Михаил ПРИШВИН. Биринчи “ку-ку”лаш

Очиқ кўл. Унинг ёнида туриб, кўнглимдан фақат бир ўй ўтади – сув ёқалаб, ўрмонга кириш. Ўрмон ичидаги Усолье қишлоғида қайиқ усталари яшашади. Уларнинг олдига боришим керак.

Кўлнинг ўнг томонида баланд қарағайзор шовуллайди, чап томонда ёввойи ботқоқли ўрмон ёйилиб кетган. Атрофни катта-катта ботқоқлик кенгликлари қамраб олган. Қарағайзор. Қуёш нурининг заррин парчалари ўрнашиб олган майда мевали резавор бута ўсимликлари бўйлаб кетарканман, кўзимга ҳаракатланаётган аллақандай соялар чалинади. Бошимни баланд кўтариб қарасам, улар – у қарағайдан бу қарағайга овоз чиқармай учаётган калхатлар экан.

– Эрталабки совуқ ҳаво кечга бориб ўтиб кетди. – деди бизга ўрмончи.

– Ҳа, тонг, анчагина салқин эди, – дедим.

– Эрта тонгданоқ осмону фалакни қушлар чуғури тутиб кетганини кўрсангиз эди! Худди шу дамда қичқириқ янгради. Шунда биз йиқилиб тушган қайиннинг устига ўтириб дам олдик. Қаршимдаги улкан шумурт дарахтига қарадим. “Ку-ку”лашни зўрға илғаб олдик. Бу овоз акс садо бериб қарағайзор бўйлаб, сузиб кетди. Сайроқи қизилиштонлар, кичик-кичик қушлар ҳам сайраб, яйраб кетишди. Бутун қарағайзор гумбурлади. Аммо ҳеч кимнинг кўзи тушмас баланд-баландларда у шохдан – бу шохга учиб қўнаётган ваҳший калхатлар қанотларининг соялари бутоқларга, майса юзларига келиб уриларди.

КАККУ

Қулаб тушган қайин устида дам олиб ўтирган пайтларда менинг борлигимни билмай яқин жойга какку келиб қўнди. Бироз ғулдириб олди-да: “Қани, уришиб кўрай-чи, нима чиқаркин?” – дегандай, “ку-ку”лашга тушди.

– Бир! – эски одатимга кўра,яна неча йил яшашимни билмоқчидай санай кетдим.

– Икки!

У ўзининг иккисини айтди-ю, мен ўзимнинг “Уч”имни айтишга чоғланган ҳам эдимки:

– Кук! – деди-ю, учди-кетди.

Ўзимнинг “Уч!”имни айтолмадим-насиб қилмади. Яхшига оз вақт ажратилгандай туюлди менга. Аммо бундан хафа эмасман, мен етарлича яшадим. Ачинарлиси шуки, қандайдир йилларни ўзида қамраб турган мана шу “икки”да катта, улкан ишларни бошласанг-у, бирдан, “Кук” – кесиб юборса…Ҳаммаси тугайди! Шунинг учун янги иш бошлаш шартмикин? “Шарт эмас!” – деб ўйладим ҳатто…

Аммо ўрнимдан туриб, қайинларга қарадим. Кўнглим бирдан ёришиб кетди. Қулаб тушган бу ажойиб қайин умрида сўнгги янги баҳор учун куртакларини гуллата бошлади.

МУСИЧА

Ғулдираётган мусичанинг сокин товушлари ўрмон аҳлига яхшиликдан аломат. Ҳаёт давом этмоқда.

ЗАРҒАЛДОҚЛАР

Қарағайлардаги ёруғлик узоқ-узоқлардан ҳам кўриниб турарди. Жавдарлар тиззага уради. Дарахтлар, баланд бўйли ўт-ўланлар, гуллар ясаниб олишган. Эрта баҳор учиб келадиган қушлар ҳам жим қотиб туришибди: ота қушлар эринчоқлик билан ўзларига қулай жой танлашмоқда, она қушлар эса уяларида рўза тутмоқдалар. Ўрмон ҳайвонлари болаларига емак ахтариб топиш ғамида. Деҳқоннинг ўйида эса – баҳор юмушлари, ер ҳайдаш, уруғ қадаш.

Яна ўқинг:  Улуғ шоирга эҳтиёж

Зарғалдоқлар учиб келишди, узунқанот қушлар, қирғоқ бўйи қалдирғочлари сайрай бошлашди. Тунги ёмғирдан сўнг тонгни қалин туман қоплади. Бироздан сўнг қуёш чиқди, тиниқ ҳаво ёйилди. Қуёш ботиш олдидан яна тоғдан кўлга ҳаво ўзгариб, оқиб келди. Кўл ҳамон мавжланиб турарди. Қуёш мовий булутлар ортига яширинди, ўрмон узра осилиб турган улкан ёйиқ нурсиз шарга айланди.

Зарғалдоқлар ўзгарувчан, беқарор ҳавони яхши кўришади. Улар қуёш гоҳ чарақлаб, гоҳ булутлар орасига яшириниб олишидан, шамол баргларни тўлқинлатиб ўйнатаётганидан завқланишади. Зарғалдоқлар, қалдирғочлар, узунқанот қушлар, балиқчи қушлар шамол билан қон-қариндошдай.

Ғира-шира тонг. Бирдан ҳаво дим бўлиб кетди. Катта-катта қора булутлар босиб кела бошлади. Шамол турди. Зарғалдоқларнинг най наволари, қалдирғочларнинг қий-чуви остида булутлар парчаланиб кетди. Қишлоқнинг ортигами, ўрмонгами кўчишди, аммо тезда яна кучайишиб, шамолга қарши қоп-қора, улкан ва шиддатли булутлар қайтиб келишди.

Кўл ҳаяжонланди. Шамол шамолга, тўлқин-тўлқинга урилиб, қушлар қанотининг соясидай қоп-қора доғлар кўлнинг у учидан бу учига шитоб билан бориб келишарди. Қирғоқда чақмоқ чақнади, момоқалдироқ гумбурлади. Зарғалдоқ куйлашни тўхтатди, узунқанотлар ҳам қунишиб олишди. Фақатгина булбуллар бўғзига катта-катта илиқ томчилар урилмагунча сайрашди. Осмондан челаклаб сув қуйила бошлади.

НОМАЪЛУМ ДЎСТГА

Нурли, шабнамли тонг. Бу худди очилмаган ерга ўхшайди. Осмоннинг кўз илғамас парчасидай, бу тонг – бутунлик. Ҳали ҳеч ким уйғонмаган, ўрнидан турмаган. Ҳеч ким ҳеч нарсани кўриб улгурмаган. Фақат сен ҳаммасини биринчи бўлиб кўриб турибсан.

Булбуллар баҳор қўшиқларини бошлаб юборишган. Хилват гўшаларда момоқаймоқлар барқ уриб туришибди. Қайдадир намхуш қора соялар остида марваридгуллар оқариб кўринади. Булбулларга жасур ёз қушлари қўшилишди. Айниқса, зарғалдоқларнинг най оҳанглари борлиқни эритиб юборди. Атрофни бетоқат карқурларнинг шовқин-сурони тутиб кетди. Қизилиштонлар ҳам ўз полапонларига емак ташишдан чарчашди шекилли, бироз дам олиш учун улардан узоқроқдаги буталарга ўтириб олишди.

Ўрнингдан тур, дўстим! Тарам-тарам бўлиб турган бахтинг нурларини териб ол, дадилроқ бўл, курашни бошла! Қуёшга кўмаклаш! Эшит, какку ҳам сенга ёрдамга шошилмоқда. Қара, бўктарги-йиртқич қуш ҳам сувда сузмоқда. У оддий қуш эмас. Бу тонгда у биринчи бўлиб сувда сузмоқда. Мана, зағизғонлар ҳам шудрингларда ялтираб, йўлга чиқишди. Эртага улар худди бугунгидай товлана олишмайди, эртанги кун ҳам бугунгига ўхшаб келмайди. Эртага бу зағизғонлар бутунлай бошқа жойларда бўлишади. Бу тонг – ягона. Уни ҳали ер юзи бўйлаб бирон-бир киши кўрмади фақат сен ва номаълум дўстинг кўриб турибди.

Яна ўқинг:  Qorovultepa sohillarida

Инсонлар ер юзида ўн минг йиллаб яшашди, уни қазиб, бойликлар излашди, бойликлар тўплашди. Бир-бирига қувончлар улашишди. Сен ҳам бир куни дунёга келишинг, шу бахтни кўришинг, шу нурларни териб олишинг ва қувонишинг учун қилишди буларнинг ҳаммасини. Дадил бўл, дўстим!

Юрак кенгайиб кетди – арчалар, қайинлар не ажиб! Мен қўзларимни қарағайларда товланиб турган яшил нурлардан ва арчаларнинг қизил ғуддаларидан узолмайман. Арчалар, қайинлар – мукаммал гўзаллик!

БИРИНЧИ БУЛБУЛ

Дарёдан кўлга кўчиб ўтишда, бу ғувиллашда, бу новда-бутоқларда бирдан сув буқаси бор овози билан қаттиқ бўкириб юборди. Бу – катта кулранг қуш ҳайвон каби бутун танаси билан бўкирарди. У сув отига ўхшаб кетади. Кўл яна бутунлай тинчланди, тиниқлашди. Шамол кун бўйи кўл сувини ювиб чиқди. Сувдаги энг нозик товуш ҳам олисларга эшитиларди.

Сув буқаси ўзини сув ичига тортди. Сўнг бутун сукунатни бузиб, “Уҳ! “ тортиб юборди. Бир, икки, уч, ўн дақиқалардан сўнг яна ўша – “Уҳ!” Ҳар бир “Уҳ!” уч мартадан олти мартагача такрорланди.

Усолье қишлоғида эшитган ҳикояларимни эсладим. Бир балиқчи кўл бўйлаб сузганида уни тўлқинлар айлантириб, водий бўйидаги сойнинг гирдобига тортиб кетибди. Мен қирғоқ соялари тушиб турган жойлар ёқалаб суза бошладим. У ерда булбуллар сайрашарди. Узоқлардан турналар овози келди. Кўлдаги “тиқ” этган товуш ҳам қайиғимизга эшитиладиган даражада атрофни сукунат босди. Кутилмаганда бир томондан ҳуштакчи қушлар шовқин солишар, бир томондан, қораликлар бир-бири билан уришишар, бир томондан турли-туман ўрдакларнинг хори бошланган эди.

У ер-бу ерда ҳар жойга қоқиладиган қозиқдай катта сув қушлари ва балиқчи ўрдакларнинг бўйинлари сув юзасига қалқиб чиқар, зум ўтмай улар шўнғиб кетишарди. Бинафшаранг сувнинг мавжларида майда чўртанбалиқларнинг оппоқ қоринлари кўриниб кетар, ката-катта бошлари уларни янада улканлаштириб кўрсатарди.

Осмонни булутлар қоплади. Мен қорайиб турган чап томондаги қирғоққа қараб суза бошладим. Сув буқаси ҳар гал “Уҳ!” тортганида бу товушдан сеҳрлангандай у неча марта “Уҳ!” лашини санай бошладик. Бу товушни икки чақирим наридан ҳам эшитиш мумкинлиги ҳайратланарли эди. Сўнгра уч, ҳатто етти чақиримгача бу товуш эшитилиб турди. Ниҳоят, Гремячий тоғларига яқинлашганимизда атрофни сон-саноқсиз булбуллар қўшиғи босиб кетди

Яна ўқинг:  Бадиий гимнастика

ЎРМОН ЎЙЛАРИ

Биз эски қизилиштон уяси бор тоғтеракни топдик. Унда бир жуфт майна уя қурибди. Яна битта тўртбурчак шаклидаги эски кавакни кўрдик. Дарахтда узун бўйли йиртқичга кўзимиз тушди, у отилиб чиқди.

Арчаларда иккита олмахон уясини кўрдик. Гуллар пастга шу қадар чирмашиб кетишганки, ҳеч нарсани кўриб бўлмайди. Иккита олмахон уяси арчанинг ўртасида жойлашган, шундан билса бўладики, олмахонлар – ўрмоннинг ўрта қаватларида. Олмахон пастда ҳам юрибди, унчалик баланд бўлмаган дарахтга чиқишини кузатдик, у қишки либосда эди.

Дарахт танасида чигирткалар, қумурсқалар айланишар, афтидан, бу ерда уларнинг уяси бор эди. Қоровул қорақарға ўз уясидан бир чақирим нарида қичқириб, айланиб учиб борди. Шитоб билан учаётган карқур қирғий йўлини кесиб ўтди. Йўлдан адашди шекилли, нохуш кайфиятда дарахтнинг қуруқ шохларига ўрнашиб олди. Унинг боши оппоқ эди.

Қизилиштонлар уясини қўзиқоринларни излагандек излашга тўғри келди. Кўзинг, кўз қиринг етган жойларгача эьтибор берасан, ҳаммаёқни диққат билан кузатасан пастликлар ва баландликлар. Албатта, қизилиштонлар уяси ҳамиша юқорида бўлади. Пастдан ҳам қизилиштонни излаш сабаби – бу пайтда қизилиштонлар ўзларига уя қуришга киришади. Ўт ўсаётган ердан кўриниб, юзага чиқиб турган очиқ дарахтларнинг томирларини чўқилаб кўра бошлайдилар. Шундан қизилиштон ўзи учун қайин дарахтини танлаб олганини билиб олиш мумкин. Қизилиштон ўзига керакли бўлган дарахтни дарров тополмайди, машаққат чекади. Биз учратган бу уялар бир-биридан катта бўлиб, улар тоғтерак остида, қўзиқоринлар мўл-кўл жойда бўларди. Бунинг қизилиштонга нима фойдаси бор – уни ёмғирдан сақлайдими ёки қўзиқоринлар устида дарахтни тешиши, чўқилаши осонми, билолмадик ҳали.

Унчалик катта бўлмаган, қулаётган, чириётган қайинларнинг танасидаги уяни кўриш янада қизиқроқ туюлади. Уянинг баландлиги тўрт метрча бор. Биттаси – энг тепаликда, иккинчиси – пастроқда, қўзиқоринлардан сал баландда. Бу дарахт танаси ёнида унинг қулаб тушган энг юқори қисми – қуриган, чириган. Унинг ичига сув тўлибди. Уяни ушлаб турган дарахт танаси мустаҳкам эди. Лекин силкитсанг, қулаб тушадигандай. Қизилиштон уни уя, яшаш учун тешмагандир, эҳтимол…

Рус тилидан Ойгул СУЮНДИҚОВА таржимаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: