Соғлом буйраклар – организм таянч нуқтаси

Баъзан ён-атрофимиздаги бирор танишимизнинг белим оғрияпти ёки буйрагимда санчиқ турди, деган сўзларини эшитиб қоламиз. Буйрак хасталиклари ҳатто ёш болаларда ҳам учрайди. Аммо бу алоҳида мавзу. Қуйида биз Сиз азиз муштарийларга бу қўш аъзо фаолияти ҳақида маълумот беришни жоиз деб билдик.

Буйраклар умуртқа поғонасининг чекка ёнбошида бел соҳасининг қорин пардаси ортидаги клечаткада жойлашган. Ўнг буйрак тепасида жигар, чап буйрак тепасида қора талоқ мавжуд. Буйрак шаклига кўра ловияни эслатади. Узунлиги 10-12 см, оғирлиги 140-160г. бўлган буйрак юпқа бириктирувчи тўқимали парда (капсула) ва атрофлари қалин ёғ тўқимали қатлам билан ўралган.

Буйраклар организмдан унинг ҳаёт фаолияти жараёнида ҳосил бўладиган хилтлар ва организм учун кераксиз, заҳарли моддаларни ташқарига чиқариб юборади.

Уларда пешоб ҳосил бўлади. Кейин бу кераксиз суюқлик буйраклардан қовуққа тушади ва пешоб чиқарувчи канал орқали ташқарига чиқарилади.

Буйракда ташқи пўстлоқ ва ички мия қавати кўриниб туради. Унинг пўстлоқ қаватида тармоқланган буйрак артериясидан ташкил топган коптокчалар бўлади. Ҳар бир буйрак коптокчаси махсус капсула билан ўралган бўлиб, улар Шумлянский-Боумен капсуласи дейилади. Бу капсулани ўзига хос фильтр билан таққосласа бўлади. Бу ерда қонда йиғилиб қолган организм учун зарарли моддалар буйрак танаси коптокчаларидан каналчаларга тушиб, капсуладан ажралиб чиқади. Буйракда 1-, ва 2-, тартибдаги каналчалар фарқ қилинади. Улар буйракнинг ташқи пўстлоғи ва мия тўқималарида жойлашган бўлиб, ҳаммаси буйрак жомларига қўшилиб пешоб найи орқали қовуққа йиғилади.

Қон буйраклар орқали узлуксиз кечаю кундуз бир дақиқада тахминан 1 литр ўтиб туради. Шу туфайли организм хилтлардан тозаланади. Физиологик соғлом одамда бир кеча-кундузда кўпи билан 2 литр пешоб ажралиб чиқади. Бироқ, кўп миқдорда суюқлик ичилганда бу миқдор кўпаяди. Иссиқ кунларда ва қуюқ овқатлар ейилганда бу ҳолат камаяди.

Буйраклар фаолияти марказий асаб тизими томонидан бошқарилади. Пешоб ажралиши руҳий асаб зўриқишларида ошиши ёки камайиши мумкин. Қаттиқ ҳаяжонланиш беихтиёр пешоб ажралишига сабаб бўлиши мумкин.

Беморнинг шикоятларини сўрашда бел соҳасидаги оғриққа(буйракда яллиғланиш жараёни, тошлар, хавфли ўсма, турли ёпиқ жароҳатлар) аҳамият бериш керак. Оғриқ ўткир(буйрак санчиғи хуружи) ёки симиллаб турадиган, доимий (сурункали яллиғланиш жараёнида) бўлади. Бемор тез-тез пешоб ажратишидан ва бу вақтда оғриқ туришидан, пешобда аралашмалар ранги ўзгарган (оқ, тўқ қизил рангли) шикоят қилиши мумкин. Бу нефрит, гломерулонефрит, пиелонефрит, ўсма, тош касалликлари, цистит, (қовуқ яллиғланиши)уретрит учун хос.

Яна ўқинг:  Рубик кубигини йиғадиган робот

Пешобнинг мутлоқо ажралмаслиги синдурия дейилади (буйраклар зарарланганда, масалан, заҳарланганда пешоб ҳосил бўлиши тўхтайди). Пешобнинг кам ажралиши олигурия ва унинг кўп ажралиши полиурия физиологик четланишлар оқибатида, шунингдек, буйрак касалликлари ва бошқа аъзолар ҳамда тизимлар касалликлари оқибатида юз бериши мумкин. Соғлом одамда пешобнинг нисбий зичлиги 1,017 дан 1,024 гача ўзгариб туради. Доимо нисбий зичлиги паст пешоб ажралиши-гипостенурия-буйраклар фаолияти бузилганда бўлади. Буйрак ва пешоб йўллари касалликлари турли-туман бўлади. Бироқ, асосан маҳаллий (сил, буйрак-тош касаллиги ва пиелонефрит) ва умумий (нефрит, нефроз, гломерулонефрит) касалликларига бўлинади. Биронта касалликка хос белги билан бирга пешоб чиқариш аъзоларнинг қатор касалликлари учун ўзига хос белгилар ҳам мавжуд.

Беморни кўздан кечиришда юзининг шишганлиги ҳамда оқарганлигини пайқаш мумкин. Шишга тўғри баҳо бериш учун Мак-Клюр-Олдрич синамаси мавжуд. Билакнинг ички юзаси териси ичига 0,1 мл натрий хлорид изотоник эритмаси юборилади. Ҳосил бўлган кичикроқ қавариқ тезроқ(10-15 дақиқада) сўрилади. Соғлом одамларда эса бу қавариқ 40-45 дақиқадан сўнг сўрилиб кетади.

Пешоб лабораторияда текширилганда паталогик ўзгаришлар аниқланади. Яъни, юқорида айтиб ўтилганидек. Буйраклар хасталанганда пешобда гемотуриядан ташқари(қон элементлари), пиурия (йиринг пайдо бўлиши), альбуминурия (оқсил) кузатилади. Пешобни бактериологик текширилганда унда турли микроб турлари аниқланади.

Буйрак касалликлари диагностикасида функционал синамаларнинг аҳамияти катта. Мисол тариқасида клиник олим Зимницкий таклиф қилган синамани келтириш мумкин. Эрталабдан бошлаб беморлардан ҳар уч соатда пешоб йиғилади. Кундузги диурез (эрталаб 8:00 дан соат 20:00 гача ажратилган пешоб миқдори) ва тунги диурез(соат 20:00 дан эртасига эрталаб соат 8:00 гача) ҳисобга олинади. Пешобни 8 та шиши идишга йиғилади. Ҳар бир идишдаги пешоб миқдори ва нисбий зичлиги аниқланади. Нормада тунги диурез умумий диурезнинг (бир кеча-кундуз ичида ажратилган пешоб миқдори) қарийб 30 фоизини ташкил қилиши керак. Пешоб миқдори бир кеча-кундузда ичида ичилган суюқлик миқдорига тахминан мос келади. Унинг нисбий зичлиги турли порцияларда ўзгариб туради. Бу кўрсаткичларнинг бузилиши (пешоб нисбий зичлигининг пастлиги, тунги диурезнинг кундузгидан устунлик қилиши) буйрак фаолиятини издан чиқарадиган(масалан, сурункали нефрит ёки пиелонефритда) кузатилади.

Буйрак касаллигида ўрта ёшдаги кишиларга хос бўлган белгилардан артериал босимнинг ошишини қайд қилиб ўтиш мумкин. Бу ўткир ва сурункали нефритда кузатилади. Кўз тубининг ўзгариши ҳам шундай белгилардан саналади. Сурункали нефрит касаллиги бўлган беморларда қон босимининг ошиши натижасида аввалига кўз тўр пардаси томирлари сиқилиши юз беради. Кейинчалик эса томирлар склерози ривожланади.

Яна ўқинг:  Иссиқ кунларда қандай таомланган маъқул?

Буйракларни текширишнинг объектив клиник усулларида муайян қийинчиликларга дуч келинади. Чунки, соғлом буйракларни кўздан кечириш, ушлаб пайпаслаб(пальпация) кўриш ва перкуссия (тукиллатиб уриб кўриш) мумкин эмас. Сабаби буйраклар қорин парда орқасида жойлашган. Орқадан қалин ва тўғри бел мушаклари билан ўралган. Унинг олдинги томонида ичаклар бор. Беморни кўздан кечиришда патологик ўзгаришларни буйрак анча катталашганда (масалан хавфли ўсмада) ва олдинги қорин девори томонидан ёки бел соҳасида ўнг ёки чап томонидани бўртиб чиқиб турган ҳоллардагина пайқаш мумкин.

Буйраклар бемор ётган ва тик турган ҳолатида пальпация қилинади. Уларни текширишда ўзига хос пайпаслаш ва тукиллатиб уриб кўриш қўлланилади: шифокор чап кафтини белга ўнг ёки чап буйрак соҳасига қўяди. Кафт қирраси ёки бармоқлар учи билан ўртача куч ишлатиб буйраклар жойлашган соҳага уриб кўради. Агар шундай уриб кўришда бемор оғриқ сезса бу ҳолатда шифокор-олим Пастернацкийнинг мусбат белгиси тўғрисида фикр юритилади бу пиелонефритда (буйрак жомчаларидаги яллиғланиш жараёнида), (буйрак-тош) касаллигида учрайди.

Буйрак тошлари одам организимида овқатланишдаги пала-партишлик (бир хил овқатланиш ёки кўп овқат ейиш, гўшт ва қизил винони суистеъмол қилиш) авитаминоз, хусусан, А дармондориси етишмаганида моддалар алмашинуви(туз ва минераллар) жараёнларининг бузилиши натижасида кузатилади. Яна буйрак жомчаларидаги димланиш ҳолатларида, пешоб туриб қолганда тошлар пайдо бўлишига сабаб бўлувчи пешоб кислота тузлари (уратлар) кристалларидан ҳосил бўлиши мумкин.

Буйрак тошларининг таркиби турлича бўлиши мумкин. Уларнинг юмшоқ, қаттиқлиги ҳамда кўриниши ва ранглари шунга боғлиқ. Оксалатли тошлар тўқ қўнғир тусли, қаттиқ, юзаси ғадир-будир бўлади. Фосфатли тошлар оч кулранг, уратли тошлар сариқ-қизил рангли, силлиқ оксалатли тошларга қараганда унчалик қаттиқ эмас. Буйрак тошлари якка-якка ва кўп сонли (60-80 тагача ва кўпроқ) бўлиши мумкин. Уларнинг катталиги қум заррасидан то йириклиги тухумдай бўлади.

Бемор буйрагида тошлар борлигини узоқ йилларгача сезмаслиги мумкин. Касалликнинг асосий белгиси буйрак санчиғи хуружи ҳисобланади: белнинг ўнг ва чап томонидаги кучли оғриқ чов соҳасига ўтади. Бунда бемор қусиб ва ҳатто ҳушини йўқотади. Пешобда қон, янги эритроцитлар пайдо бўлиши мумкин. Буйрак санчиғи пайдо бўлишига қаттиқ жисмоний зўриқиш, силкитадиган йўлда юриш, сакраш, бел соҳасини бирон жойга уриб олиш сабаб бўлади. Бу ҳолатлар бевосита тош кўчишига туртки бўлиади. Пешоб йўли бекилиб қолганда (пешоб димланиши) гидронефроз ҳосил бўлади. Буйрак жоми йиғилиб қолган зарарли суюқликдан чўзилиб, кенгаяди. Агар тош қовуққа ўтган бўлса (одатда у катта эмас, силлиқ бўлади) буйрак санчиғи дарров тўхтайди.

Яна ўқинг:  Пародонтоз насл сурадими?

Думалоқ тош буйрак жомида бўлса у атрофидаги тўқималарни муттасил таъсирлантиради. Натижада буйрак касаллигининг ўзига хос белгилари бўлган яллиғланиш жараёни (пиелит ва пиелонефрит) пайдо бўлиши кузатилади. Бунда бемор белида тўмтоқ, доимий оғриқ бўлади. Вақти-вақти билан пешобда ўзгаришлар кузатилади, унда йиринг пайдо бўлади. Болалар асосан ўйнаб ва тўп тепиб, сакраб юрганида тўсатдан қорнида, белида кучли оғриқ пайдо бўлади. Улар уйга кириб ётиб оладилар. Заҳартанг қилсада пешоб чиқара олмайди. Пешоби томчилаб чиқади.

Буйрак санчиғи хуружи вақтида бел соҳасига иссиқроқ грелка қўйиш ёки илиқ ванна қилиш тайинланади. Ҳозирги вақтда буйрак хасталикларига ташхис қўйишда энг қулай енгил диагностик усул улътратовуш текшируви ҳисобланади. Тиббий кўрик жараёнида тошларнинг сояси буйрак жомида, пешоб найида ва қовуқнинг кириш жойида катта-кичик кўринишда яққол кўринади. Хуружлар орасидаги вақтда беморларга тавсия қилинадиган парҳез овқатларни аниқлаб олиш зарур. Бунинг учун пешоб билан ажралиб чиққан майда тошларни асосий таркиби аниқланади.

Фосфатли тошларда пешоб реакцияси ишқорий бўлганда карбонатли минерал сувлар, нордон сут маҳсулотлари, лимон чой, озроқ миқдорда гўшт бериш тайинланади.

Уратли тошларда беморнинг таомномасида ишқорий минерал тузлар мева-сабзавотлар кўп бўлиши ва гўшт чегараланиши керак.

Умуман олганда овқат рационни турли-туман (юқорида айтилганларни ҳисобга олган ҳолда) ва сифатли (оқсиллар, ёғлар, витаминлар, углеводларга бой) бўлиши керак.

Бемор кўп ҳарактланиши, гимнастика билан шуғулланиши, етарли миқдорда суюқлик ичиши керак.

Б.ҲАМИДОВ,

олий тоифали жарроҳ,

М.НОРОВ,

магистр резиденти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: