Ҳунарманд бола ойдин келажакка замин яратмоқда

Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир.

Ислом КАРИМОВ

Яқинда бўлиб ўтган ёш рассомлар кўргазмасида бир сурат эътиборимни тортди. Яшил адирлар бағрида югураётган отлар уюрини томоша қилганмисиз? Гўёки қанот ёзиб учаётгандек туюлади. Бу ажойиб манзара қалбга ўзгача завқ бағишлайди. Улар чизган суратларни кўринг-а, барчасида нозик дид, нафосат уфуриб турибди. Саккиз ёшли болакай чизган сурат бошқаларга ҳам жуда манзур бўлди. У рангларни уйғун ҳолда ишлашни Шайхонтоҳур тумани “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказидаги устозларидан ўрганган. Бу муассасада олти ёшдан ўн олти ёшгача бўлган ёшлар турли хил тўгаракларда касб-ҳунар ўрганиш билан машғул.

Ўқувчиларнинг ёзги таътил кунларини мароқли ўтказиш мақсадида юртимизнинг деярли барча ҳудудларида “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказлари ташкил этилган. Шайхонтоҳур туманидаги муассаса 2011 йилда ташкил этилган бўлиб, бошланишида йигирмага яқин тўгарак йўлга қўйилган ва олти юзга яқин бола жалб этилган. Ҳозирги кунга келиб тўгараклар сони ўттизтага етди, қатнашувчилар эса тўққиз юздан ортиқ. Болалар йил давомида юртимизда ўтказиладиган деярли барча тадбирларда фаол иштирок этади.

Марказдаги ижод намуналарини томоша қилиш жараёнида сопол идиш ва терига ишланган миниатюраларни кўриб ҳайратимиз янада ортди. Жажжи қўллар яратган санъат азалий қадриятларнинг бардавомлигини кўрсатади.

– Болаларнинг билим олишдан ташқари касб-ҳунар ўрганишлари учун марказимизда “Моҳир қўллар”, “Дизайн”, “Рассомчилик”, “Миниатюра”, “Тикувчилик ва тўқиш”, “Рақс” ва яна шу каби кўплаб тўгараклар йўлга қўйилган, – дейди услубчи Барно Хожимуродова. – Уларнинг ижодий қобилиятини юзага чиқариш учун марказимиз узлуксиз фаолият кўрсатади. Тўгаракларимиз аъзоларининг сафи кун сайин кенгаймоқда.

Дарҳақиқат, болалар иқтидорини ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Ижодий ишларни томоша қилиш жараёнида мунчоқлардан ясалган дарахт эътиборимизни тортди. Дарвоқе, бу ерда бисерлик тўгараги ҳам бор.

Ижодий устахона остонасидан ичкари ҳатларканмиз ранг-баранг бўстонга киргандек бўлдик. Турфа гуллар, эшик ва деразалар учун мунчоқ пардалар, ўйинчоқ ҳайвонлар барчаси бисердан ясалган.

– Ўқувчилар истеъдодли, – дейди тўгарак раҳбари Диёра Жўраева. – Марказ ташкил этилгандан буён қизларимиз кўплаб танловларда юқори ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Биласизми, мунчоқлар билан ишлаш боланинг руҳиятига ижобий таъсир этади. Бу борада болалар шифокорлари ҳам жиззакироқ, асаб тизими қўзғалувчан болаларни айнан бисер билан ишлаш тўгаракларига юборади. Ҳар бир мунчоқни бармоқлар билан ушлаб тикиш уларнинг асаб тизимини тинчлантиради. Бундан ташқари кўриш қобилияти сустроқ болалар учун ҳам тўқ рангли мунчоқлар билан ишлаш фойдали.

Яна ўқинг:  Ишлаб чиқариш – юксалиш омили

Ҳа, майда мунчоқларда шундайин хусусиятлар борлигини ким ўйлабди дейсиз. Демак, болаларга касб-ҳунар ўргатиш билан бир қаторда уларнинг саломатлиги ҳам мустаҳкамлашиб бораркан. “Баркамол авлод” марказларининг фаолиятини ҳар томонлама таҳсинга сазовор десак муболаға бўлмайди.

– Икки йилдан буён “Тикувчилик ва тўқиш” тўгарагига қатнайман, – дейди Шодия Саъдуллаева. – Рангли иплардан мавсумий кийимлар тўқийман. Ҳаттоки, оила аъзоларимга ҳам турли либослар тўқиб беришга ҳаракат қиламан. Келажакда машҳур тикувчи бўлмоқчиман. Бунинг учун менда барча имкониятлар мавжуд. Орзуимга етишиш йўлида устозларим бераётган сабоқларни қунт билан ўзлаштирмоқдаман. Келажакда миллий қадриятларимиз акс этган ўз коллекциямни яратиб, юртимиз маданиятини дунёга ёйишда ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.

Қалби она Ватанга меҳр билан лиммо-лим ёшларни кўриб мамлакатимиз келажаги истиқболли эканига яна бир бор амин бўламиз. Марказдаги болалар билан суҳбатлашганимизда, уларнинг гап сўзларидан бахтли кунлардан мамнунлик ҳиссини туйдик. Айниқса, кам таъминланган оила фарзандларига бепул ҳунар ўргатилиши фаолият тизимининг самарадорлигини янада оширмоқда.

Дилдора ҚАРШИБОЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: