КАРВИНГ САНЪАТИ

табиий маҳсулотлардан мўъжизалар

Бугунги кунда тўй ва тантаналар учун безатилган дастурхон тўрини карвинг санъати намуналарисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кўп ҳолларда бу санъат асарини фақат томоша қилиш мумкин, уни истеъмол қилишга эса кўзингиз қиймайди. Қисқа вақт ичида кенг тарқалган мазкур санъат ўзига хос тарихга эга.

Ушбу санъат тури Жануби-шарқий Осиёдан кириб келган. Қадимги Японияда овқатни сопол идишларда дастурхонга тортишган, устини безатишда эса турли хилдаги барглардан фойдаланишган. Бора-бора ошпазлар баргларни чиройли қилиб жойлаштириш, уларни овқатга қўшимча сифатида кесиб дастурхонга тортиш таомни янада иштаҳа очишида кўмак беришини тушуниб етишган. Баргларни санъат даражасида йиғиш “мукимона” номини олган. XVI асрда Токиода бу санъат расмий равишда эътироф қилина бошланган.

Афсонага кўра Сукхотаи подшолигининг Лойкратхонг қироллик фестивалида Нанг Ноппамар исмли қиз сувда сузиб юрувчи чироқ кўринишидаги карвинг намунасини намойиш қилади. Чироқ мева ва сабзавотлардан ясалган бўлиб, унга турли хилдаги гуллар ва қушлар тасвири туширилган эди. Бу санъат асари қиролни қойил қолдиради. У ўз мамлакатида яшаётган ҳар бир аёлга бу санъат турини соҳиби бўлиши кераклигини шарт қилиб белгилайди. Кейинчалик эса мева ва сабзавотларни кесиш санъати барча узоқ-яқин мамлакатларга анъана тарзида тарқалади.

Вақтлар ўтиб карвинг Европага кириб кела бошлайди. Қизиғи у бу ерда унчалик машҳурликка эришмайди. Бунга сабаб эса Осиё ва Европа таомлари орасидаги тафовутда эди. Осиё ошхонасида барчага манзур бўлувчи ўсимликлардан тайёрланган овқатларни чиройли қилиб дастурхонга тортиш урф бўлган. Европада эса асосан гўшт, балиқ ва сабзавотлардан тайёрланган овқатлар ортиқча безакларсиз тановул қилинган. Аммо Европа ресторанлари бундан мустасно эди.

Замонавий услуб

Сўнги пайтларда карвинг бутун дунёда кенг тарқала бошлади. Мева ва сабзавотлар уйғунлигида ясалган санъат асари ҳар бир байрам дастурхонининг тўридан жой олмоқда. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича бундай санъат намуналарини яратиш учун инсондан кучли сабр-тоқат, диққат ва энг асосийси бой фантазия талаб қилинади.

Карвингни уй шароитида, бирор танишингиздан ёки интернет воситаси ёрдамида ўрганиш мумкин. Шу билан биргаликда махсус карвинг ўқув курсларида ҳам малака оширса бўлади.

Бу санъат асарларининг устига лимон шарбатидан томизиш ёрдамида уни “умрини узайтириш” мумкин. Карвинг санъатини ўзига хос чиқишида ранглар уйғунлигига эътибор бериш энг муҳими саналади. Масалан, бодрингни танлагач навбатдаги маҳсулот бу билан уйғун келувчи оқ рангли пиёз ҳисобланади. Карвинг учун энг ўзига хос сабзавот бу булғор қалампири саналади. Унинг бой рангларидан санъат асари даражасидаги кўркам кўринишни яратиш мумкин.

Яна ўқинг:  Ҳуқуқингизни биласизми?

Карвинг учун асбоблар

Оддий карвинг учун махсус асбоблар шарт эмас. Кўпгина маҳсулотларни оддий ўткир пичоқ ёрдамида ҳам кесиш мумкин. Аммо, бу санъат турини яратиш учун турли шаклда кесувчи махсус пичоқлар ҳам мавжуд.

Унинг дунё мамлакатларида ўзига хослиги

Осиё карвинг усталари безак учун тарвуз, қовун, папая, қовоқдан фойдаланиб улардан асосан гуллар шаклини ясашади. Европа карвинг усталари эса безак учун редиска, шолғом, сабзи, кабачка (қовоқча), булғор қалампири ва аччиқ қалампирдан фойдаланишади.

Карвинг яратиш технологияси турли мамлакатларда турфа хилдир. Хитой ва Япония техникасида ишлаш учун кўп миқдорда шакллар, пичоқлар ва қолиплар керак бўлади. Ошпазлар бу асбоблар ёрдамида инсонлар ва ҳайвонлар ҳамда иероглифларни яратишда фойдаланишади. Бу хилдаги безакларнинг афзаллиги шундаки, улардан аждар, уруш саҳналари ва табрик сўзларини ясаш мумкин.

SHU O‘RINDA

Карвинг инглиз тилидан таржима қилинганда “кесмоқ” деган маънони англатади. Бу санъат ёрдамида асосан мева ва сабзавотлардан нозик дид билан турфа хил композицияларни яратиш мумкин.

Хуршида ҲУСЕНОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: