ШИЖОАТ МУСОБАҚАСИ

Пойтахтимизда таэквандонинг жун ри до йўналиши бўйича “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ташаббуси билан Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бош бошқармаси ва Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур мусобақада 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 100 нафардан ортиқ спортчи ўзаро беллашди.

Мусобақанинг очилишида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси С.Инамова сўзга чиқиб Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришнинг муҳим омили сифатида болалар спортини ривожлантириш, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур имкониятларни яратиш, ёш иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан ҳам бу борада қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, стол тенниси бўйича анъанавий турнир, спортнинг синхрон сузиш, бадиий ва спорт гимнастикаси, спорт рақси турларини мужассамлаштирган “Нафосат олами” спорт фестивали каби тадбирлар ёшлар ўртасида спортни янада оммалаштириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

– Спорт инсон иродасини тоблайди. Уни жисмонан соғлом қилиш баробарида, характерини ҳам тарбиялайди, – дейди мусобақа ғолиби Асилбек Аҳадов. – Мақсадим – жаҳон чемпионатида ғалаба қозониб, юртимиз байроғини баландларга кўтаришдир.

Мусобақада Мирсамир Мирёқубов, Асилбек Аҳадов, Дониёр Шодиёров, Абдумалик Исанов, Даврон Жўрабоев, Жайрона Авазхонова, Асал Азаматова, Наргиза Жапарова, Дилшода Чориевалар шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллади.

Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Н.НОРБОБОЕВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Яна ўқинг:  Табиат қўйнидаги сайр иммунитетни кўтаради

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: