ШУКРОНАЛИК – БАХТЛИ ТУРМУШДАН ДАРАК

Ўшанда қиш эди. Туни билан ёққан қор ҳеч тўхтай демас, шамоллар шаштига бўйсунганча бўралаб юзу кўзимизни аямай саваларди. Йўл музлаган, автомобиллар ҳам эҳтиёткорлик билан ҳаракатланарди. Мен “Ўрикзор” бозори ёнидаги бекатда бетоқат бўлганча “Чорсу”га ҳаракатланувчи жамоат транспортларини кутиш билан овораман. Нарироқда эса бир отахон ўрта ёшли киши билан у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиш асносида бот-бот йўл қараб қўяди. Бироз муҳлат қишнинг қаҳрига қарши туради. Бўлмайди. Сўнг ўрта ёшлиси “Чорсу”га ҳаракатланувчи транспорт ўтиб кетган ё кетмаганини билиш учун менга юзланади. Йўлимиз бир эканини билиб олгач эса йўналишсиз такси билан манзилга етиб олиш таклифини билдирди. Совуқ жонимдан ўтган эмасми, дарров рози бўлиб қўя қолдим. Отахон олди ўриндиққа, мен эса орқа ўриндиққа жойлашдик.

– Бу йигит менинг шогирдим, – дейди отахон мамнун қиёфада. Ҳайдовчи беэътибор бош ирғайди. Олд ойнадан менга бир қур назар ташлайди. Отахон эса қўшимча қилади: – Бу, кузатиб қўйган йигитни айтаман-да. Ақлли, ҳушли. Тошкентга келганимни эшитиб, қўярда-қўймай уйига олиб келди. Бир ҳафта меҳмон қилди. Ишлари, турмуш шароитлари анча яхши экан. Бир олис қишлоқнинг оддий боласи катта шаҳарда ўз йўлини топиб кетганидан севиндим. Ҳавасим келди. Шундай шогирдим борлигидан ғурурландим. Нимагаки эришган бўлса, меҳнати билан эришди. У бўлса, “Барчаси сизнинг шарофатингиз билан. Агар таълимингизни олмаганимда билмадим, тақдирим қандай кечарди”, дейди. Гапларидан семириб кетасан, киши. Шу касбни танлаганингга шукроналар айтасан.

– Йигит кишининг омадини берсин ака, – дейди олтмиш ёшлар атрофидаги ҳайдовчи суҳбатга чоғланаркан. – Юртимизда тинчлик, осойишталик ҳукмрон. Ҳар ким ўз турмуш тарзини яхшилаши учун барча имкониятлар муҳайё этилган. Бундан фақат унумли фойдаланиш керак. Қаранг, бир қарич, бир қарич болалар жаҳон чемпиони бўлиб келяпти. Бутун дунёга кимлигимизни кўрсатиб қўйяпти. Ахир, улар билан фахрланмай бўладими?!

– Ўғлим ҳам шу ерда яшайди, – ҳайдовчининг гапини илади отахон. – Уч боласи бор. Бир-бири билан инглиз тилида бирам бийрон сўзлашади, ҳайратимни яширолмайман. Шогирдимга мақтаниб қолсам, ёнимизда пилдираб юрган ўғли француз тилида шеър ўқиб берса денг. Ким ўргатди десам, тарбиячим дейди. Таржимасини сўрасам, сўзма-сўз айтиб беряпти. Биз ҳам пахса деворли мактабларда ўқиган эканмизда. Шароитларини эслаб бир кулгинг келади, бир йиғлагинг. Ҳозирчи, мактаб ҳақида гап кетса ҳамманинг кўз олдида муҳташам бино гавдаланади. Баъзан қайта дарс бергим келади. Лаборатория хоналари, компьютер жамланмалари, спорт заллари ҳеч бир давлатникидан қолишмайдиган ўқув муассасасида ўқиш, ўқитишдан ортиқ бахт борми?!

Яна ўқинг:  Эътироф

– Ҳа, мен ҳам невараларимнинг дунёқарашини кўриб, лол қоламан. Каттаси тўртинчи синфда ўқияпти, – дейди ҳайдовчи. – Гап-сўзлари дадил. Катта одамлардай фикрлайди. Амакимга ўхшаб чет элда ўқийман, деб билим олишга қаттиқ киришган. Кенжамиз Тошкент ахборот технологиялари университетига ўқишга кирганди. Ҳозир ўқишини Корея Республикасида давом эттиряпти.

– Ҳа, бизнинг ҳам катта невара Тошкентдаги Турин политехника университетида ўқиш ниятида юрибди. Ҳозир китоб дўконига боряпман. Бир-икки ўқув қўлланма харид қиламан. Фарзанд учун энг яхши совға китоб-да, – дейди отахон.

У суҳбат асносида шаҳрисабзлик экани, ўттиз йилдан зиёд ёшларга математикадан сабоқ бергани, уч юздан зиёд шогирди, болалари халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилаётганини таъкидлайди. Гап орасида Тошкентда ёзда ҳам келганини айтади. Суҳбат пойтахтдаги бунёдкорлик, ободончилик ишларига бориб тақалади. Меҳмон анҳор бўйи ажойиб хиёбонга айлантирилгани, Минорда бунёд этилган масжиднинг юқори савияда қурилгани, буларнинг барчаси Юртбошимизнинг одил сиёсати натижаси эканидан тўлқинланиб сўзлайди.

Отахон, шунингдек, бу каби қурилиш ва бунёдкорлик ишлари мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётганидан, ҳар бир шаҳар, ҳатто олис ҳудудларгача кўркам қиёфа касб этаётганидан мамнунлигини ҳам яширмайди. Урганчга боргани, Қўқон ва Фарғона шаҳарларига сафар қилгани, Самарқанднинг бугунги қиёфасини таърифлаб чарчамайди. Хусусан, Шаҳрисабз шаҳрининг қайтадан барпо қилинаётгани, замонавий турар-жойлар, савдо марказлари, истироҳат боғлари ва хиёбонлар, спорт-соғломлаштириш мажмуалари, болалар майдончалари қурилаётганини бот-бот такрорлайди. – Киндик қонинг томган жой чиройли бўлса, қалбинг фахрга тўлади-да, – дейди отахон. Соҳибқирон бобомиздан сўнг ҳали ҳеч ким Шаҳрисабзда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширгани йўқ эди. Бир-икки йилдан сўнг борсангиз сўзларимга ўзингиз гувоҳ бўласиз. Муаззам “Оқсарой” атрофини таниёлмай қоласиз. Шаҳрисабз энди номига мос шаҳар бўляпти. Чет элдан турли хил дарахтларнинг кўчатлари келтирилиб, экиляпти. Улар ҳавонинг тозалигини, иқлимнинг мўътадиллигини таъминлайди.

Икки ёши улуғ инсоннинг суҳбатига андармон бўлиб манзилга етиб келганимизни ҳам сезмай қолибмиз. Аммо отахоннинг дилида айтадиганлари кўп экани юзидан билиниб турар эди. У том маънодаги бахтли инсон, заҳматкаш мураббий эди. Хайрлашиш олди унга сўнги бор назар ташларканман, унинг қиёфасида ҳақиқий ватанпарвар кишини кўрдим. Йўл-йўлакай суҳбат мағзидан маст бўлиб, отахоннинг исмини ҳам сўрамабман. Касбим тақозоси туфайли минг истиҳола билан унга юзландим. – Исмим Саидқул муаллим, – дейди отахон.

Яна ўқинг:  ЁШ ОИЛАЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА

Турмушнинг ширин ташвишлари билан бозор ораларканман, ўзбекнинг ҳар бир нуронийи ана шундай дарёфеъл, кенг фикрли, кенгашли ва мулоҳазали эканига амин бўлдим.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: