Таълим муассасалари: замон билан ҳамнафас одимлар

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш, уни замон талаблари даражасига етказишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ўтган давр мобайнида ҳукуматимиз томонидан таълим тизимига доир бир қатор Қонун ва қарорлар, дастурлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Мазкур ҳужжатларнинг изчиллик билан ижро этилиши натижасида мамлакатимизда таълим тизимининг бугунги қиёфаси дунё ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурида белгиланган вазифаларни оғишмай амалга ошираётган Самарқанд вилояти Ургут тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимида ҳам ибрат олса арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Айни вақтга қадар тумандаги 137 та умумтаълим мактабининг 44 таси тўлиқ қайта қурилиб, 3 та янги мактаб биноси барпо этилди ва 2 таси фойдаланишга топширилди. 32 та таълим масканида тўлиқ, шунингдек, 30 та мактабда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби учун янги бино қуриш ҳамда “Баркамол авлод” болалар маркази ва 4 та таълим муассасаси биноларини тўлиқ қайта қуриш, 1 та таълим муассасаси биносини жорий таъмирлаш ишлари 2014 йилнинг манзилли дастурига киритилган.

Бугунги кунда туман умумтаълим мактабларида 4 минг беш юз нафарга яқин малакали ўқитувчи, мактабгача таълим муассасаларида 180 нафарга яқин педагог ходим фаолият кўрсатмоқда.

2014 йилнинг ўтган даври мобайнида қатор таълим муассасаларига ташкилий равишда амалий-услубий ёрдам уюштирилди. Бунда таълим муассасалари услубий бирлашмаларининг меъёрий ҳужжатлари ўрганиб чиқилди ва камчиликларни жойида бартараф этиш бўйича тегишли маслаҳатлар берилди.

Жорий ўқув йилида 12 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси туман миқёсида, 1 нафар ўқитувчининг илғор иш тажрибаси вилоят миқёсида, шунингдек, 113-умумтаълим мактаби жисмоний маданият ўқитувчиси Барот Аҳмедов ва 118-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Акрам Суюнов республика педагогик грант­лари ғолиблари бўлиб, тажрибалари республика миқёсида оммалаштирилди.

Ўтган ўқув йили давомида мактаб кутубхоналари ва Ахборот-ресурс марказлари фондини дарсликлар, бадиий ва сиёсий, касбга доир адабиётлар, ўқув-услубий қўлланмалар билан бойитиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, таълим муассасалари “Шарқ зиё маркет” нашриёти томонидан нашр этилган 8 минг 900 дона лотин алифбосидаги бадиий адабиётлар, “Шарқ” наш­риёти томонидан чоп этилган 2 минг 136 дона сиёсий адабиётлар, шунингдек, қўлланмалар, дарсликлар, бадиий ҳамда касб­га доир адабиётлар, энциклопедия тўплами билан таъминланди.

Яна ўқинг:  Shifoxonaning yangi binosi

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2014 йил – Соғ­лом бола йили деб эълон қилиниши муносабати билан тумандаги барча таълим муассасаларда соғлом болани шакллантиришда таълим-тарбия тизими ва спортнинг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларни юқори малакали ва тажрибали педагоглар билан таъминлаш борасидаги ишларнинг кўлами янада кенгайди. Жумладан, бошланғич таълимнинг юқори сифатини таъминлаган ҳолда болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан ошириш, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, болалар, айниқса, қизлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Баркамол авлодни тарбиялашда “Оила, маҳалла, таълим муассасалари ҳамкорлиги” концепцияси асосида ўтказиб келинаётган “Соғлом болани тарбиялаш – бизнинг умумий вазифамиз”, “Бола тарбиясида оила ва маҳалланинг роли, аҳамияти ва масъулияти” каби мавзулардаги тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашув ва кечалар тумандаги барча таълим муассасаларида режа асосида амалга оширилмоқда. Бундай тадбирлар ёшларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга пухта замин ҳозирлайди. Биргина бу эмас, ўқувчиларнинг иқтидорини юзага чиқариш мақсадида ўтказилган фан олимпиадалари, турли спорт мусобақалари, “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзуидаги расмлар кўргазмаси, “Орас­та қизлар” кўрик-танлови ҳамда бир қатор беллашувлар янги номларни кашф этишда муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган болажонларнинг нутқини ошириш, уларнинг фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, келгусида болажонларнинг юксак иқтидор эгаси бўлиб камолга етишида муҳим ўрин тутади. Шу боис ҳам тумандаги 28 та мактабгача таълим муассасаси болалар интеллекти, мантиқий фикр­лаши барвақт ривожланишига кўмаклашувчи ва ҳаракатланишни ривожлантирувчи 6 хил турдаги кўргазмали қўлланмалар, дидактик материаллар, мантиқий ўйинлар ва ўйинчоқлар билан таъминланди .

Бугунги давр талаби соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишда давлат ва жамият томонидан кўрсатиладиган ёрдам ҳамда мададни кучайтириш, таълим муассасаларида замонавий талабларга жавоб берадиган шарт-шароитларни яратишдан иборат. Шу боис ҳам соғлом болани тарбиялаш бўйича илғор халқаро тажрибалар кенг кўламда ўрганинилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Жумладан, тумандаги 85-умумтаълим муассасасида ҳомийлар томонидан сун­ъий чим қопланган замон талабига тўлиқ жавоб берадиган спорт майдончаси қурилиб фойдаланишга топширилди.

Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этилишини таъминлаш мақсадида футбол, волейбол, стол тенниси, қўл тўпи, баскетбол, енгил атлетика, бадиий гимнастика, шахмат-шашка йўналишларида тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Туманда 73 та спорт зали мавжуд бўлиб, уларда умумтаълим мактабларининг 69 минг 880 нафар ўқувчи ёшлари ўз маҳоратларини ошириш билан биргаликда соғликларини ҳам мустаҳкамлаб боришмоқда.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2014/21)

Ургут туманида ёшларни соғ­лом ва юқори малакали спортчилар бўлиб камол топишларида 1, 2, 3- Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолияти ҳам яхши йўлга қўйилган. Малакали мураббийлар бошчилигида ўзлари қизиққан спорт турлари билан шуғулланаётган болажонлар ўқув йили давомида бўлиб ўтаётган турли спорт байрамлари ҳамда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси дастури асосида ҳар ойда мунтазам ўтказиладиган спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб келишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида 45 нафар чет тили фани ўқитувчи келгуси ўқув йилида 1-синфдан хорижий тилларни ўргатишга тайёрлаш учун махсус курсларга ўқишга юборилиши кўзда тутилган. Шунингдек, умумтаълим мактабларининг 2-синфлари учун чет тилларидан дарслик мажмуаларини белгиланган таянч мактабларида тажриба-синовидан ўтказиш ишлари амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда, тумандаги таълим муассасаларида олиб борилаётган ишлар кўлами бугуннинг талаби асосида ташкил этилган. Зеро, талабчанлик бўлган жойда ютуқлар ўз-ўзидан келаверади.

Абдуҳалим МЕЛИЕВ,

Ургут тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: