Алла – қалбга сингган туйғу

Юртимизда Наврўз байрами шодиёналари ҳали-ҳамон давом этаётган бир паллада пойтахтимизнинг маънавият гўшаларидан бири бўлган Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқий театрида “Она алласида Ватан мадҳи” мавзусида алла ижрочиларининг Республика кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Қалбимизга инсонларга бўлган меҳр-муҳаббат, одамийлик хис-туйғулари оналаримизнинг бизга айтган алла қўшиғи оҳангларидан кириб келган десак, асло адашмаган бўламиз. Шунинг учун ҳам оналар муқаддасдир.

Биз оналар олдида доимо бош эгиб таъзим қиламиз. 2013 йил юртимизда “Обод турмуш йили” деб эълон қилиниши ҳам бежиз эмас. Чунки Оила бир кичик Ватан, оилалар тинчлиги ва ободлиги аввало оналар билан мустаҳкам. Оналар соғлом бўлса, соғлом фарзандлар дунёга келади. Соғлом авлод келажак пойдевори, дейишимизнинг асл моҳияти ҳам ана шундан. Демак¸ жамият мустаҳкам – мамлакат барқарор деган инсонпарвар тамойилни ҳаётимизда қарор топтиришда асосий бир босқич бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг “2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгашининг “Она алласида Ватан мадҳи” мавзуида алла ижрочиларининг Республика кўрик-танловини ўтказиш тўғрисидаги Қўшма қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида, Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мазкур танловни ўтказишдан мақсад, ёш оилаларга халқимизнинг қадимий қадриятлари, урф-одатлари, удумларидан бири бўлган алла айтиш санъатини ўргатиш, меҳрини ошириш, шунингдек, йўқолиб бораётган алла айтиш санъатини чуқур ўрганишдан иборат.

Икки кун давом этган санъат беллашувида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 14 та ҳаваскорлик фольклор-этнографик жамоалари ўзбекона миллий қадриятлар, ота-боболаримиздан, момоларимиздан мерос бўлиб авлоддан-авлодга ўтиб келаётган удумларимизни ўз ичига олган бешик тўйи, алла айтиш, бешикка белаш маросимларини ўзига хос тарзда кўрсатиб беришди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг қарорига асосан Олий ўрин “Она алласида Ватан мадҳи” мавзусининг энг яхши талқини учун Андижон вилояти Бўз туман фольклор жамоасига, 1-ўрин – Қорақалпоғистон Республикаси “Оқ Манғит тонглари” фольклор-этнографик халқ ансамблига, 2-ўрин – Хоразм вилояти Урганч шаҳар маданият уйи қошидаги фольклор жамоасига, 3-ўрин – Наманган вилояти Учқўрғон туман Маданият саройи қошидаги “Яллама ёрим” фольклор жамоасига берилди.

Яна ўқинг:  Сел хавфи мавжуд

“Алла ижросининг ўзига хос худудий талқини учун” номинацияси бўйича Сурхондарё вилояти Сариосиё туман маданият уйи “Дашнабот анори” фольклор жамоаси, “Урф-одат ва маросимларнинг энг яхши саҳнавий ифодаси учун” Қашқадарё вилояти йиғма фольклор жамоаси, “Номоддий маданий меросни тарғиб этишдаги фидойилиги учун” Самарқанд вилояти Тойлоқ туман маданият уйи қошидаги фольклор-этнографик жамоаси тақдирланди.

Тошкент шаҳри, Сирдарё, Навоий, Фарғона, Жиззах, Бухоро ва Тошкент вилояти иштирокчиларига таъсисчиларнинг диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: