Аёл омон бўлса, оила чароғон

Тиббиёт соҳаси ходими бўлиш инсондан катта куч, ўз ишига масъулият билан ёндашиш ва фидойиликни талаб этади. Боиси, одамлар саломатлиги, ҳаёти бевосита улар билан боғлиқ.

Шифокор бемор дардини енгиллатиши учун унга керакли тавсиялар беради, ҳар бир хаста инсон билан ширин муомалада бўлади. Айниқса, у муолажа жараёнида касал одамнинг саломатлигини назорат қилади. Шундай экан ушбу касб эгаларини ҳар қанча эъзозласак оз.

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 35-оилавий поликлиникасида фаолият юритаётган малакали ва тажрибали гинеколог Наргиза Қиличева ҳам ана шундай ўз касбининг фидойиларидан. У мана 23 йилдирки, ушбу соҳада самарали фаолият юритиб келмоқда. Лавҳамиз қаҳрамони ўзининг меҳрибонлиги, тўғрисўз ва жонкуярлиги билан ҳамкасблари орасида алоҳида ажралиб туради. Ушбу тиббий муассасадан рўйхатдан ўтган туғруқ ёшидаги аёллар унинг доимий назоратида.

Ўтиб бораётган йил муассасамизда 600 нафардан ортиқ ҳомиладор аёл рўйхатга олинган, – дейди Наргиза Қиличева. – Биласизми, гинекологнинг масъулияти оғир. У ҳали ёруғ дунёни кўрмаган ҳомиланинг саломатлиги учун ҳам жавобгар. Шунинг учун туғруқ ёшидаги аёллар билан дўстона суҳбатлашаман. Уларга ўз саломатлигини асраши ҳақида ҳаётий мисоллар асосида тушунтириш ишларини олиб бораман. Уларда касаллик аломатларини сезсам, дарҳол чора кўриш зарурлигини уқтираман. Зеро, она саломат бўлсагина, ҳомила яхши ривожланади. Соғлом бола дунёга келади.

Уч фарзанднинг онаси Наргиза опадан фарзандлар тарбиясида ҳам ўрнак олса арзийди. Катта ўғли Камолиддин Самарқанд иқтисодиёт университетининг 3-босқич талабаси. Фарзандлари орасида касбининг давомчилари ҳам бор. Иккинчи ўғли Азизбек Сочи тиббиёт институти даволаш бўлимининг 1-босқич талабаси.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар замирида шарафли соҳа вакилларининг машаққатли меҳнати ётади. Тиббиёт ходимларининг эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлари сабаб шифокорлик касби бугун юксак мақомга эришди. Наргиза Қиличева каби фидойи тиббиёт ходимлари бор экан, юртдошларимизнинг бу касб эгаларига ишончи, меҳри ва ҳурмати кун сайин ортиб бораверади.

 

Чарос ХУШВАҚТОВА

Яна ўқинг:  Хусусий тиббиёт муассасалари акушерлик фаолиятини юритишга ҳақлими?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: