КОНСТИТУЦИЯ ВА ҚОНУННИНГ УСТУНЛИГИ

Мамлакатимизда Истиқлол йилларининг дастлабки кунлариданоқ Президентимиз томонидан инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши деб белгиланди. Бу мамлакатимизнинг асосий Қонуни Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг III боби “Конституция ва қонуннинг устунлиги” деб номланади. Ушбу боб 2 та моддадан иборат бўлиб, унда конституциявийлик тамойили ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган.

Унинг 15-моддасида шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар”.

Ушбу бобнинг 16-моддасида эса шундай деб белгилаб қўйилган: “Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.

Бирорта қонун ёки бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас”

Аслида, конституциявийлик замонавий демократик давлатларнинг ажралмас белгиси ҳисобланади ва давлатчилик асосларини дахлсиз сақлашга хизмат қилади. Конституциявийликни таъминлаш учун олий давлат органларининг фаолиятини Асосий Қонунга мослаштириш ва мамлакатда қонунийликни ўрнатиш лозим. Демак, конституциявийлик охир-оқибатда қонун устуворлигининг муҳим ифодасидир.

Мустақил Ўзбекистонимизнинг Конституцияси нафақат мустақил демократик тараққиётимизни кафолатловчи, балки ижтимоий ҳаётимизда содир бўлаётган улкан ўзгаришларни ўзида акс эттирувчи асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳамдир.

Дарҳақиқат, жамиятимизда мавжуд ижтимоий гуруҳлар ва қатламларнинг манфаат ва эҳтиёжлари пировард натижада конституциявий тузумимизнинг асосий устувор йўналишини белгилаб беришини теран англаганлигимиз ўз навбатида фуқаролик жамияти яратишимизга катта имкониятлар туғдиради.

Конституциямизнинг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”, деб белгилаб қўйилган ҳуқуқий норма мамлакатимизда конституциявийликнинг асосий таянчларидан бири эканлигидан далолат беради.

Олим Нуриллаев,

Юнусобод туман прокурори

ўринбосари

Яна ўқинг:  ТАЛАБАЛАРНИНГ СЕВИМЛИ МАСКАНИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: