Мактабларда саводхонлик кечалари

Дарс – муқаддас. Мактабда ўтилаётган ҳар бир фан ўқувчи учун улкан дунёни кашф этишга туртки бўлади. Мустақил ҳаёт учун зарур бўлган кўникма ва тажрибаларни ўзлаштириб боради. Жумладан, мамлакатимиз умумтаълим мактабларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳақида таълим дарсларининг ўтказиб борилиши ҳам ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилади. Айни пайтда барча мактабларда мамлакатимиз асосий Қомусига бағишланган “Конституциямиз – ҳуқуқ ва эркинлигимизнинг кафолати” шиори остида ҳуқуқий ва маънавий тадбирлар ойлиги ўтказилмоқда.

Фаровон ҳаётимизнинг асоси бўлмиш Қомусимиз қабул қилинган кунга бағишланган кечаларнинг юртимиз умумтаълим мактабларида қандай ўтказилаётгани ва унда ўқувчиларнинг иштироки билан қизиқиб, пойтахтимиздаги бир нечта таълим масканларининг байрам кечаларида иштирок этдик. Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган 34-умумтаълим мактаб биносига кирар эканмиз, қувчилар томонидан тайёрланган деворий газеталар, расмлар, турли ишланмалар руҳиятимизга кўтаринкилик улашди.

– Ўқувчиларимиз мактабда ташкил этилаётган ҳар бир тадбирга ўзларининг қизиқишларидан келиб чиқиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиладилар, – дейди мактаб директори Меҳри Раҳимбердиева. – Биз педагоглар эса уларга керакли маслаҳатларимиз билан ёрдам берамиз, руҳан қўллаб-қўллаймиз.

Чиндан ҳам ўқувчиларнинг ижодий ишларини кузата туриб, улар ушбу қутлуғ байрамга жиддий тайёргарлик кўрганликларининг гувоҳи бўлдик.

… Мактабнинг тадбирлар зали ўқувчи ва мураббийлар билан гавжум. Саҳна марказида “Конституция – бахтимиз Қомуси” деган ёзув битилган бўлиб, болажонлар саф тортиб байрам бошланишини интизорлик билан кутмоқда. Бугунги кеча қаҳрамонлари мактабнинг жажжилари – 2 “Г”, 2 “Б” ҳамда 4 “Б”синф ўқувчилари эди.

Давлатимиз Мадҳияси янгради… Саҳнага бирин-кетин ўқувчилар чиқиб, Конституция ҳақидаги шеърлар билан даврага ўзгача файз киритдилар:

Омборларин тўлдиради шолиси,

Мева-чева ғалласи бор ўзбекнинг.

Чўққиларда қалби каби оппоқ қор,

Шойи атлас, пилласи бор ўзбекнинг.

Юртбошимиз асос солган Қомуси,

Қомуси бор, номуси бор ўзбекнинг…

Шунингдек, Конституциянинг бир қатор моддаларидан ёд олиб, уларнинг мазмуни ва ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида ўз фикрларини саҳна кўринишлари орқали баён этишди. Болажонлар бу моддалар шунчаки яратилмаганлигини, унда фаровон турмушимизнинг ҳуқуқий кафолати мужассамлигини бола қалби билан англаган бўлса, ажабмас. Қувонарлиси, Конституция моддаларини шарҳлаётган ўқувчиларга томошабинлар қаторидан жой олган болажонлар ҳам жўр бўлишди.

Бундан шуни англадикки, мактабда таълим олаётган ўқувчиларнинг конституциявий билими шаклланган. Ўқувчиларнинг рақс ижроси, Ватан ҳақидаги қўшиқлари, шунингдек, турли спорт йўналишларидаги намунали чиқишлари кечага файз улашди.

Яна ўқинг:  Эътибор ва ғамхўрлик халқимизга хос фазилат

Тадбир сўнггида ҳаяжонли дақиқалар бошланди. Байрамда фаол иштирок этган, мактаб миқёсида ўтказилган “Қомусимиз – бахтимиз” мавзуидаги иншолар танлови ғолиблари мактаб раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

* * *

Навбатдаги учрашувимиз Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 54-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Мазкур мактабда ташкил этилган тадбир ташкилотчилари 5-, 6-, 7-синф ўқувчилари байрамга ўзгача ёндашиб, кечага йиғилганларни Конституция оламининг ажиб дунёсига саёҳатга бошлади. Саёҳат давомида ўқувчилар Бош Қомусимизга бағишланган турли саҳна кўринишлари, шеърлар ижро этишди.

Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 15-модда

Мазкур Конституция дарслари мактабда ихтиёрий дарс сифатида янги педагогика технологиялари асосида ўқитилади. Дарслар ўқувчиларга қизиқарли бўлиши учун Зуҳра Содиқова, Севара Йўлдошева каби малакали мураббийлар очиқ дарслар, учрашувлар, суҳбатлар уюштириб туришади. Биринчи синфдан бошлаб ўқитиладиган ушбу дарсликлар синфдан синфга ўтган сари чуқур ўргатила бошлайди. Юқори синфларда “Давлат ҳуқуқий асослари”, “Конституциявий ҳуқуқ” фанларининг ўқитилиши бунинг яққол мисолидир.

КОНСТИТУЦИЯМИЗ ХОРИЖИЙ ТИЛДА

Конституциямизнинг 21 йиллиги муносабати билан мактабларда ўтказилаётган байрам тантаналарининг яна бир қувонарли томони Қомусимиз моддаларининг инглиз тилидаги жаранги қалбингизга фахр туйғусини жо этади.

Тошкент шаҳри Сирғали туманида жойлашган 300-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг байрам кечаси 9-синф ўқувчиларининг ўзаро беллашуви тарзида ўтказилди. Таништирув, тезкор савол-жавоб, саҳна кўриниши, эркин мавзу, Қомусимиз моддаларини шарҳлаш шартларининг барчаси инглиз тилида олиб борилди. Мактаб ўқувчилари ўзларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, бурч ва мажбуриятларини инглиз тилида ифодалашди.

– Мазкур тадбирни ўтказишга тайёргарлик кўришда ўқувчиларимиз анча изландилар, айниқса, таржима жараёни қизғин кечди. Ҳаттоки, баҳс-мунозаралар ҳам бўлди, – дейди мактабнинг ҳуқуқ ва тарих фанлари ўқитувчиси Марҳабо Қурбонова. – Кечани инглиз тилида олиб бориш ташаббуси ҳам ёшларимиздан чиққан фикрдир. Бу мени жуда хурсанд қилди. Демак, Конституция тўғрисида ўтказилган ҳар бир дарс жараёни мазмуни бугунги байрам тадбирининг натижасида намоён бўлди, десак муболаға эмас.

Ишончимиз комилки, бу ёшлар мактабда олган билимларини мустаҳкамлаш орқали Ватанимизнинг янада юксалишига ўз ҳиссаларини қўшади.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: