НАБОТОТ ВА ҲАЙВОНОТ

Табиатнинг бетакрор мўъжизаси

Қишнинг ҳукми поёнига етганида она-Замин улкан сандиғидан ўзининг кўзни қамаштиргувчи сепларини ёя бошлайди. Баҳорнинг муаттар ифори билан тўйинган шаббода аста киши юзидан бўса олиб, янги кун билан муборакбод этади. Шунда бехосдан кенгликларга юз бургинг, баҳорнинг илк мезбони саналмиш бағри кенг қир-адирларнинг қучоғида ёлғиз табиат билан сирлашгинг, унинг эркатойи чучмомаю, бинафшага тикилиб, дилдан суҳбат қургинг келади. Муз оралаб оқаётган жилғаларнинг ҳаяжондаги ховурини кўриб энтикасан, киши. Ўлкамизнинг қай гўшасига назар солманг гулбаҳорнинг таровати ўзга, ифори ажиб бўлади. Тошкент вилоятида жойлашган Чотқол давлат биосфера қўриқхонасида ҳам баҳор бор тароватини кўз-кўз этади.

Юртимизда айни вақтда 8 та давлат қўриқхоналари, 3 та миллий боғ, битта экомарказ, битта биосфера резервати, 12 та давлат буюртмахоналари, 5 та табиат ёдгорлиги ҳудудлари мавжуд бўлиб, бу ҳудудлар миллий ҳамда халқаро “Қизил китоб”га киритилган, йўқолиш эҳтимоли бўлган наботот ва ҳайвонот турлари давлат муҳофазасига олинган. Бунда эса қўриқхоналар муҳим аҳамиятга эга бўлиб, улар қимматли табиий хилма-хилликни, ноёб ўсимлик ҳамда ҳайвонларнинг узвий давомийлигини таъминлаш, инсон ва табиат орасидаги ришталарни мустаҳкамлашда муҳим ўринни эгаллайди. Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси табиатан хилма-хиллиги туфайли республикада ягона биосфера мақомини олган. У ғарбий Тянь-шань ҳудудидаги ягона қўриқхона ҳамдир.

– Чотқол қўриқхонаси ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсининг камёб турларини сақлашда муҳим бўлибгина қолмай, балки у аҳолини тоза ҳаво ва сув билан таъминлаш ҳамда тоғ ён-бағирларини эрозиядан сақлашда ҳам ҳал қилувчи рол ўйнайди, – дейди қўриқхона раҳбари Жасур Дўстов.

Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси 1947 йил декабрь ойида ташкил этилган. Ер майдони 35 минг 724 гектарга тенг. 1986 йили у ЮНЕСКО қарори билан жаҳондаги энг йирик қўриқхоналар сирасига киритилган. 1991 йилдан эса Халқаро биосфера қўриқхонаси сифатида эътироф этилди. Қўриқхона иккита бўлимдан иборат. Бошқизилсой бўлими Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган бўлса, Майдонтол бўлими Бўстонлиқ туманига қарашли.

Ушбу ҳудудларда ўсимликларнинг бир минг икки юзга яқин тури мавжуд. Уларнинг 68 таси биологик туркум оилаларга мансуб бўлса, 200 дан ортиғи доривор ўсимликлар ҳисобланади. Олтитаси эса эндемик турлардир. Баъзилари шу ернинг ўзигагина хос. Ҳозирда хонакилаштирилган ўрик, олма, анор, гилос, писта, бодом, олхўри каби мевали дарахтларнинг табиий ҳолатдаги шаклларини ҳам айни қўриқхона ҳудудида учратасиз. Грейг ва Кауфман лолалари, Совунилдиз, Пском пиёзи, Коопман нормушклари шулар жумласидандир. Қўриқхона ҳайвонот оламига ҳам бой. Ҳудуд узра парвоз этаётган турфа қушларнинг галаси, уларнинг ёқимли хониши кишини мафтун этади. Маълум бўлишича, бу ерда қушларнинг 200, сут эмизувчиларнинг 33, судралиб юрувчиларнинг 11, балиқларнинг 4 та тури бор. Кўк суғур, яъни мензбир суғури ҳам ўзининг ноёблиги билан ажралиб туради. Мазкур ҳайвон қўриқхонанинг денгиз сатҳидан 2200-3600м баландликда жойлашган Қизилнура ҳудудининг намли жойлари, соз тупроқли қорликларга яқин, тош қояларнинг этакларида яшайди. Кузатувчиларнинг айтишича, мензбир суғури фаол оила бўлиб ҳаёт кечиради, колониялар ҳосил қилади, ўз уяларига беркиниб яшайди. Қишни ҳам ўша ерда ўтказганлиги сабабли уларни учратиш бироз мушкул. Камёб ҳайвонлар сирасига кирувчи қор қоплони, оқ тирноқли айиқ, пакана бургут ҳам қўриқхонанинг бойлиги саналади. Бундан ташқари бу ерда умуртқасиз ҳайвонларнинг 1000 туридан ортиқроғи ҳаёт кечиради. Бургут, тасқара, оқбош қумай, илонхўр бургут ва Қарчиғай каби йиртқич қушлар ҳам мазкур қўриқхонанинг ноёб жонзотларидандир.

Яна ўқинг:  Ўнинчи синф ўқувчиси: унинг касб-ҳунар эгаллаши учун шароитлар етарлими?

1963 йилда қўриқхонанинг Тераклисой тошлоқ қирғоқларида денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда эрамиздан олдинги 1-2 минг йилликлардаги тошга битилган қадимий расм (петроглиф)лар, Ревашти – Қорабузоқсой дарёларининг бўлиниш жойида бронза буюмлар ҳамда қалъа қолдиқлар қўриқхонанинг бебаҳо бойлигидир.

Бугунги кунда қўриқхоналар ва миллий боғлар ходимлари нафақат ўз ҳудудидаги табиий бойликларни асраш, балки аҳоли ўртасида муҳофаза этиладиган табиат бойликларининг инсонлар учун нечоғли муҳимлигини тушунтириш, атроф-муҳит озодалиги ва биохилма-хилликни сақлаш билан боғлиқ тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам олиб боришмоқда. Шунингдек, қўриқхонада илмий аҳамиятга эга бўлган тадқиқотлар олиб борилади. Ушбу кузатув натижасида қўриқхонада амалга оширилаётган ишлар юзасидан “Табиат Солномаси” юритилади. Мазкур солномада қўриқхонадаги наботот ва ҳайвонот оламидаги ўзгаришлар, уларнинг кўпайиши борасида изланишлар қайд этилиб борилади. Бошқизилсой бўлимида эса 1956 йилдан буён об-ҳавони кузатаётган метерологик станция фаолият кўрсатиб келмоқда. Бундан ташқари у ерда ҳаво, тупроқ, ўсимликларнинг ифлосланиш даражасини кузатувчи фономониторинг ҳам мавжуд бўлиб, бунинг илмий ҳамда амалий аҳамияти беқиёсдир.

Қўриқхонанинг юқори қисмлари яшил тусдаги арчазорлардан иборат. Янада юксакроғида эса доимий қорлар ва баланд чўққилар ҳукмронлик қилади. Пастки қисмини кенг баргли дарахтлар ва буталар эгаллаган. Ундан тепароғи субальп ҳамда алп ўтлоқлари билан қопланган.

Қўриқхона жаҳоннинг кўплаб муҳофазадаги муассасалари, илмий текшириш институтларининг қатор олимлари билан мунтазам равишда алоқа ўрнатиб боришади. Илмий бўлим ходимлари турли миқёсдаги илмий-амалий семинарлар, конференциялар ва симпозиумларда иштирок этиб соҳадаги янгиликлар борасида фикр алмашиб, юзага келаётган муаммолар ечимини излашади. Мустақилликдан сўнг бир қатор нашр ишлари ҳам амалга оширилди. Шулардан бири “Тоғ қоплони мисолида камёб турлар ва уларни муҳофаза қилиш муаммолари” номли китоб бўлиб, мазкур қўлланма ўрта мактаб ўқувчилари ва табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари ишига кўмаклашаётган юқори синф ўқувчилари учун мўлжалланган. Ҳозирда ҳам илмий бўлим ходимлари табиат бойликларини асрашга доир бир неча мавзулар бўйича кузатишлар олиб боришмоқда. Ҳайвонот оламини кузатиш мақсадида қўриқхона ҳудудига ўрнатилган фотоқопқон орқали жонзотларнинг яшаш тарзини чуқурроқ ўрганиб боришади. Бу эса уларнинг сонини кўпайтириш борасида ижобий самара беради.

Наботот ва ҳайвонот оламининг ҳар бир тури – табиатнинг тарихан такрорланмас, ягона ва ўзига хос ўрнига эга. Чотқол қўриқхонаси фаолияти ана шу ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг табиий ҳолича кўз қорачиғидай асраб ва уни ўрганиб келажак авлодларимизга етказиб беришдан иборатдир. Лекин шунга қарамай табиатга антропоген таъсирлар ҳам учраб турибди. Бундай ҳолатлар юзасидан қўриқхонада тезкор қонуний чоралар кўрилмоқда.

Яна ўқинг:  Ёзги таътил мароқли ўтмоқда

Марифат ТОЛИПОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: