ҲАЛОЛЛИКДАН ҲИКМАТ ИЗЛАБ

Бу оилага нафақат жалойирликлар, балки карманаликлар ҳам астойдил ҳавас қиладилар. Бизнинг ҳам фарзандларимиз шу оила фарзандига ўхшасин, шу оила фарзандлари каби одобли, билимдон бўлсин, деб чин дилдан ният қиладилар.Оила сардори Раззоқ ака Ражабовнинг қишлоқдошлари орасида обрў-эътибори анча баланд. Кармана туман Қишлоқ хўжалик бошқармасида ва собиқ “Нарпай” давлат хўжалигида узоқ йиллар бош ҳисобчи, иқтисодчи ва статист лавозимларида ишлаган бу қадрли инсонга кичиклар Раззоқ ака, Раззоқ тоға, деб мурожаат қилишса, катталар Раззоқжон, дейди меҳр билан ҳурматини жойига қўйиб. Ҳамқишлоқлари оддий ва камтарин бу инсондан ҳамиша маслаҳат олишга шошадилар.

Раззоқ ака катта-ю кичикка бирдай маслаҳатгўй. Ширин сўзини одамлардан аямайди, одамларга интилади, улар билан самимий ва дилкаш гурунглар қилади. Унинг ўзи каби суҳбатлари мазмунли, гурунглари қизиқарли. Бу инсон билан бир бор суҳбатлашган кишининг яна суҳбатлашгиси, яна дийдорлашгиси келади…

Раззоқ аканинг хотирасига ҳавас қилса арзийди. Салкам етмиш йиллик тарихни яхши билади. У киши баъзи воқеаларни йили, ойи, ҳатто кунигача аниқ айтиб бера олади. Аканинг ҳаётида яхши-ёмон кунлар ҳам ўтган. Масалан, собиқ шўро тузумида рўй берган “пахта иши” воқеаларида москвалик қаттол терговчилар зулмидан Раззоқ ака ҳам омон қолмаган. У киши терговчилар ҳузурига даста-даста ҳужжатлар солинган жилдлар билан эмас, шундоқ ўзлари – қоғоз-қаламсиз борганлар. Барча сўроқларига аниқ ва лўнда жавоблар бериб, терговчиларни лол қолдирган. Гдляннинг ўзи каби қаҳри қаттиқ зулмкор терговчилари у киши айтган катта-кичик рақамларни кейин ҳужжатлар билан солиштириб кўриб, Раззоқ аканинг хотирасига тан берганлар. Тўғри ва ҳалол ишлагани учун тергов гуруҳи бу инсоннинг ишидан, фаолиятидан хато ва камчилик топа олмади. Ҳатто уларнинг дўқ-пўписалари, зулмга асосланган сўроқ усуллари ҳам иш бермади. Соҳасини ниҳоятда пухта биладиган Раззоқ Ражабов мустаҳкам ирода билан ўзининг ҳақлигини, тўғрилиги ва ҳалоллигини исботлай олди. Аслида шу даражага етишнинг ўзи бўлгани йўқ. У болалиги ва ёшлигини шундай эслайди:

– Ўтган асрнинг 1954 йилида мактабга борганман. Ўша даврлардаги ҳаёт анча оғир ва машаққатли эди. Мактабга бориб келишнинг ўзи азоб. Лекин қийинчиликларга қарамасдан яхши ўқирдим. Битта костюм-шим билан мактабни тугатдим. Ўқитувчининг оғзидан чиққан гапини илиб олардим. Мактабни битириш арафасида отам оламдан ўтдилар. Биз, 12 нафар фарзанд онам билан қолдик. Мен катта фарзанд бўлганим учун онам уйланасан, деб туриб олдилар. Аввал кўнмадим. Кейин оиладаги вазиятни кўриб рози бўлдим. 1968 йил 28 августда тўйимиз бўлди. Сиртдан Тошкент иқтисодиёт университетини битирдим. Мана, 45 йилдан буён аёлим билан тинч-тотув ва аҳил яшаб келяпмиз. 6 нафар фарзанднинг ота-онаси, 15 нафар набиранинг бобо-бувисимиз. “Қўша қариш”, деб шуни айтсалар керак-да…

Яна ўқинг:  Hunarga havas, maqsadga harakat yetkazur

Оила ва фарзандлар тарбияси борасида бу оиланинг ўз тажрибалари ва сабоқлари бор. Тарбиянинг асосий илдизлари миллий анъаналар, қадриятлар билан бевосита уйғунлашиб кетган. Бундан ташқари оиланинг йўлбошчилари – раҳматли Ражаб бобо билан Саодат момонинг оиладаги ўзаро инсоний муносабатлари ва бир-бирларига бўлган инсоний меҳр-муҳаббатлари ҳам фарзандлар қалбига, ҳаётига кўчган. Бу оилада азалдан бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлиш, ҳар қандай ҳолатда ҳурматларини жойига қўйиш, қадрлаш ҳамда уй-рўзғор ишларида беминнат ёрдам бериш тўғри тақсимланган. Айниқса, ўта мураккаб даврда, энг оғир шароитда ҳам ҳалоллик оиланинг асосий маёғи бўлиб қолган. Бу оиланинг аждодлари ва авлодлари ҳалолликдан ҳикмат излаб, қут-барака топиб яшаб келаётир.

– Биласизми, ҳар бир оиланинг асровчи мустаҳкам қўрғони бўлади, – дейди Раззоқ ака суҳбатни давом эттириб, – раҳматли отам ҳам, онам ҳам жуда ҳалол инсонлар бўлганлар. Биз, фарзандларини ҳам ҳалол ризқ билан боққанлар. Улар оиланинг ҳақиқий ҳаловати фақат ҳалолликда, деб билганлар. Ҳалол бўлсанг ҳамманинг олдида сўзинг ўткир, юзинг ёруғ бўлади, дердилар. Қишлоқдаги кўплаб ҳалол оилалар ҳақида мароқ билан гапириб берардилар. Эсимда боғимизда 22 та ўрик дарахти бор эди. Еганимиздан ташқари ўриклардан уч қоп ғўлин олардик. То яна ўрик пишгунча ана шу ғўлин билан тирикчилик қилардик. Ғўлин бизнинг нон-ошимиз эди, сабр-қаноатимиз эди, экилган турфа ниҳоллар серҳосил дарахтларга айланди. Энди олдинги мазали ғўлинлар ҳам йўқ. Лекин ҳалоллик ҳамиша оиламизни асровчи қўрғон бўлиб келаётир. Ҳаром-ҳариш аралашса оиладан барака қочади. Ҳаром-ҳариш пуллар билан вояга етган болаларда меҳр-муҳаббат ва оқибат бўлмайди. Ҳалоллик одамни сабр-қаноатли, инсоф-диёнатли бўлишга ўргатади. Ҳалолликда ҳикмат кўп…

– Ота-онамизнинг бир-бирларига бўлган инсоний меҳри, самимий муносабатлари оиламизнинг тарбия жараёнидаги об-ҳавосини ва асосий муҳитини белгилаб берган, – дейди оиланинг катта фарзанди Кармана туманидаги 14-умумтаълим ўрта мактабининг тарих фани ўқитувчиси Зилола Ражабова. – Мактабда ўқиган пайтларимизда барча мажлисларга отам борардилар. Кундаликларимизни деярли ҳар куни текшириб кўрардилар. У киши фанларни анча мукаммал биладилар.

Отам ҳам, онам ҳам биз фарзандларини овоз чиқариб уришмаганлар, қаттиқ гапирмаганлар. Отам ҳамон фарзандлари билан яқин дўстидай, яқин ўртоғидай муомалада бўладилар. У киши мактабда яхши ўқигани боис, бизлар билан барча фанлардан тез-тез савол-жавоб қиладилар. Оиламиз анъанасига кўра паст ёки ёмон баҳо олиш азалдан уят ҳисобланади. Шу боис ҳаммамиз олий маълумот олдик. Бу ибратли анъана биз, фарзандларнинг ҳам оилаларимизга кўчган. 6 нафар фарзанд – турли соҳаларда ўз касбимиз бўйича ишлаб, Мустақил юртимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшяпмиз. Масалан, укаларим ва сингилларим; Назиржон Ражабов – Тошкент иқтисодиёт университетида катта ўқитувчиси, Анваржон Ражабов – Навоий шаҳар ҳокими ўринбосари, Гуллола Ражабова – “Микрокредит” банкнинг Навоий вилояти бошқармасида ходим, Навбаҳор Ражабова – Кармана туманидаги 21-умумтаълим ўрта мактабида инглиз тили ўқитувчиси ва Қаҳрамон Ражабов – “Қизилқумцемент” ОАЖда режа бўлими бошлиғи вазифаларида меҳнат қиляптилар. Ҳар доим ота-онамиз, оиламиз шаъни учун ўқиб-ўрганишдан чарчамаймиз. Оиламизнинг ибратли анъаналарини фарзандларимизга ҳам ўргатяпмиз.

Яна ўқинг:  ЎЗБЕКИСТОН – ЖАҲОН БОЛАЛАРИ НИГОҲИДА (2012/50)

Бу хонадонда фарзандлар билим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Айниқса, китобга меҳр бўлакча. Хонадон соҳиби Раззоқ аканинг ўзи китобхонлик масаласида ҳамиша ўрнак. Оила-аъзолари “Ўтган кунлар”дан “Бобурийнома”гача, “Навоий”дан “Улуғбек хазинаси”гача, “Уфқ”дан “Ёлғончи фаришталар”гача, “Олтин зангламас”дан “Икки эшик ораси”гача бўлган адабиётимиз дурдоналарини қўлма-қўл ўқиб чиққанлар. Оилавий китобхонлик оила-аъзоларининг маданияти ва маънавиятини юксалтиришни улар яхши биладилар.

– Муҳтарам Президентимиз бежиз 2012 йилни “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилмадилар, – деб мулоҳазаларини давом эттиради Раззоқ ака. — Эътибор беринг, “Мустаҳкам оила” иборасида катта ҳикмат бор. Оила мустаҳкам бўлмаса, жамият мустаҳкам бўлмайди. Асосий гап мустаҳкам оилани бунёд этишда. Ҳар доим, ҳамиша мустаҳкам оилалар шарофати билан жамият тараққий этган. Мустаҳкам оилалар жамият барқарорлигини таъминлаган. Биз, ўзбеклар учун оила ҳамиша муқаддас саналади. Комил инсон тарбияси ҳам оиладан бошланади.

Бола тарбиясида оиланинг вазифаси нақадар юксаклигини унутмайлик. Аслида уйнинг эгаси она. Шу учун онани болалар олдида койимаслик ёки унга танбеҳ, бермаслик керак. Фарзандлар олдида ота-онанинг самимияти ва меҳри балқиб туриши керак. Масалан, оила даврасида ёки меҳмонлар олдида келинга танбеҳ бермасдан, унинг камчиликларини ўғил ёки қайнона аста тушунтириши жоиз. Шунда ўртага совуқчилик тушмайди. Совуқчилик тушса меҳр қочади. Келин тарбия кўрган ва доно бўлса, оилада барака, меҳр мустаҳкам бўлади.

Энг муҳими оилада ҳам, оила-аъзолари орасида ҳам ёлғонга асло ўрин бўлмаслиги керак. Болага, агар фалон ишни қилсанг, сенга бир нарса олиб бераман, деб ҳеч қачон алдамаслик лозим. Бир ёлғон кўп ёлғонни бошлаб келади. Ёлғон ва ёлғончилик – оиланинг занги.

Сабр-қаноат қилган оила барака топади, тинч-тотув яшайди. Қаноатсиз оила хор бўлади. Болани ёшига қараб меҳр қўйиш керак. Унинг орзу-истакларини инсоф билан тушунтириб амалга ошириш лозим. Оилада албатта отанинг нуфузи баланд, шу билан бирга у ҳар жиҳатдан ибрат бўлиши шарт. Отанинг обрўйи, меҳрига жуда кўп нарса боғлиқ.

Биласизми, одам ҳаётдан нолиб яшамаслиги керак. Нолиш ожиз одамнинг иши. Одам шундай ақл ва донолик билан яшаши керакки, ҳеч қачон бировга зиёни тегмаслиги, ортиқча юк бўлмаслиги лозим…

Яна ўқинг:  MENI KUTAR PORLOQ KELAJAK

Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида ёзганидек: “Ақли расо ҳар қайси инсон яхши англайдики, бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди”.

Бебаҳо неъмат – фарзандларини вояга етказиб, уларни жамиятнинг фозил инсонлари қилиб тарбиялаган, уларнинг эзгу орзу ва интилишларини амалга оширишда ҳамиша мададкор бўлиб келаётган Раззоқ ака ва Қуралай опани чин маънодаги оилапарвар инсонлар, десак муболаға бўлмайди. Шунингдек, Раззоқ ака дўстпарвар, дўст ва дўстликни бениҳоя қадрлайди. У кишининг Фарғона, Наманган, Сурхондарё ва Хоразмда узоқ йиллик дўстлари бор. Соғиниб қолса, тамом, шартта дўстлар дийдорига ошиқади. У дўстлар баҳона мамлакатимизнинг водий ва воҳаларини кезишдан асло эринмайди, чарчамайди. Мустақил мамлакатимиздаги бунёдкорлик, юксалиш ва барча соҳаларда бўлаётган улкан тараққиётни кўриб, юртдошларимиз каби терисига сиғмайди. Болалардай яйрайди. Ҳайрат туйғулари қуйилиб келаверади:

– Биласизми, укажон, Ўзбекистонда бўлаётган жаҳоншумул ўзгаришларни кўриб юрагим тўлиб-тошади. Ичимда; шундай гўзал ва обод юртимизга илоё, кўз тегмасин, деб Худойимдан қайта-қайта сўрайман, дуоларимда такрор-такрор айтаман. Қани энди ёш бўлсам-у, енг шимариб ишга киришиб кетсам…

Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнашида, тараққий этишида шубҳасиз мустаҳкам ва ибратли оилаларнинг муносиб ўрни ва улуши бор. Жумладан, Раззоқ Ражабовлар оиласининг ҳам. Ниятимиз: ҳалолликдан ҳаловат ва ҳикмат топаётган бундай ибратли оилалар сони кўпаяверсин!..

Ашурали ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: