Алифбедан бошланар билимнинг илк сабоғи

Қумри Абдуллаева! Юртимиздаги 70 ёшли отахону онахонлардан тортиб, эндигина қўлига “Алифбе” китобини олиб ҳарф таниётган, улар жарангига маҳлиё бўлиб, “Она”, “Ватан” сўзини ҳижжалаб бўлсада ўқиш завқини тотган бола борки, бу номни яхши билади. Чунки, жажжи ўқувчи “Алифбе” деганда, қалбларига олам-олам қувонч бағишлаган, “билимлар мамлакати” аталмиш мўъжизавий оламга етаклаб кирган олима Қумри Абдуллаева тузган сеҳрли китобни тушунади. Ана шу китоб туфайли улар нафақат ўқиш, ёзишни, балки жумла тузишни, демакки фикрлашни ўрганишади. Шу тариқа опа минглаб қалбларга илм нурини сочади.

Мамлакатимиз таълим тараққиётига бетиним меҳнати, зукко тафаккури билан улкан ҳисса қўша олган олима, педагогика фанлари доктори, профессор Қумри Абдуллаева кўплаб болалар нашрлар саҳифаларида қизлар тарбияси, ахлоқ одоби ҳақидаги олиб борган суҳбатлари қизларимизнинг маънавий камолотига катта ёрдам бўлганини ҳанузгача мамнун бўлиб эслашади. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими“, “Эл– юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Қумри опа Абдуллаева хонадонига бордик. Онахон гарчи умрининг саксонинчи довонини ошиб ўтаётган бўлсада ҳануз ижодий фаолиятдан, илмий изланишдан, билганларини шогирдларига ўргатишдан тўхтагани йўқ. Нозиккина жуссасидан ғайрат, шижоат ёғилиб турган устоз билан мириқиб суҳбатлашдик. У киши босиб ўтган умр йўли, амалга оширган илмий ишлар фаолияти ҳақида яна бир бора эслашдик.

Қумри опа, кўплар Сизни “Минг боланинг онаси”, деб таърифлайди. Боиси Сиз минглаб қалбларга илм нурини сочиб келаётган инсонсиз.

– Бу илиқ таърифларни эшитганимдан хурсандман. Нокамтарликка йўйманг-ку, минг эмас миллион болага десак ҳам хато бўлмайди. Болалар менинг ҳаётим, қувончим. Мен ўқитувчилар оиласида ўсиб, улғайдим. Опа-акаларимга қараб, ўқитувчи бўлишни орзу қилардим. Кўплаб педагог йигитлар Иккинчи жаҳон урушига кетганлиги туфайли мактабларга ўқитувчилар етишмас эди. Мен Низомий номидаги Педагогика институтининг сиртқи бўлимига ўқишга кирдим ва ўзим ўқиган мактабда ўқитувчи бўлиб ишлай бошладим. Бу пайтда мен энди 16 ёшга кирган эдим.

Жуда ёш экансиз. Ўша даврларда ҳам ўқиб, ҳам ишлаш қийин бўлмадими?

– Ишим ўзимга ёққанлиги, ўзимдан катта одамларни ҳам мени диққат билан тинглашлари, ўқиш, ёзишни ўргангандаги қувончларини кўрганимда чарчоқларим унутилиб кетарди-да. Қолаверса, қийинчиликсиз мақсадга эришиб бўлмайди.

Яна ўқинг:  Эркакларнинг акушерлик ва гинеколия соҳасини танлаши борасидаги савол баҳсга сабаб бўлди

Республикамизда ва қатор Ҳамдўстлик мамлакатларидаги ўзбек мактабларида ўқиган ва ҳозирги кунда ўқиётган барча болаларнинг катта устозисиз. Бундай даражага эришиш осон кечмаган бўлса керак?

– 1958 йилда мени илғор ўқитувчи сифатида Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институтига таклиф этишди. Бу даргоҳда забардаст олимлар: Субутой Долимов, Асқар Зуннунов, Ражаб Жуманиёзов ва Гулсум Раҳимовалар меҳнат қиларди. Улар мени илиқ кутиб олишди. Илмий изланиш сирларини меҳр билан ўргатишди. Яхшиларга ёндашиб кўп нарсаларни билишга улгурдим. 1966-йилда номзодлик диссертациясини ёқладим. “Нутқ ўстириш”, “Ўқиш дарслари”, “Синфдан ташқари ўқиш” китобларимни нашр этишга муваффақ бўлдим.

Сизни ўзбек “Алифбе” дарслигини яратган биринчи олима аёл деб биламиз.

– Устозим, машҳур олим, Республикада хизмат кўрсатган ўқитувчи Оқилхон Шарафиддинов мени шогирдликка муносиб кўриб, “Алифбе” дарслигини яратишда ҳамкорлик қилдилар. Устоз билан китоб ёзиш мен учун шараф эди.

Биз нафақат ўз республикамиздаги ўқувчилар учун дарслик, балки Марказий Осиёдаги барча ўзбек мактабларида бошланғич таълимнинг янги босқичга кўтарилишига, ўқитувчилар иш фаолиятини такомиллаштиришга, педагогика ва руҳшунослик фанларининг сўнгги ютуқларини мактаблар ҳаётига жорий этилишига ҳаракат қилдик.

Таълимнинг самарали йўлларини белгилашда ўқувчиларни ортиқча юклардан озод этиш, ўйин машғулотлари орқали қизиқишларини орттириш, улар билимини баҳолаш масалаларига янгича ёндашиш, сайр-саёҳатлар орқали ўқувчиларни ўз ўлкаси тарихи, маданияти билан яқиндан таништириш, уйга вазифа беришни меъёрлаш каби илғор ғояларни жорий этишга алоҳида аҳамият бердик.

Сиз катта хонадон бекаси, энг бахтиёр аёллардан бирисиз, халқ таъбири билан айтганда ували-жували инсонсиз.

– Ҳа, мен жуда бахтиёрман. Умр йўлдошим катта олим, яхши инсон – Нусратбек ака билан мазмунли умр кўрдик. Қўша қаридик, комил фарзандларни вояга етказдик. Энди уларнинг роҳатини кўряпмиз, ҳурмат-иззатдамиз…

Тўнғич қизимиз Доимохон мусаввира. Хизмат юзасидан оиласи билан бир неча йилдирки Францияда яшайди. Гулдек фарзандлари бор. Энг муҳими Доимохон ўз асарларида ўзбек миллатининг урф-одатларини, она Ватан манзараларини акс эттириб, икки давлат Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги тинчлик, биродарлик ришталарини боғламоқда. Парижда бўлганимизда французлар у яратган асарларда ўзбек халқи тимсолини кўриб ҳайратланганларининг бир неча марта шоҳиди бўлдик.

Яна ўқинг:  Ота ҳунари – барака дастурхони

– Ўғлим – Журъатбек ҳуқуқшунос, жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида дарс беради. Ҳуқуқ бўйича докторлик диссертациясини ёқлаш арафасида.

Келиним – Ситорахон шогирдим. Ўндан ортиқ дарслик ва ўқув қўлланмаларни яратишда менга “қўшқанот” бўлди. Яқинда, биз иқтидорли болалар учун “Ўқиш китоби” яратдик. “Ўқитувчи” нашриётида босмадан чиқди. Ситорахон ҳам докторлик диссертациясини тугаллаш арафасида.

Неварам – Маликахон Раҳмонбекова Зулфия номидаги далат мукофоти соҳибаси. У ҳам изимиздан бориб бир неча илмий ва бадиий китоблар ёзди. Ҳозир икки фарзанди бор. Эвараларим билан суҳбатлашсам ёшариб кетаман. Жуда зукко болалар. Улар қиёфасида Ватанимизнинг нурли келажагини кўраман.

Олиманинг ҳикоясидан у босиб ўтган умр йўли, қўлга киритган ютуқлари, оилавий хотиржамлик ҳақидаги шукроналикни қалбан ҳис қилдик, дилимизда, битта умр бўлса шунчалик бўлади-да, деган ҳавас туйғуси ила устоз билан хайрлашдик.

Муҳаббат ҲАМИДОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: