Улуғ боболаримизга муносиб авлод бўламиз
Амир Темур хиёбонини сайр этаётган ҳар бир ёшнинг қалбида шу туйғу жўш уради
Амир Темур хиёбони гавжум. Ёш оилалар, нуроний отахону онахонлар юзидаги самимият, озод ва обод юрт фарзанди эканидан шукроналик ҳисси шундоққина кўзларда балқийди. Ёшларнинг қувноқ қиёфаси тинч ва фаровон турмушнинг маҳсулидан сўзлайди гўё. Дарҳақиқат, хотиржам инсонгина ҳар бир кунидан баҳра олади, келажак сари дадил одимлайди.
Мазкур майдон эса ўзбек халқининг сўнмас тарихи, бой маданий меросининг ёрқин намунасидир. Ёшларнинг буюк бобокалонимиз сиймоси қошида ҳайрат билан боқиши Юртбошимиз таъбири билан айтганда, тарихий хотирасиз келажак йўқ эканини бот-бот ёдга солади. Хиёбонни кезар эканман, одамларнинг суҳбати диққатимни тортади. Ҳамма қандайдир улкан режалар, илмий ютуқлар, юртимиздаги бунёдкорлик ва обод турмушдан сўзлайди. Мана бу беш ёшли болакай эса соҳибқирон ҳайкалига термуларкан, бобосини сўроққа тутади.
– Амир Темур бобомиз шундай улкан бўлганми?
– Ҳа, болам, – дейди набирасининг юзини силаганча майин табассум билан отахон. – Адолатни шиор билган, эл-юртининг тинчлиги, фаровон турмуши учун камарбаста бўлаётган ҳар бир инсон улкандир. Чунки, унинг қалби ҳамиша эзгу ўй-фикрлар билан лиммо-лим бўлади. Соҳибқирон бобомиз юртни ёв зулмидан халос этган. Марказлашган мустақил давлат ташкил этган. Ўзлигимиз, дину диёнатимизни қайта тиклаган.
Бола бир муддат хаёлларга чўмади. Ҳайкалга яна ҳайрат билан термулади ва ўрнидан шарт туриб қатъиятли оҳангда бобосига юзланади.
– Мен ҳам улуғ боболаримизга муносиб авлод бўламан!
Дарҳақиқат, адолатни ўзига ҳамиша шиор билган, улуғ саркарда ва давлат арбоби соҳибқирон Амир Темур сиймоси қарийб етти асрким, биз авлодларига ўзлигимиз, бой тарихимиз, ўлмас маданиятимиздан сабоқ бериб келаётир.
Пойтахтимиз марказида бунёд этилган буюк бобокалонимиз номи билан аталаётган муаззам хиёбон нафақат тарихий хотирага эҳтиром, балки халқимизнинг узоқ йиллик орзу-умидларининг инъикоси сифатида ҳар бир қалбга фахр-ифтихор туйғуларини жўш урдирди. Элимизга хос бунёдкорлик, ободончилик фазилатларининг ёрқин ифодасига айланди.
1993 йил Юртбошимизнинг қарори билан Амир Темур номи берилган гўзал маскан бугун ўзининг чиройи, тарихий аҳамияти билан нафақат юртдошларимизни балки, хорижлик сайёҳларни ҳам ҳайратга солиб келмоқда. Бу ерда амалга оширилган замонавий ва миллий архитектурага мос кўкаламзорлаштириш ва бунёдкорлик ишлари соҳибқирон бобомиз тутган одил сиёсатнинг изидан бораётганимиз, азалдан ободончиликка катта эътибор берган халқ эканимизнинг исботидир. Зеро, жаҳон тарихидаги энг буюк ва адолатли саркарда Амир Темур даврида ҳам худди шу каби кенг қамровли бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани тарихий ҳақиқат. Унинг “Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта дарахт эктирдим”, деган сўзлари ҳам фикримизнинг тасдиғидир. Манбалардан маълумки, соҳибқирон бобомиз атроф-муҳит гўзаллигига, ҳар бир жойнинг ўзига хос архитектурасига жиддий эътибор қаратган. Унинг инсонлар саломатлигини мустаҳкамлаш, илму-маърифатнинг ривожланишига қўшган ҳиссаси беқиёс. Қишлоқ хўжалиги, деҳқончилик ва боғдорчиликнинг равнақи йўлида чўл ҳудудларигача сув чиқариб, гўзал бўстонга айлантирган. Хусусан, соҳибқирон ҳукмронлиги йилларида Самарқанд шаҳрининг атрофида кўплаб гўзал ва бетакрор боғлар барпо этилган. Булар ичида энг машҳурлари “Боғи нақши жаҳон”, “Боғи беҳишт”, “Боғи шамол”, “Боғи давлатобод”, “Боғи майдон”, “Боғи баланд”, “Боғи дилкушо”, “Боғи булду”, “Боғи чинор”, “Боғи жаҳоннамо” ва “Боғи нав”лар бўлиб, улар табиатнинг алоҳида хусусиятларига эга жойларда кўрк очган.
Тарихий манбаларга кўра, Амир Темур боғлари геометрик шаклда тартиб берилган чорбоғлар ва табиат манзаралари асосида барпо этилган.
Ўша даврда Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихо Самарқандга – Амир Темур саройига саёҳат кундалигида бу ўлкада барпо этилган боғлар ҳақида ўз ҳайратини шундай баён этади: “Янаги душанбада подшоҳ Боғи дилкушодан беҳад гўзал бошқа боққа (Боғи чинорга) ўтди. Боғнинг ғиштдан ишланган, кошинлар, ложувард ва тилла бўёқлар билан ҳар хил йўсинда сайқал берилган чиройли улкан дарвозаси бор… Боғ жуда катта эди; унда шиғил мевага кирган ва қуюқ соя ташлаб турган дарахтлар кўп эди”. Шу ўринда айтиш жоизки, Темур ҳазратлари нафақат Мовароуннаҳр ва Хуросонда, балки бепоён салтанатининг бошқа ҳудудларида ҳам бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор билан қараган. Унинг Қорабоғдаги ободончилик фаолияти, Султония шаҳри қурилиши, Боғдоднинг қайта таъмирланиши каби эзгу ишлари шундан далолат беради. Дарҳақиқат, истиқлол йилларида ҳам Президентимиз ташаббуси билан ташландиқ ерларни ўзлаштириш, боғдорчилик ва деҳқончилик маҳсулотларини кўпайтириш, шу орқали аҳолининг реал даромадларини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бугун бозорларимизнинг тўрт фаслда ҳам кўзни қувнатадиган мева-сабзавотлар билан тўлиб-тошгани ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.
Дарҳақиқат, буюк бобомизнинг бунёдкорлик ва ободонлаштириш йўлидаги ишлари сўнгги чорак аср давомида янада кенг тус олди. Жонажон Ўзбекистонимиз обод ва фаровон мамлакатга айланди. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан бутун мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига бугун дунё аҳлининг ҳаваси ортмоқда. Биргина пойтахтимизнинг кун сайин, соат сайин ўзгариб, кўркамлашиб, яшариб, сайқал топаётгани ҳар битта сайёҳнинг ҳайратини оширмоқда. Кўп қаватли муҳташам уйлар, замонавий ҳамда миллий меъморчилигимиз анъаналарининг ўзаро уйғунлашуви асосида барпо этилаётган фусункор бинолар, яратилаётган сўлим боғу роғлар, гулзорлар қаторида Амир Темур хиёбонининг бугунги қиёфаси ҳам фикримизнинг тасдиғидир.
Яқин ўтмишга назар солсак, Амир Темур хиёбони бир асрдан зиёдроқ вақт мобайнида кўп синовларни бошидан кечирганига гувоҳ бўламиз.
1993 йилнинг 31 августида Президентимизнинг ташаббуси ва лойиҳаси билан хиёбоннинг қоқ марказида соҳибқирон ҳайкали қад ростлади. Хиёбонга Амир Темур номи берилди.
Майдон ўртасида қад ростлаган улуғ сиймонинг ҳайкалида акс этган жўшқинлик ва маҳобат, юксак эътиқод ва қатъият хиёбонни сайр этаётган ҳар бир кишининг руҳиятига сингиб ўтса ажабмас. От устида мардонавор виқор тўкиб турган Амир Темур бобомиз худди қўлини баланд кўтарганича ўз халқига пешвоз чиқаётгандек, боқий тинчлик ва фаровонлик олиб келаётгандек мазмун касб этган ушбу санъат асари моҳир ҳайкалтарош Илҳом Жабборовнинг юксак салоҳиятидан ҳам дарак бериб турибди. Қолаверса, майдон атрофида анъанавий ва замонавий миллий меъморчилигимиз ютуқларини ўзида мужассам этган кўркам бинолар қад ростлади. Шулар ҳақида ўйларканмиз, беихтиёр Амир Темур бобомизнинг “Бизнинг қудратимизга шубҳа қилсанг, биз қурдирган иморатларга боқ”, дея айтган сўзлари нақадар ўринли эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
1996 йил 18 октябрдан хиёбон ёнида анъанавий ва замонавий миллий меъморчилигимиз ютуқларини ўзида мужассам этган Темурийлар тарихи давлат музейининг барпо этилиши майдонга ўзгача кўрку тароват бағишлади.
2009 йилда эса хиёбоннинг жануби-шарқ тарафида пойтахтимизнинг 2200 йиллик юбилейига муносиб совға сифатида “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи бунёд этилди. У ўзининг беқиёс маҳобати ва салобати билан майдонга янада чирой ва виқор бағишлади.
Кейинги йилларда шаҳарларимизда ландшафт дизайни асосида меъморий мажмуаларга шакл ва жило беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, янги ишлаб чиқилган “яшил дастур” асосида юртимиздаги кўплаб истироҳат боғлари, кўча ва хиёбонлар янада кўкаламзорлаштирилиб, сўлим гўшаларга айланмоқда. Шу ўринда, айтиш керакки, табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш идоралари, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисларининг хулоса ва таклифларини ҳар томонлама ўрганиш асосида Амир Темур хиёбонидаги дарахтлар янгиланди.
Бугун майдонда инсон саломатлиги учун фойдали бўлган, ўзгача фусун бахш этадиган манзарали дарахтлар, қишин– ёзин яшил бўлиб турадиган арчалар, ўз навбатида бу ердаги сақлаб қолинган эман, каштан ҳамда жуда чиройли гуллайдиган либо дарахтлари кўзни қувнатади.
Хиёбонга 600 дан ортиқ Қрим қарағайи, 200 та эман ва яна шунча каштан дарахти, шунингдек, магнолия, сперия, жасмин, япон беҳиси каби гуллайдиган бута кўчатларининг 15 хил навидан 300 дан ортиғи экилган.
Мустақиллик йилларида юртимизда, айниқса, унинг юраги бўлмиш пойтахтимиз Тошкентда ўзбек шаҳарсозлигининг ноёб дурдоналари яратилди. Биз нафақат мустақил давлат барпо этдик, балки дунёнинг мана-ман деган шаҳарлари билан бемалол беллашадиган, бўйлашадиган шаҳарлар ҳам қурдик, яратдик. Ва бу ишлар бугунги кунда ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Амир Темур хиёбони ва унда олиб борилган ободонлаштириш ишлари ҳам бундан далолатдир.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Sog‘lom avlod” мухбири