Ўқувчиларга хос касаллик
Янги ўқув йили бошлангач болаларда ўқувчиларга хос касалликлар ҳам секин-аста ўз ривожланишини бошлаб юборади. Уларни бу касалликлардан омон сақлаш учун олдини олиш тадбирларини канда қилмаслик лозим.
Жумладан, узоқни кўра олмаслик, сколиоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши), гастрит ҳамда руҳий-асаб тизими бузилишлари кабиларни мактаб касалликлари сирасига киритиш мумкин. Статистикага кўра, ҳар беш боланинг бири умуртқа поғонаси муаммоларидан қийналса, ҳар учтадан биттасини ошқозони безовта қилади.
Ўқув йили, айниқса, биринчи синф ўқувчилари учун қийин кечади. Янги кун тартиби, дарслар, таниш бўлмаган шароит туфайли боланинг руҳий ҳолатида ўзгаришлар кузатилади. Бу эса, ўз навбатида, асаб тизимига ҳам таъсир қилиб, ошқозон ичак, оғиз қулоқ бурун тизими сурункали касалликларининг пайдо бўлишига олиб келади. Шунингдек, гавда ҳолати ва кўриш қобилиятида ҳам ўзгаришлар рўй беради.
Сурункали гастрит касаллигига кўпгина ўқувчилар чалиниши мумкин. Бола ўқитувчи билан тил топиша олмаслиги, синфдошлари билан тортишиб қолиши, ёмон баҳо олиши каби ҳолатларда асабийлашади. Бу эса ошқозон-ичак тизимида турли бузилишларга олиб келади. Турли «фаст-фуд» ёки қовурилган таомлар билан овқатланиш, ирсий мойиллик натижасида касаллик янада зўраяди.
Ота-онада сурункали гастрит бўлса, болада ҳам бу касалликка чалиниш хавфи ортади. Боланинг сурункали инфекциялар – тиш кариеси, бодомсимон безлар яллиғланиши, гайморит каби хасталикларга чалиниши эса касалликнинг янада жиддий тус олишига сабаб бўлади.
Гастрит аломатлари ҳар доим ҳам кўзга ташланавермайди. Гастритга чалинганда болада қуйидаги аломатлар кузатилади:
• ранги ўзгаради;
• иштаҳаси йўқолади;
• тез толиқади;
• жиғилдони қайнаб, кўп кекиради;
• кўкрак чуқурчасида нохушлик сезиб, қорни дам бўлади;
• кўнгли айнийди;
• қабзият (ич қотиши)дан қийналади.
Касаллик қўзғалганда эса бу аломатлар кучаяди.
Тавсия: болани эрталаб нонушта қилишга ўргатинг. Унга фойдали (гречка, гуручли) бўтқа тайёрлаб беришдан эринманг. Боланинг портфелида доим қайнатиб совутилган сув бўлсин. Танаффус пайтида ейиши учун ҳам бирор егулик беринг. Егулик қуруқ печене ёки шоколаддан иборат бўлмасин. Ўқувчи фарзандингизга олма ёки йогурт, пишлоқли нон, ҳеч бўлмаганда қуритилган мева бериб юборинг.
1-синф ўқувчиларининг ҳар учтадан бирида сколиоз аломатларини (елка ва қомати букчайган, боши эгилган бўлади, оёғини судраб юради) кўриш мумкин. Вақт ўтиши билан бу муаммо чуқурлашиб бораверади. Энг аввало болага қоматини тўғри тутишни ўргатинг: деворга суянганда унинг гардани, елкалари, курак суяги, думбаси ва товони деворга тегиб туриши керак. Бунинг учун кўкрак кериш, бошни баланд тутиш талаб этилади. Бундай ҳолатда туриш албатта чиройли, аммо бола шу тарзда юришга ҳам ўрганиши лозим.
Мушаклар ўрганмагани учун бу аввалига бироз қийин кечиши мумкин, аммо фарзандингизнинг умуртқа поғонаси ҳақида қайғурсангиз, болага шундай юришни ўргатинг. Акс ҳолда, умуртқа поғонасида қийшайиш юзага келади, ички аъзоларида ўзгариш содир бўлиб, эзилади. Бу эса кўпгина касалликларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун кўкрак қафасининг орқа мушакларини мустаҳкамлаш лозим. Бу айниқса умуртқа поғонаси ўсиб бораётган болалар учун муҳим. Сколиоз касаллигига чалинган ёки мойиллиги бор болаларга сузиш машқлари тавсия этилади. Шунингдек, ўқувчи боланинг суяклари саломатлиги учун турли жисмоний машқлар (эрталабки гимнастика) билан шуғулланиш фойдали.
Тавсия: фарзандингизнинг портфелига аҳамият беринг. Уни иложи борича енгиллатинг. Боланинг мактаб сумкаси рюкзак шаклида бўлгани яхши. Дарс тайёрлаётганида стулдан оёқлари осилиб турмаслиги, суянчиғига суяниб, тирсакларини эркин равишда столга қўя олиши лозим. Шунингдек, боланинг таомномасида калцийга бой (творог, пишлоқ) маҳсулотлар бўлиши зарур.
Мактаб даври бошланган илк кезларда ўқувчи боланинг кўзлари анча толиқади. Ўқиш, ёзиш каби машқларнинг барчаси яқин масофадан амалга оширилади. Шу сабабдан мия кўзларга тушаётган оғирликни енгиллатиш учун яқиндан кўришни осонлаштириб қўяди. Натижада, бола узоқни яхши кўра олмайди. Бола мактабдан уйга қайтиши билан телевизор ёки компьютер экранига тикилиши ҳам кўзлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Тез-тез касалланадиган болалар узоқни кўра олмаслик дардига кўпроқ учрайди.
Тавсия: ҳар куни болага кўз ўткирлиги учун машқ қилишни одат қилдиринг. Бунинг учун ўнг ва чап кўз ёрдамида навбатма-навбат китоб ўқиш лозим. Китобни жажжи ўқувчининг қаршисига тик ҳолатда қўйинг. Бола ҳарфларни бемалол кўра оладиган 35 см. узоқликда ўтирсин. Ўнг кўзини ёпиб, иккинчи кўзи билан 10-15 дақиқа китоб ўқитинг. Сўнг чап кўзи билан ҳам худди шундай ўқисин. Бунда кўз мушаклари мустаҳкамланади, кўриш ўткирлашади. Шунингдек, бола танаффус пайтида, уйқу олдидан кўзларини юмиб, кўз соққасини айлантириши, ҳарф ёки сонларни «ёзиши» мумкин. Бу ҳам кўз мушакларини бақувватлаштиради, қон айланишини яхшилайди.
Бола кунига 15 дақиқадан ортиқ телевизор кўрмаслиги, мониторга тикилиб ўтирмаслиги керак. Таомномасида витамин ва антиоксидантларга бой маҳсулотлар: ёнғоқлар, ўсимлик ёғлари, аскорбин кислотали мевалар бўлиши лозим.
Бола инжиқ ва асабий бўлиб қолишининг сабаби тарбияда йўл қўйилган хатолар ёки кичкинтой табиатидаги нуқсонларга боғлиқ, деб ҳисобланади. Аммо бу ҳар доим ҳам тўғри бўлиб чиқавермайди. Баъзи ҳолларда бу боланинг ортиқча чарчаётгани, мактабдаги руҳий сиқилиш дараги бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун ота-она ўз фарзандига эътиборли бўлиши, бола ўзини қийнаётган муаммолар ҳақида уларга айта билиши лозим. Боланинг дарс тайёрлаши ва баҳолари билангина эмас, мактаб ҳаёти ҳақида ҳам қизиқиб кўринг.
Мактаб неврозларининг асосий сабаблари: ортиқча толиқиш, уйқуга тўймаслик, жуда кўп шуғулланиш, қўшимча тўгарак ёки дарсларга қатнаши… Албатта, боланинг мактабда ўқиши муҳим, аммо бу саломатлигига зарар қилмайдиган тарзда амалга оширилиши лозим.
1-синфга борган болада ўқув йили сўнгига келиб, узоқни кўра олмаслик – миопия касаллиги вужудга келиши мумкин. Шунингдек, уззукун компьютерга тикилиш, телевизор кўриш ҳам бу касалликни келтириб чиқаради.
Бу кўз касаллигига чалинишнинг яна бир хавфли даври – 11 ёш. Болада ўсмирлик даври бошланади, организм фаол равишда ўса бошлайди, тез чарчайди, дарслар оғирлашиб боради. Натижада бутун организм, жумладан, кўзлар ҳам стресс ҳолатига тушади.
Афсуски, миопия касаллигидан бутунлай қутулиб бўлмайди. Тиш ва бодомсимон без касалликлари, иммунитет пасайиб кетиши миопиянинг ривожланишига олиб келади.
Бу касалликка чалинган болаларнинг кўриш қобилиятини 18 ёшдан сўнг жарроҳлик йўли билан тўғирлаш мумкин.
Болалардаги кўриш қобилиятини кўзойнак ёки линзалар ёрдамида сақлаб туриш керак. Албатта мактаб ёшидаги болалар учун линзага нисбатан кўзойнак тақиш хавфсиз.
Тадқиқотлар натижасида кечки линзалар кашф қилинган. Бу линзалар миопия ривожини секинлаштиради. Шунингдек, бола компьютерда ўтирганда махсус нурфилтрли (антиблик) кўзойнак тақиши, доимий спорт билан (оғир атлетика, боксдан ташқари) шуғулланиши зарур. Болани йилда бир марта мутахассис шифокорга кўрсатинг.
Муҳаббат НАСИВАЛИЕВА,
олий тоифали болалар шифокори