Кексаликдаги парвариш мурувват ва бағрикенгликка асосланади
Паркинсон касаллиги – титроқ хуружи
Ушбу касаллик марказий асаб тизимининг суст ривожланувчи хасталиги бўлиб, сурункали ривожланиб боради. Бу хасталик брадикинезия (умумий ҳаракатнинг камайиши), тремор (титраш), ригидлик (қотиб қолиш) каби белгилар билан кечади. Яна касаллик ҳаракатларнинг сустлиги, мушакларнинг қаттиқ таранглашуви, бемор тинч турганда тремор ва рефлексларнинг бузилиши билан таърифланади.
Бу хасталик 100 минг нафар аҳоли ўртасида 60 тадан 180 тагача учрайди ҳамда ёш ўтган сайин бу касалликнинг учраш эҳтимоли ортиб бораверади. 60 ёшдан кейин ушбу касаллик билан 1-5 фоиз аҳоли оғрийди. Дунё бўйича 10 млн.га яқин одам ушбу дардга чалинган. Бу эса Паркинсон касаллигининг Альцгеймер хасталигидан кейин иккинчи ўринда турувчи нейродегенератив (асаб тизимининг бузилиши) касаллик эканлигидан далолат беради. Бу касаллик кўпроқ эркаклар орасида учрайди. Паркинсон касаллиги (идиопатик паркинсонизм) ва паркинсонизм синдроми бир-биридан фарқ қилади. “Паркинсон касаллиги” деганда наслий омиллар сабабли ривожланган касаллик тушунилади. Буни даволаш қийин. “Иккиламчи паркинсонизм” деганда бошқа бир касалликлар сабабли ривожланган хасталик тушунилади. Масалан, бош мия жароҳатлари ва унинг қон томирлари касалликлари, турли хил заҳарланишлар ва дорилар сабабли ривожланган иккиламчи паркинсонизм кузатилади. Агар хасталикка сабабчи асосий омил даволанса, иккиламчи паркинсонизм белгиларини бартараф этиш мумкин. Демак, иккиламчи паркинсонизм Паркинсон касаллигига қараганда енгилроқ даволанади. Кўп ҳолларда бунинг сабаби миянинг ички қисмида жойлашган қора модданинг бузилишидир. Ушбу касалликка энцефалит (бош мия яллиғланиши)лар, бош мия томирларининг зарарланиши, ятроген(тиббиёт ходимларининг ноўрин ҳатти-ҳаракатлари сабабли вужудга келадиган) омиллар, нейролептик препаратларни шифокор рухсатисиз ва пала-партиш ичиш сабаб бўлиши мумкин. Паркинсон касаллигининг ривожланишида наслий омиллар катта аҳамиятга эга. Чунки, касаллик наслдан-наслга доминант (устун ёки ошкора) тарзда узатилади. Бу касаллик беморнинг фарзандларига тўла ўтади дегани эмас. Ваҳоланки, Паркинсон касаллигининг ўзи эмас, балки унга мойиллик авлоддан-авлодга кўчади. Демак, ушбу дардга мойиллиги бор одамларда турли ташқи салбий таъсирларгина хасталикни юзага келтириши мумкин.
Турли кимёвий моддалар ва воситалар билан сурункали заҳарланиш касаллик ривожланишига сабаб бўлади. Масалан, олтингугурт, марганец, қўрғошин, метил ва этил спиртлари, фосфорорганик бирикмалар, ис гази яъни, мияда дофамин моддаси алмашинувига салбий таъсир кўрсатувчи моддалар шулар жумласидандир. Асаб тизими инфекциялари миянинг ички қисмида жойлашган қора моддани зарарлайдиган вируслар паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўлиши мумкин. Масалан, энцефалит касаллигини бунга мисол қилиш мумкин. Дориларнинг ножўя таъсири ҳам хасталикни ривожлантиради. Паркинсонизмга энг кўп сабабчи бўладиган дорилар – булар аминазин, галоперидол ва шу гуруҳга кирувчи дорилардир.
Гиёҳванд моддаларни қабул қиладиганларда паркинсонизм энг кўп ривожланади. Чунки, гиёҳванд моддалар айнан қора моддада ишлаб чиқариладиган дофамин моддасини парчалайди. Бош мия дофаминэргик нейронлари қорамтир моддасида, зангорисимон жойда ва бошқа дофамин сақловчи соҳаларда нерв тўқималарининг нобуд бўлиши юзага келади. Миядаги думсимон ядрода уларнинг миқдори камаяди. Паркинсон касаллиги ва паркинсонизмнинг етакчи клиник белгиси ҳаракатларнинг сустлиги ва мушак таранглигининг ошиши ҳисобланади. Паркинсонизм хасталигига юқорида таъкидлаб ўтилган учта асосий клиник белгидан ташқари беморнинг ўзига хос букчайиб туриш вазияти характерли. Хаста кишининг бош ва танаси олдинга энгашиб туради. Қўллари тирсак, билак ва кафтлар ораси бўғимларидан ярим букилади. Кўпинча улар кўкрак қафасининг ёки тананинг ён юзаларига маҳкам ёпишиб туради. Оёқлар тизза бўғимидан ярим букилади. Беморнинг юз ифодасидан мимиканинг камлиги қайд қилинади. Эркин ҳаракатлар суръати касаллик ривожланган сари аста-секин сусаяди. Баъзан бемор анча эрта бутунлай ҳаракат қилолмай қолади. У лапанглаб, майда-майда қадам ташлайди. Оёғини судраб юради. Агар беморни шифокор секин олдинга итарса, у йиқилиб тушмаслик учун югуради. Бу ҳаракатлар хаста киши ўтирганда, турганда, бошини орқага ташлаганда ҳам беихтиёр рўй беради.
Касал одам юрганда қўллар уйғун ҳаракат қилмайди. Бундай беморлар секин, шивирлаб гапиради. Сўзининг охири ичида қолади. Суст ҳаракат қилганда оёқ-қўлларда мушаклар таранглигининг ошиши туфайли уларнинг ўзига хос қаршилиги, яъни, “тишли ғилдирак’’ феномени қайд қилинади. Беморнинг оёқ-қўлларини шифокор секин букиб-ёзганда бўғимлар усти, хусусан, билак бўғими иккита туташган тишли ғилдиракка ўхшаб қолади. Хасталик беморда бутун тана ёки унинг бирор қисмидаги мушакларнинг бир маромда беихтиёр тебранма ҳаракатлар билан қисқариши ёки бўшашиши тарзида намоён бўлади. Тинч ҳолатда 50-80 фоиз беморларда титраш кузатилади. Касаллик бошланишида бир томонлама титраш, тинч ҳолатда эса тебраниш, жуда кучли ҳаракатланганда бу ҳолатнинг камайиши ёки бутунлай йўқолиши кузатилади. Уйқу вақтида қалтираш бўлмайди. Бемор руҳий зўриққанда ва чарчаганда қалтираш кучаяди.
Титраш кўпроқ қўл панжаси, оёқлар, жағ, тил ва қовоқларда кузатилади. Хаста кишининг ҳаракатлари секинлашади ва унинг тезлиги чегараланиб боради. Паркинсон касаллигида ҳаракатнинг издан чиқишида ниқобсимон юз қиёфаси пайдо бўлади. Бунда оғиз очиқ, қад-қомат ҳам мажбуран эгилган бўлади. Бундан ташқари чайнаш қийинлашганлиги сабабли қалқиш юзага келади ва ҳалқум мушакларининг ҳаракати сусайганлиги сабабли ютиш ҳаракатлари бузилади. Натижада беморда сўлак оқиши кузатилади. Ушбу касалликда яна нутқ секинлашган ва тушунарсиз бўлади. Кўриш фаолиятининг издан чиқиши сабали киприкларнинг очилиб-ёпилиши ҳаракати камаяди. Кўзнинг айланма мушаклари ва қовоқлар қисқариши бу дардга хос аломат. Беморда ёғ безлари фаолиятининг кучайиши, қабзият(ич қотиш) ёки пешоб ва нажасни тутолмаслик ҳамда жинсий фаолиятнинг бузилиши юзага келади. Кўпинча 50 фоиз беморларда қариялар ақли заифлиги-деменция ҳам ривожланади.
Паркинсон касаллиги биринчи марта 1817 йилда инглиз шифокори Ж.Паркинсон ўзининг “Титровчи фалаж ҳақида эссе” китобида ёзиб қолдирган ва касалликни қалтировчи фалажлик деб атаган. Ҳамма гап шундаки, бу касаллик билан унинг ўзи оғриган эди. У ўзида кечаётган касаллик белгиларини ён дафтарчасига ёзиб юради. Унинг қўллари доимо титрар, бутун танаси қалтирар ва гавдаси букчайиб бораётган эди. Шифокор танасидаги барча мушаклари гўёки қотиб бораётганини, бемалол қадам ташлаб юра олмаётганини сезади…
Жеймс Паркинсоннинг ўзида бу касаллик белгилари ёши 50 дан ошгандан сўнг пайдо бўла бошлаган эди. Яна бир нечта шундай беморларни ўрганган шифокор “Ушбу касаллик 50 ёшдан ошган кишиларда учрайди” деб ёзади. 1874 йили машҳур француз неврологи Жан Мартен Шарко бу касалликни чуқур ўрганиб, унга Паркинсон номини беради.
Паркинсонизм дардига учраган беморларга сутли ва ўсимлик маҳсулотларидан тайёрланган овқатлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Таомномада гўшт, тухум, сариёғ камроқ бўлиши лозим. Қовурилган овқатлар ейиш тавсия этилмайди. Беморни умри давомида эътибор билан даволаш зарур. Унинг ҳолати тез ёмонлашса кундалик тартибга риоя қилмаганликдан далолат беради. Шунингдек, руҳий тушкунлик ёки бошқа қўшилиб келадиган касалликлар ҳам хасталик кучайишига сабаб бўлади. Беморларда ҳаракат фаоллигини узоқ вақт давомида сақлашга интилиш керак.
Ҳаракат бузилиши кучайиб боришининг олдини олиш учун ҳар бир беморга ўзига хос жисмоний машқлар дастурини белгилаш яхши натижа беради. Даволаниш кўп ҳолатларда касаллик белгисига қараб олиб борилади. Хасталикни авж олиб боришини секинлаштирадиган дорилар гуруҳи ҳозирги кунда топилмаган. Баъзи ҳолларда нейрохирургик операция қилинади. Унинг самарадорлиги тахминан 60 фоизга тенг.
Касаллик секин ва бетўхтов ривожланиб мудҳиш оқибатга олиб келиши мумкин. Беморнинг яқинлари унга инсонпарварлик нуқтаи назаридан меҳру муҳаббат билан мурувват кўрсатишлари зарур. Зеро, оиладаги дўстона ва соғлом муҳит, оқилона овқатланиш, руҳий хотиржамлик бемор парваришида катта аҳамиятга эгадир.
Паркинсонизмни олдини олиш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, инфекцион касалликларни ўз вақтида даволаш, ушбу хасталикни юзага келтирувчи дори воситаларини истеъмол қилмаслик ва турли заҳарли таъсир қилувчи моддалар билан ишламаслик ёки мулоқотда бўлмаслик тамаки, спиртли ичимликлар, ҳамда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслик, тушкунлик ва руҳий зўриқиш ҳолатларидан сақланиш керак.
Абдураҳмон АБДУҒАНИЕВ,
Тошкент тиббиёт академияси даволаш факультети VII босқич талабаси