ҲАФТАЛИК КЎТАРИНКИ РУҲДА ЎТМОҚДА

Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида 21 апрель куни “Тасвирий ва амалий санъат” фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маълумки, тасвирий санъат йўналишидаги тадбирлар, турли танлов ва кўргазмалар навқирон авлод маънавиятини юксалтириш, уларни санъатнинг энг нодир намуналаридан кенг баҳраманд этиш, янгидан-янги истеъдод соҳибларини вояга етказишдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Бу йилги фестиваль Кексаларни эъзозлаш йилига бағишланган. Беш кун мобайнида Марказий кўргазмалар зали, Халқаро маданият карвон саройи, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси, Тошкент Фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод мемориал боғ-музейи, Ўзбекистон давлат санъат музейида тасвирий санъат соҳасида самарали меҳнат қилган ва айни пайтда ҳам ижод қилаётган мусаввирлар, ҳайкалтарошлар, уста-ҳунармандларнинг ижод намуналари томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.

Тасвирий санъат ҳафталигининг ҳар бир куни Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Республика рассомлик, дизайн коллежлари, ихтисослаштирилган тасвирий ва амалий санъат мактаб-интернати фаолиятига бағишланади. Атоқли рассомлар, моҳир мусаввирлар, амалий санъат усталари иштирокида ўтказилувчи маҳорат сабоқлари ёшларнинг билим ва маҳоратини янада бойитишга хизмат қилади.

Халқаро маданият карвон саройида ташкил этиладиган ҳайкалтарошлик, архитектура дизайни, амалий декоратив санъат, халқ амалий санъати намуналаридан иборат кўргазма турли йўналишларда фаолият олиб бораётган рассомлар ижоди билан яқиндан танишиш имконини беради. Тошкент Фотосуратлар уйида бўлиб ўтадиган кўргазмада дастгоҳли ва маҳобатли рангтасвир, графика, миниатюра, ҳаттотлик, театр ва кино рассомлари, фотомусаввирлар ижоди энг сара намуналаридан баҳраманд бўлиш мумкин. Ўзбекистон анъанавий миллий либослар кўриги санъатсевар ёшларнинг мода йўналишида ҳам фаол изланаётганини яна бир карра намоён этади.

В.ПЎЛАТОВА

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2015-17)

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: