Ёруғ кунлар сурури

Саксонинчи йилларнинг бошлари эди. Аниқ эсимда йўқ, тўққизинчи ё саккизинчи синфда ўқирдик. Кеч куз пайти. Ҳаво совуқ. Дийдирабгина пахта пайкалларида ивирсиб юрибмиз.

Унда-мунда қолган кўсак-кўракларни чивиб этагимизга соламиз. Бошқа илож йўқ, кечқурунгача белгиланган «норма»ни бажаришимиз шарт. Лекин болалик – болалик-да. Гоҳ у – гоҳ бу ўйинга овуниб қоламиз.

– Келинглар кураш тушамиз, – деб қолди абжир синфдошлардан бири.

Бу таклиф тинка қуритар терим жонига теккан болаларнинг барчасига маъқул тушди. Қолаверса, худди эртак қаҳрамонларидек кучли, бақувват бўлиш, майдонларда беллашиб полвон номини олиш ҳамма ўғил болаларнинг орзуси эди.

Хуллас, қий-чув билан энию бўйи ўн қадамдан иборат бўлган жойни ғўзалардан тозалаб майдонча ҳозирладик. Майдонча теварагига давра бўлиб тизилдик. Ҳаммада иштиёқ баланд. Қонлар қизиб, кўзларда ўт чақнаб турибди.

Шу пайт ердан чиқдими, осмондан тушдими, билмадик, нақ рўпарамизда бригадир пайдо бўлди. Ёнида, ҳойнаҳой, район амалдорларидан бўлса керак, аллақандай пўрим киши.

– Нима қиляпсанлар, аҳмоқлар, – деб ўшқирди бригадир, ранг-қути ўчиб. – Нега ғўзаларни юлиб ташладиларинг?!

– Дарҳол ўқитувчини топтиринг, – деб пўнғиллади ҳалиги пўрим нусха.

Синфбошимиз бригадирнинг ўдағайлашлари остида бизга бош-қош ўқитувчини топиб келиш учун чопқиллаб кетди. Биз ҳангу манг қотиб қолгандик.

– Булар давлат душмани, – деди ўша амалдор бригадирга ғазаб билан қараб.

Биз ҳали-ҳануз айбимиз нелигини тузукроқ англаёлмасдик. Аллақачон пахтаси терилиб, шип-шийдам бўлиб қолган ғўзаларни юлиш шу қадар катта жиноят эканлигини сира тасаввур қилолмасдик.

Хуллас, андак қизиқиш, андак зерикиш билан бошланган шўхлигимиз ўша куни катта фожеага айланиб кетди. Биз ҳаммамиз тушунтириш хати ёздик, икки ойлик иш ҳақидан мосуво бўлдик. Ўқитувчимиз бизни, мактабни жонидан ортиқ кўрадиган тарих муаллимимиз ишдан ҳайдалди.

Албатта, бугунги ёшларга, мустақиллик маънавияти онг-шуурини тонгдек тозалаган авлодга ўша даврнинг аянчли воқеалари ғуссали бир эртакдек туюлади. Айтсангиз, ҳатто ишонишмаслиги мумкин. Лекин бу ҳақиқат. Аччиқ ҳақиқат. Зеро, давлат манфаати ҳар қандай инсон манфаатидан устун қўйилган, халқ орзу-истаклари, ҳуқуқлари поймол қилинган ва бунинг барчаси чиройли шиорлару баландпарвоз ҳайқириқлар ортига яширилган мустабид тузумдан бошқа ҳеч нарса кутиб ҳам бўлмасди. Бу ҳақда муҳтарам Президентимиз ­Ислом Каримов ўзининг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида шундай ёзади:

Яна ўқинг:  Куёв ҳам ўғил ҳисобланадими?

«Узоққа бормасдан, халқимиз ўз бошидан кечирган мустамлака даврини бир кўз олдимизга келтирайлик. Қарийб 150 йил давом этган, тарихимизнинг том маънода қора кунлари бўлмиш ўша замонда бир пайт­лар ўзининг қудратли давлатчилиги, буюк фарзандлари, юксак илму маданияти, обод шаҳар ва қишлоқлари билан дунёни ҳайратга қолдирган эл-юртимиз қандай оғир машаққатларга дучор бўлганини яхши биламиз. Халқимиз жуда катта ҳам маънавий, ҳам моддий талафот кўрган эди…»

Ҳа, Истиқлолгина халқимизнинг асрлар давомида топталган, ҳўрланган қадр-қимматини тоғдек тиклади. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқ манфаати, Ватан тараққиёти бош мақсадимизга айланди ва бу борада Юртбошимизнинг бевосита раҳнамолиги остида порлоқ келажак кўзланган, пойдевори пишиқ-пухта режалар, дастурлар ишлаб чиқилди. Хусусан, миллатни, айниқса, ёш авлодни соғломлаштиришга, уни баркамол қилиб вояга етказишга қаратилган лойиҳалар, фармон ва қарорлар фикримизнинг яққол далилидир. Ана шундай оқилона саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистонда инсоннинг фаровон ва муносиб ҳаёт кечириш учун ғамҳўрлик, эъзоз-эътибор ҳар томонлама кучайтирилди, таълим-тарбия тизими буткул янгиланди, спортга, айниқса, болалар спортига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада ғоят улуғвор, кенг кўламли ишлар олиб борилмоқдаки, буни юртимизнинг ҳар бир шаҳар ва қишлоқларида бемалол кўришимиз мумкин.

Мен куни кеча республикамизнинг чекка туманларидан бири Ғузорга хизмат сафари билан бордим. Тумандаги Чаноқ қишлоғида олиб борилаётган авжли-мавжли бунёдкорлик ишларини кўриб кўнглим яйради, кўзим қувонди. Айтиб ўтишим керакки, мен юқорида тилга олиб ўтган болаликдаги аянчли воқеа айнан шу ерда содир бўлган эди. Қарангки, бир пайтлар қишлоқнинг нақ биқинигача бостириб келган пахта пайкали ўрнида улкан, муҳташам болалар спорт мажмуаси қад ростлабди! Бизнинг болалик армонларимиз ушалибди!

Шу кунга қадар бу спорт саройи қишлоқ ёшларининг энг севимли масканига айланиб улгурди. Мажмуада 9 хил спорт секциялари, жумладан, кураш, волейбол, стол тенниси каби тўгараклар фаолият юритиб турибди. Лекин бу ҳаммаси эмас.

Чаноқ қишлоғи бугунги кунда мўъжазгина спорт шаҳарчасига айланган, деб бемалол айтишимиз мумкин. Бу ерда еттита футбол майдони, битта ёпиқ сув ҳавзаси, эллик ўринли спортчилар меҳмонхонаси, битта сунъий қопламали яшил майдон бунёд этилган.

Албатта, юртимизда барпо этилаётган муҳташам спорт мажмуалари, шунчаки ҳашам ва жозиба учун эмас. Улар спорт ва жисмоний тарбияга ошуфта мурғак ўғил-қизлар билан ҳамиша гавжум. Қайноқ қалб­ли бу ёшлар ўқишдан бўш пайтлари турли тўгарак ва секцияларда қизғин шуғулланишади. Спорт машғулотларига, айниқса, хотин-қизлар кўпроқ жалб этилаётгани диққатга сазовордир. Улар нафақат ўз саломатликларини тиклашаяпти, балки нуфузли мусабақаларда маҳорат ва жасорат кўрсатиб нуфузли совринларни қўлга киришяпти. Шу ўринда, кўп бора Осиё чемпионлигини қўлга киритган Дилфуза Абдираҳимова, Соҳиба Эштемирова, Динора Донаева каби самбочи қизларни, Севара Қобилова, Луиза Ғаниева сингари бадиий гимнастика маликаларини тилга олиб ўтиш мумкин. Қолаверса, аёллар орасидан малакали, жонкуяр спорт мураббийлари етишиб чиқмоқдаки, уларнинг аксарияти қишлоқ ва овулларда фаолият кўрсатиб қишлоқ қизларини кенг кўламда спортга, жисмоний тарбияга жалб этишга кўмаклашмоқдалар.

Яна ўқинг:  Умримнинг нурга тўлган баҳори

Бир сўз билан айтганда, юртимизда спорт, соғломлаштириш борасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг улкан натижасини бугун жаҳон аҳли кўриб-кузатиб, самимий эътироф этиб турибди. Зеро, бир нечта турлари бўйича дунё ареналарини ларзага келтирган Рустам Қосимжонов, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Артур Таймазов, Ришод Собиров каби спортчиларимизни ким ҳам билмайди, дейсиз?! Кўп узоққа бормай, куни кеча Туркия яшил майдонларида ўтган футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ер шарининг саккизта энг кучли жамоаларидан бири сифатида тан олинган футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг зафарли юришини эслаб ўтишнинг ўзи ҳам кифоя эмасми?! Албатта, бундай фахрли мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Шунингдек, илму маърифат, санъат борасида қўлга киритаётган ютуқларимиз ҳам дунё жамоатчилигининг, энг нуфузли халқаро ташкилотларнинг эътиборини ўзига қаратиб келмоқда. Шу ўринда фурсатдан фойдаланиб илк туб ислоҳотлар маориф-маърифат, таълим-тарбия соҳасида олиб борилганини таъкидлашни истардим. Бу бежиз эмас, албатта. Ҳар қандай давлатнинг истиқболини унинг таълим-тарбияга бўлган муносабати белгилайди. Аммо афсус билан қайд этиб ўтиш керакки, бу соҳада ҳам маъмурий-сиёсий буйруқбозлик, мафкуравий қарамлик, лоқайдлик каби собиқ тузумнинг энг номаъқул иллатлари бизга мерос бўлиб қолган эди. Бу қусурлар, хато ва камчиликлар таълим-тарбия соҳасида ҳам туб ислоҳотлар ўтказиш зарурати мавжудлигидан дарак берарди. Амалда ҳам шундай бўлди. Педагог олимларимиз, етук мутахассислар Юртбошимиз раҳнамолигида кенг ислоҳотларга, улкан бунёдкорлик ишларига бел боғлашди. Истиқлолнинг илк йилларидаёқ қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги Қонун, Кадр­лар тайёрлаш Миллий дастури ушбу хайрли саъй-ҳаракатларнинг дебочаси бўлди ва бу борада олиб бориладиган амалий фаолиятнинг қонуний, ҳуқуқий асосларини яратиб берди. Қисқа муддат ичида мамлакатимизда бир-биридан гўзал, муҳташам, барча шарт-шароитларга эга, энг илғор ўқув анжомлари билан жиҳозланган, замонавий таълим даргоҳлари – мактаблар, лицей ва коллежлар, институт ва университетлар қад ростлади. Улар минг-минглаб ўғил-қизларни ўз бағирларига олди. Энг муҳими, илғор мамлакатларнинг илғор тажрибалари изчил ўрганилиб, миллий, тарихий қадриятларимизга мустаҳкам таянилиб олиб борилган катта илмий-назарий изланишлар натижасида Ўзбекистоннинг мустақил таълим тизими яратилди! Бу тизимнинг ўзига хослиги, энг аввало, бир жиҳатдан яққол кўзга ташланади: унда таълим тарбиядан, тарбия таълимдан ажратиб қўйилган эмас. Улар бир-бирини тўлдирган ҳолда, табиий уйғунлик касб этади. Бунда, чинаккам миллий ҳаёт мезони, шарқона фалсафа зоҳир.

Яна ўқинг:  Кичкинтойлар қувончи – чексиз илҳом бахш этади

Ўтган йили анъанавий «Келажак овози» кўрик-танловининг тантанали якуний йиғинида қатнашиб қолдим. Ғолиблик шоҳсупасидан жой олган ўн-ўн беш нафар ўспириннинг илмда, турли ишлаб чиқариш технологияларида қилган кашфиётларини кўриб ҳайратимга ҳайрат қўшилди.

«Ғолибларни танлаб олиш йилдан йилга қийин бўлиб бораяпти, – деди ўшанда ҳакамлар ҳайъати аъзоларидан бири. – Чунки ёшларимизниг заковати, интилишлари шу қадар кенгки, уларнинг ҳаммаси ҳам олий мукофотларга лойиқ.»

Бир сўз билан айтганда, истиқлолнинг пок ҳавосидан нафас олиб ўсиб-улғаяётган ёш авлод, муҳтарам Президентимиз таъкидлагандек, ҳеч кимдан кам эмасликларини мағрур ва муносиб тарзда етти иқлимга намойиш этишяпти. Шон-шарафга йўғрилган бу жажжи ўғил-қизларнинг ота-боболари, ҳикоямиз аввалида тилга олганимиздек, болаликнинг бебаҳо дамларини пахта пайкалларида дийдираб ўтказганларини, на спортга на бошқа бирор маданий машғулотга имкон топиша олмаганларини ҳар гал эсласак, ўтмиш машаққатларидан сабоқ олсак, истиқлолнинг халқимиз тақдирида нақадар улкан аҳамият касб этганлигини теран англаймиз. Дил-дилимиздан бугунги ёруғ кунларга шукроналар айтамиз. Улуғ байрамимиз – Ўзбекистон Мустақиллигининг 22 йиллик тантаналари арафасида ортга боқиб, шу қисқа бир давр ичида амалга оширилган оламшумул ишларни шу тахлит бир-бир хаёлдан ўтказар эканмиз юраклар тенгсиз сурур ва ғурурга тўлади. Беихтиёр осмон билан бўйлашиб бораётгандек ҳис этасан, ўзингни. Ёруғ келажак тонг юлдузидек кўз ўнгингда янада ёрқинроқ, янада жозибалироқ жонлана бошлайди. Чеҳраларга ҳаётдан, замондошлардан мамнунлик туйғуси балқиб чиқади. Бу ажиб туйғу мангу бўлиб қолишига ишонамиз.

Луқмон БЎРИХОН,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: