ПСИХОЛОГИК ЁРДАМ МАРКАЗЛАРИ

Фуқароларнинг ижтимоий ҳаётида уларнинг ўрни

Мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган психологик ёрдам хусусида маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Психологлар ассоциацияси раиси, психология фанлари номзоди Ҳулкар Маҳмудовага ўзимизни қизиқтирган бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

– Ўзбекистонда психологик ёрдам марказлари мавжудми? Бу марказлар фаолияти қандай мувофиқлаштирилмоқда?

– Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида ялпи тизимга ва ҳуқуқий мақомга эга бўлган алоҳида аҳолига “Психологик ёрдам кўрсатиш маркази” мавжуд эмас. Бундай хизматлар ҳудудимиздаги университетлар ёки институтлар таркибида ташкил қилинган “Психологик ёрдам кўрсатиш марказлари”да ёки якка тартибда психологлар, хусусий фирмалар томонидан амалга оширилмоқда. Шу билан бирга Ўзбекистон Психологлар ассоциацияси томонидан ҳам фуқароларнинг мурожаатлари асосида амалга оширилади. Бу муаммони бартараф этиш мақсадида ассоциация ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига “Аҳолига психологик хизмат кўрсатиш” ҳақидаги қонун лойиҳасини тақдим этиш устида иш олиб бормоқда.

– Аҳолининг нафақат ҳуқуқий, тиббий саводхонлигини ошириш, балки ишда ва оилаларда уларнинг ўзаро муносабатларини бир маромда кечиши учун ҳам психологлар ёрдами зарур. Бу борада юртимизда фаолият юритаётган Ўзбекистон Психологлар ассоциацияси қандай ишларни амалга оширмоқда?

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”да белгиланган Тошкент шаҳрида Республика “Ёшлар ижтимоий хизматлари маркази”га унинг фаолиятини ташкил этиш бўйича ташкилий-услубий, амалий жиҳатдан кўмаклашиш ишларини олиб бормоқдамиз. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Учтепа туманларидаги 10 дан ортиқ ўрта мактабларда ўқув йили давомида 7-, 8-, 9-синф ўқувчилари орасида ёшларни мустақил фикрлайдиган, ўз ҳаётий қарашларига эга фуқаролар сифатида тарбиялашда “Шахсий фикр”, “Гиёҳвандлик профилактикаси”, “Хавфли ҳаракатларнинг олдини олиш”, “Феъл-атвордаги ўзгаришлар” ва шу каби мавзулар бўйича тренинг-семинарлар ташкил қилинмоқда. Вояга етмаган ҳуқуқбузарлар билан ҳам иш олиб бораяпмиз.

Болаларнинг руҳий (эмоционал) ҳолатидан келиб чиққан ҳолда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида суд-психологик экспертизаларини амалга оширмоқдамиз. Одил судловни амалга ошириш борасида терговчи, прокурор, судьялар томонидан тайёрланган ажримлар ва қарорларга асосан аҳолига суд-психологик экспертизалари бўйича ҳам мутахассисларимиз психологик хизматлар кўрсатишмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ўқув курслари билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқдамиз.

Яна ўқинг:  Тери саратонини эрта аниқлаш мумкин

Ассоциация томонидан турли услубий қўлланмалар, ҳуқуқий – норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Психологлар ассоциацияси “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида “Кексаларга ижтимоий-психологик хизмат кўрсатиш” номли лойиҳа ишлаб чиқиб, уни амалиётга тадбиқ этмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади бу борада нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ўрни ва иштирокини кенгайтириш ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикчиликни такомиллаштиришга, шунингдек, кўнгиллилар фаолиятига ёшларни кенг жалб қилишга ҳисса қўшишдан иборат.

Лойиҳа доирасида психологик хизматларга муҳтож бўлган “Уруш ва меҳнат фахрийлари республика пансионати” ва “Мурувват уйлари”да яшаётган ёлғиз ва ногирон кексаларга бепул хизмат кўрсатади.

Инсон оғир тушкунликка тушганда унга яқинлари ёки меҳрибон бегоналарнинг ёрдами ва қўллаб-қувватлаши, руҳий мадади жуда зарур.

– Ўзаро инсоний муносабатларда ва иш жараёнида психологик мувофиқлик катта аҳамиятга эга. Бу хусусида қандай фикрдасиз?

– Ҳар бир кишининг албатта ўзига яраша иш юритиш услуби бўлади. Инсон феъл-атвори турлича. Шу сабабли ҳаётда ҳам ишхонада ҳам муросаю мадора қилган одам ютади. Аввало, ўзини ҳурмат қилган одам ўзгани ҳам ҳурмат қилади. Ҳар бир инсоннинг оилада олган тарбияси, ички маданияти, билим даражаси, мижози, феъл-атвори, иқтидори, яъни, индивидуал психологик хусусиятларига катта эътибор қаратган ҳолда раҳбар жамоада ишни тақсимлаши мақсадга мувофиқдир.

– Мактаблардаги болалар психологлари фаолиятига ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Ҳозирги пайтда психологик хизматга бўлган талаб мамлакатнинг барча ҳудудларида ортиб бормоқда. Мамлакатимизда амалиётчи-психолог фаолияти кенгайтирилган. Психологик хизмат бутун таълим-тарбия жараёнини, яъни мактабгача таълим давридан то ўсмирлик давригача бўлган даврни қамраб олади. Таълимдаги амалий психология соҳаси мактабгача таълим муассасалари, “Меҳрибонлик” уйлари, лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Аммо республикамиз бўйича мактабларда етарли даражада психологлар фаолияти ташкил этилмаган. 1 минг 200–1 минг 500 нафар бола ўқийдиган ўрта мактабларга 1 нафар психолог учун штат белгиланган. Шу билан бирга ушбу мактабларда олий маълумотга эга бўлган психолог мутахассислардан кўра кўпроқ педагог ўқитувчилар (биология, математика, физика ва шу каби фанлар бўйича) фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу ҳолат албатта таълим жараёнида психолог мутахассисга қўйиладиган талабга жавоб бермайди. Унинг фаолиятини бундай йўл билан такомиллаштириб ҳам бўлмайди. Чунки, таълим жараёнида психолог мутахассисдан жуда катта мажбурият талаб этилади ва унинг фаолияти мураккаб ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Самарқанд сеҳрини ҳис этиб...

Бир сўз билан айтганда ҳозирда психологик хизматлар нафақат таълим-тарбия жараёнида, балки фуқароларнинг ижтимоий ҳаётида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бу эса биз психиологлар учун қувонарли ҳолдир.

– Мазмунли суҳбатингиз учун Сизга ташаккур.

Гулчеҳра ШИРИНОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: