ПИЁЗ – хасталикдан этар халос
Пиёзнинг шифобахш хусусиятлари бундан тўрт минг йил муқаддам Шарқ халқларига маълум эди. Қадимги Юнонистон, Миср халқлари бу шифобахш неъматга чуқур эҳтиром кўрсатиб, ипга тизилган пиёз шодаларини бўйинларига осиб юрганлар. Маълумотларда келтирилишича, ўтмишда пиёзга ҳар қандай хавфли касалликлардан муҳофаза этувчи “сеҳргар” сифатида қаралган.
Ҳакимлардан Гиппократ ва Диоскорид пиёзни жуда қадрлашган. Уни асалга аралаштириб, турли касалликларга қарши дори тайёрлашган. Мутахассислар таркибида жуда кўп миқдорда фойдали витаминлар, ферментлар, ёғлар, кальций ва фосфор тузлари, лимон ва олма кислоталари ҳамда азот мавжуд бўлган пиёзни ичакнинг қаттиқ оғриғи, колит (йўғон ичак яллиғланиши), атеросклероз (қон томирларда тиқилма пайдо бўлиб, унинг торайиши ҳамда эластиклигининг йўқолиши), гипертония (хафақон – қон босимини ошиши), тумов, чипқон, ҳўппоз, авитаминоз (витамин етишмаслиги) сингари дардларни даволашда ишлатишган.
Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” китобида пиёзнинг хусусиятларини таърифлаб, шундай ёзади: “Суви бурунга юборилса, бошни тоза қилади. Бош оғирлашганида, қулоқ шанғиллашида, йиринг ва сув пайдо бўлганида қулоққа томизилади. Ейиладиган пиёзнинг сиқиб олинган суви кўздаги катарактада фойда қилади, кўзни равшанлаштиради. Бавосирда томирларнинг тиқилмаларини очади. Пиёз суви ҳайз қонини юргизиб, ични юмшатади”.
Пиёз препаратлари кучли бактериоцид хусусиятига эга. Майдаланган пиёзбошидан қийин битадиган ва йирингли яраларни даволашда фойдаланилади. Сариёғда қовурилган пиёз ёки сутда пиширилгани йўтални юмшатади, балғамни кўчиради. Замонавий табобатда пиёзни истисқо (қоринда сув йиғилиши), жигар циррози, қон томирлар атеросклерози, жинсий аъзолар яллиғланишларини тузатишда ишлатилади. Соч тўкилишида, бошга бит тушганда, қазғоқда ҳар куни бош терисига пиёз суви ва бўтқаси суртилса фойда беради. Пиёз таркибида эфир мойлари, қанд, каротин, витамин С, фитонцид (худди антибиотикдай таъсир этувчи учувчи модда)лар мавжуд.
Пиёзли муолажалар
Йирингли яраларда: илиқ ҳолдаги пиширилган пиёзни қоқ иккига бўлиб, ярага боғланг. Ёки майдаланган пиёзга тенг миқдорда сут аралаштириб боғласангиз ҳам бўлади. Боғлов кун давомида икки марта алмаштирилади.
Қаттиқ йўталда: ўртача катталикдаги пиёзни майда тўғраб, икки ош қошиқ шакар билан аралаштиринг. Икки соат илиқ жойда турсин. Кейин сувини бир ош қошиқдан кунига тўрт маҳал ичасиз. Агар йўтал қуруқ бўлса, шакар ўрнига асал соласиз. Пиёз ва асалли бўтқанинг сувини сиқмасдан овқатланишдан аввал бир ош қошиқдан истеъмол қилинади.
Томоқ оғриғи (тонзиллит)да: майда қилиб тўғралган пиёзни сирланган идишга солиб, икки чой қошиқ шакар сепинг. Унинг устига бир стаканнинг чораги миқдорида сув қуйиб, ўртача оловда ўн дақиқача пиширинг. Ҳосил бўлган бўтқани кун давомида бир ош қошиқдан истеъмол қиласиз.
Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!
Гулноза ЭГАМБЕРДИЕВА тайёрлади