Томоғингизга нимадир тиқиляптими?

Айрим одамларда таомланаётган пайт луқма томоқда тиқилиб қолгандай бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу ҳолат бир неча хавфли касалликлар, яъни ҳалқум ёки қизилўнгач ўсмаси аломати бўлиши мумкин.
Томоқдаги ноқулайлик, овқатни чайнаш ва ютиш пайтидаги қийинчиликлар барча ёшдаги инсонларда кузатилади. Бу эса бир неча касалликлар сабаб пайдо бўлиши мумкин.


Хусусан, тонзиллит, дисфагия, сурункали невроз ва буқоқ каби хасталикларда кўпинча томоқда тиқилиш ҳисси юзага келади. Ҳатто, бу – ҳалқум ёки қизилўнгач ўсмаларининг белгиси бўлиши ҳам мумкин. Касалликнинг асл сабабини аниқлаш учун бир нечта шифокор кўригидан ўтиш тавсия этилади.


Буни эса гастроентеролог қабулидан бошлаш мақсадга мувофиқ. Ушбу мутахассис томонидан тайинланган тиббий текширувлардан сўнг овқат ҳазм қилиш органлари қандай ҳолатда эканлиги ва улар ўз вазифаларини қанчалик яхши бажараётгани аниқ бўлади. Агар беморда қизилўнгач ёки ошқозон касаллиги бўлмаса, кейинги босқичда эндокринолог кўригидан ўтилади.


У эса қалқонсимон безнинг умумий ҳолатини билиш учун бир нечта тиббий текширувлар тайинлайди. Одатда ушбу босқичда нима учун овқат истеъмол қилгандан кейин томоқ соҳасида ноқулайлик сезилаётганининг сабаблари аён бўлади. Агар қалқонсимон безнинг ультратовуш текшируви органнинг патологияларини аниқламаса, оториноларингологдан тиббий маслаҳат олиш керак. Эҳтимол бу ҳолат тонзиллит туфайлидир.
Ташхиснинг якуний босқичи невролог қабулига бориш билан якунланади. Боиси, томоқдаги тиқилиш ҳисси стресс ёки сурункали неврозлар туфайли ҳам юзага келиши мумкин.

Касалликнинг ҳақиқий сабаби аниқлангач, муаммони бартараф этиш янада осон бўлади. Шундай экан саломатликка ­эътиборли бўлиб, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилинг.

Азизбек НИЗАМОВ,
Олмазор туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: