Оила қуриш масъулияти – бахтли бўлишнинг шарти
“Қуш уясида кўрганини қилади”, деган ажойиб ҳикмат бор халқимизда. Ота-она ва фарзандлар ҳақида фикр юритилар экан, болаларнинг маънавияти, одоб-ахлоқи асосан оилада шаклланади ва унинг пойдевори оилада қўйилади, дея бот-бот таъкидланади. Ваҳоланки, киши ҳаётида икки нарсани, яъни ота-онани ҳамда ўз Ватанини танлай олмас экан. Таъбир жоиз бўлса, ана шу икки беназир неъмат бизга илоҳийдан ато этилган. Ватан ҳамда оила олдидаги бурч эса бениҳоя муқаддасдир. Шу боис, Ватан оиладан бошланади, деган эзгу фикр бизни ҳамиша яхшиликка, юксак маънавиятли бўлишга даъват этиб туради.
Жамиятда қўлга киритилаётган зафар ва юксалишлар оилаларнинг тинч ва ободлигига бевосита боғлиқ. Зеро, инсоннинг келажаги, умрнинг мазмун-моҳияти оила дея аталмиш гўшада шаклланади.
Хўш, бугун фарзандларимизни оилага тайёрлаш масаласига қандай ёндошяпмиз? Оила қуришдан мақсад нима эканлигини уларга тушунтиряпмизми?
Ана шу мавзу доирасида вилоятимиздаги олий ўқув юртлари талабалари, мактаб ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчиларига бир қанча саволлар билан мурожаат қилдик. Уларнинг оила қуришга тайёргарлиги, маданий-маърифий тарбияси масаласи, қариндошлар ўртасидаги никоҳ, эрта турмуш қуриш мавзулари атрофидаги фикр ва мулоҳазларини ўргандик. Ушбу мавзу юзасидан 600 дан ортиқ ёшлардан анкета саволларига жавоб олинди.
Ўтказилган сўровномадан шу нарса маълум бўлдики, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ, эрта турмуш қуриш масалаларида айрим ёшларимиз ҳали аниқ ва тўлиқ тасаввурларга эга эмаслиги маълум бўлди. Аксарият ўқувчи шу мавзудаги маърифий суҳбатлардан сўнг бу ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлишганини айтиб ўтишган.
Ёшлар билан ўтказилган суҳбатлардан шу нарсага гувоҳ бўлдикки, мактаблар ва коллежларда психолог-педагогларнинг фаолиятларини янада яхшилаш, “Оила” мактаблари, тўгаракларини ташкил қилиш орқали ёшларда бу тушунча ҳақидаги тасаввурларини янада бойитиш зарурати мавжуд.
Кўпгина ёшлар у ёки бу муаммони турли хил тушунишади. Психологларнинг вазифалари эса ёшлар ҳаётидаги ўзига хос муаммоларнинг моҳиятини англашга ва уларни самарали ечимларини излаб топишга яқиндан ёрдам беришдан иборат. Таъбир жоиз бўлса, ёшларнинг психологик саводхонлигини янада юксалтириш муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, коллежда ўқиётган қиз эндигина 16 ёки 17 ёшда бўлади. Бироқ, айрим ота-оналар қизларини вақтида узатиб, ташвишлардан қутулиш ниятида уларни барвақт турмушга беришади. Бироқ, балоғатга етмаган қизларни турмушга бериш, оила қуришга мажбурлаш кўпгина нохуш воқеаларга сабаб бўлмоқда. Ўсмирлик даври бу қизнинг вояга етди дегани эмас. Бу даврда унинг ҳаётида, руҳиятида, организмида жисмоний, жинсий, руҳий ўзгаришлар кузатилади. Ваҳоланки, бу вақтда унинг ўз-ўзини баҳолаши, қизиқишлари, фикри тўлиқ шаклланмаган бўлади. Тўлиқ шаклланмаган, оилавий ҳаётга тайёр бўлмаган қиз болани оила қуриш, фарзанд дунёга келтиришдек масъулиятли вазифани елкасига юклаб қўйишга, менимча, ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аммо, айрим ота-оналар ҳақиқатдан кўз юмиб фарзандларини кўра била туриб ўтга ташлашади. Зеро, жисмоний, жинсий томондан яхши етилмаган организмда ҳомиланинг ҳамиша тўкис ривожланиши амримаҳол. Чаноқ суягининг торлиги, камқонлик, гигиена қоидаларини билмаслик, уқувсизлик турмушга тайёр бўлмаган қизларимизга панд бериб қўйиши мумкин.
УШБУ ТАҲЛИЛИЙ МАҚОЛА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҲУЗУРИДАГИ НОДАВЛАТ-НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИНГ БОШҚА ИНСТИТУТЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЖАМОАТ ФОНДИ КЎМАГИДА “ҚАРИНДОШЛАР ЎРТАСИДАГИ НИКОҲ ВА ЭРТА ТУFИШНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА, ЁШЛАРНИ ЮКСАК ОДОБ-АҲЛОҚ ТАМОЙИЛЛАРИ АСОСИДА ТАРБИЯЛАШДА ОИЛА, МАКТАБ ВА МАҲАЛЛА ҲАМКОРЛИГИНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ” МАВЗУСИДАГИ ЛОЙИҲА МАҚСАДЛАРИ ДОИРАСИДА ЁЗИЛДИ.
Коллежда ўқиётган 15-17 ёшли йигит-қизларнинг 99 фоизи анкета саволларимизга жавоб бериб, улар бу ёшда ҳали оилага тайёр эмасликларини изҳор қилишган. Хўш, ота-оналарнинг бу масалага муносабати қандай бўлиши керак? Энг аввало, она қизига яқин инсон бўлиши, қизидаги ҳар бир ўзгаришни назорат килиб, унга тушунтириб бориши зарур. Ҳар бир ота-она ўғли, қизи билан мунтазам суҳбатлашиб, балоғат даврининг ўзига хос хусусиятларидан хабардор этиб туриши керак. Афсуски, айрим ота-оналар эрта никоҳнинг оқибатларини жиддий ўйламасдан, “орзу-ҳавас” билан тўй қилишади. Оқибатда ёшлар қийин аҳволга тушиб қолишади.
Ҳали ҳаётда ўз ўрнини топишга улгурмаган, ўзининг шахсий фикри тўлиқ шаклланмаган йигит-қизларни оила қуришга мажбурлаш ота-оналарнинг катта ва кечириб бўлмас хатосидир. Нозик елкаларига оила қуришдек оғир ва улкан масъулиятни юклаш, улардан билмаган нарсаларнинг талаб қилиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайдиган ҳолатдир. Оила қуриш учун ёшлар ҳам жисмонан, ҳам маънан тайёр бўлишлари муҳим аҳамиятга эга.
Баъзан, айрим оилалар қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш ниятида ўғил-қизларининг тўйларини қилишади, лекин бу риштага путур етиб, оилалар бузилиб кетмоқда. Энг ачинарлиси, яқин қариндошлардан туғиладиган болаларда ногиронлик ҳолатлари кўпроқ кузатилиши аллақачон фанга маълум. Вилоят скрининг маркази маълумотларига қараганда, ўтган йили 461 минг 594 нафар туғиш ёшидаги аёллар, 483 минг 921 нафар 14 ёшгача бўлган болаларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилди. Аёларнинг 65 нафарида ўтган йилнинг ўзида қариндош-уруғлар ва эрта никоҳ оқибатида ногиронлик ҳолати қайд қилинган ва ҳомиладорлик тўхтатилган. Эрта никоҳ, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш мавзусида тизимли равишда кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Аравачага михланган ёки ногирон боланинг сарғайган чеҳрасини кўрганда юрак минг бор оғришини тасаввур этиб кўринг. Маълумотларга қараганда, қариндошлар ўртасида тузилган никоҳларнинг 70-80 фоизи ажралиш билан якунланар ёки уларнинг фарзандлари ногиронлик дарди билан ҳаёт кечираркан.
Маҳалла фуқаролар йиғини фаолларининг ана шу муаммоларга аралашуви ҳам бу ишда кўп самара беради. Чунки, маҳаллада бўлаётган барча воқеалардан энг аввало маҳалла фаоллари хабардор бўлишади.
Шу сабабдан маҳаллани бир оилага ўхшатиш мумкин. Қўшнисиз одам қанотсиз қушга ўхшайди. Ғарб мамлакатларида ўзининг ён қўшнисини танимаслик айб саналмаслиги мумкин, аммо бизда “Ён қўшни жон қўшни”, “Ҳовли олма, қўшни ол”, деган мақоллар бу ришталарнинг нақадар муҳимлигини кўрсатяпти.
Бир киши донишманддан “Айтингчи, мен яхши одамманми ёки ёмонми, буни қандай билсам бўлади?” – деб сўраганида, донишманд “Бунинг йўли осон, бориб қўшниларингдан сўра, агар улар сен яхши десалар, демак яхшисан”, – дея жавоб қайтарган экан.
Ёшлар обрўли маҳалла оқсоқолларидан ҳайиқиб турадилар, уларнинг салобатли таъсирида ўзларини ножўя хатти-ҳаракатлардан тиядилар. Аммо, маҳалларда кам сонли бўлсада тарбияси оғир болаларни учратамиз. Аммо уларни кўриб, билмаганга оламиз. Бироқ, бу лоқайдлик ва андиша келажакда ёмон оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин.
“Лоқайд кишилар яхлаб қолган кўлмакка ўхшайдилар”, – деган эди немис файласуфи Иоганн Гёте. Бундай пайтда биз катталар лоқайд бўлмасдан, журъатлироқ, шижоатлироқ бўлишимиз, болаларни тарбияга чақиришимиз шарт. Керак бўлса, оиласига бориб, боласининг хулқини муҳокама қилишимиз, ота-онасига тушунтиришимиз зарур.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, соғлом авлодни дунёга келтириш ва уларни комил инсон қилиб тарбиялашда оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Оила соғлом экан-жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан-мамлакат барқарордир”.
Дилбар БЕКЖОНОВА,
Урганч шаҳридаги “Тараққиёт” аёллар ва ёшлар маркази раҳбари