ёшлар ижодий, илмий ишлар билан кеча Осиё давлатларида бўлса, бугун Европани қойил қолдиряпти.

Отахон бироз тин олади. Нигоҳларини олис-олисларга қадайди…

Хизматдан қайтган Аъзам Ғиёсов қишлоғининг қаровсиз лалми ерларига ишлов берди. Эзгу ниятлар ила ерга уруғ қадаб, ариқ қазиб сув чиқарди. Кўчат экиб, боғ яратди, атрофни обод қилди. Қишлоқдаги масжид ва биноларнинг қурилиш ишларига бош-қош бўлди. Фарзандларини ҳам меҳнатга ўргатди. Ҳозир ота эккан ниҳоллар азим дарахтларга айланиб, ҳосилидан нафақат невараю эваралари, балки бутун қиш­лоқнинг каттаю кичиги баҳраманд бўляпти.

Яна ўқинг:  ИСТИҚЛОЛ ЮЛДУЗЛАРИ КАШФ ЭТИЛДИ

– Юртимизнинг қай гўшасига қараманг, асрларга татигулик улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу каби ўзгаришлар кишиларнинг ўй-хаёли, онгу шууридаги яратувчанликнинг амалий ифодаси саналади. Бугунги кундаги фаровон турмуш, осойишта ҳаёт, бахтиёр умргузаронлик замирида Аъзам ота Ғиёсов каби кекса нуронийларимизнинг мислсиз меҳнати, улкан жасорати, қимматли панд-насиҳатлари ётади, – дея суҳбатга қўшилади Беруний номидаги маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулнора Тунгатова. – Фарзандлари Миробиджон, Мирсоибжон, Толибжон, Собиржон ҳамда Ўктамойларни ҳам Ватан хизматига камарбаста бўладиган фидойи инсонлар сифатида камол топтирди. Улар ота-онасининг ўгитларига амал қилиб кам бўлишмади. Шунинг учун маҳалла-кўйнинг ёшу қариси нимаики эзгу иш бошидан тутмасин ота билан кенгашиб иш бошлашни одат қилган. Шундай қариялари бор бўлган юртимизга кўз тегмасин.

Ҳозирда отахон 27 нафар невара, 25 нафар чеваранинг беозор шўхликларию шодон кулгисидан қувониб умргузаронлик қилиб келмоқда. Яқиндагина давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан фойдаланиб Аъзам ота Тошкентдаги нуфузли сиҳатгоҳда бепул даволаниб келди.

– Кексалик гашти шу-да, болам, – дейди Аъзам ота бахтидан масрур ҳолда. – Қариганда қобил фарзандларнинг ғамхўрлиги, невараларнинг камолоти, эвараю чевараларнинг “чуғур-чуғур”ини кўришдан ортиқ бахт борми?! Бундай бахтни менга тортиқ этган Яратганга, осуда ва фаровон юртимизга шукр қиламан.

Ҳа, инсон ҳаётини боғга қиёс этасан киши. Бебаҳо умр боғи ҳам яхши парвариш, эътибордан бунёд бўлиб яшнайди. Аъзам ота Ғиёсов ўз ҳаёт боғини ўзи парвариш эта олган кекса нуронийлардан бири саналади. Зеро, бу дунёда яхши инсонлардан боғ қолади.

М.ТОЛИПОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: