ОИВГА ЧАЛИНМАСЛИК ВА ОИТСНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ: МУАММОГА ЯНГИЧА ЁНДОШУВ
ЮНЭЙДСнинг 2011-2015 йилларга мўлжалланган стратегик режаси
Ўтган асрда дунё ҳамжамиятининг бошига оғир мусибатлар ёғдирган одамнинг орттирилган иммун танқислиги (ОИТС) хасталигига қарши курашиш борасида муайян ютуқларга эришилганди. Аммо олиб борилган изланишлар ва изчил профилактика чора-тадбирларига қарамай ушбу оғир дард одамлар орасида ҳамон тарқалмоқда.
ЮНЭЙДС (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИВ/ОИТСга қарши курашишнинг умумлаштирилган халқаро дастури) узоқ йиллар давомида дарди бедавога нисбатан қизғин кураш олиб бормоқдаки, бу хайрли ишларнинг самараси анчагина кўзга ташланиб қолди. Шу вақтга қадар олиб борилган стратегик режалар ўз мақсадига етказилди. Шу нарсани эътироф этишга мажбурмизки, ОИТСга қарши кураш борасида узоқ йиллар давомида амалга оширилган амалий чора-тадбирлар ўзининг потенциал имкониятларини тўлиқ амалга ошириб бўлди. Илгари бирмунча самара берган ёндашувлар ва услублар ортиқ наф келтирмай қўйди.
ОИТСга қарши кураш борасида янги палла бошланди. Инсоният ва мутахассислар олдида одамларда иммун танқислиги ҳолатини келтириб чиқарувчи хавфли вирусга қарши курашда янги замонавий услубларни кашф этиш ва уларни амалда қўллаш вазифаси кўндаланг турибди. Бу масала инсоният учун ҳаёт ёки мамот масаласи даражасидаги муаммолардан бирига айланди.
ЮНЭЙДСнинг замон талабларига мос равишда ишлаб чиқилган ОИТСга қарши курашишнинг янги стратегияси бундан буён ОИВ/ОИТСга чалиниш, дискриминация (беморларни камситиш, таҳқирлаш), оғир дард туфайли ўлим ҳолатларига мутлақо чек қўйиш принципига асосланади.
Янги стратегия қандай мақсадларни кЎзлайди?
Умуман олганда, ЮНЭЙДСнинг замон талабларига мос равишда ишлаб чиқилган ОИТСга қарши курашишнинг янги стратегиясида оғир хасталикка қарши курашнинг истиқболда эришилиши кутилаётган хайрли оқибатлари ҳамда ўртача давомийликдаги келажакда ОИТСга қарши кураш чора-тадбирлари мажмуини тубдан ўзгартириш йўл-йўриқлари, шунингдек, 2015 йилга қадар бажарилиши кўзда тутиладиган 10 та аниқ мақсадли чора-тадбирлари ифодаланган.
“ОИТСга қарши кураш чора-тадбирлари мажмуини тубдан ўзгартириш” деб ном олган янги ҳаракат дастури оғир дард билан курашишнинг самарадорлигини ошириш ва шу тариқа ОИВни юқтириб олиш ҳолларини кескин камайтиришга эришишга қаратилган. Ташкилий жиҳатдан олиб қаралса, ушбу ҳаракат дастурининг таркибига қуйидаги асосий вазифалар киритилган:
- Учта асосий йўналишда, яъни жараёнда бевосита ёки билвосита иштирок этадиган алоҳида одам(гуруҳ)лар, мамлакатлар томонидан бажариладиган чора-тадбирлар, ўзаро алоқадорликнинг синергетик самарадорлигини таъминлаш борасида олиб бориладиган ишлар хусусида ўзаро ҳисобдорлик. Шунга кўра, биринчи йўналиш бўйича ОИВ/ОИТСга чалиниши мумкин бўлган ёки ушбу дардни юқтириб олган одамлар билан ишлаш, бу ишларга имкон қадар кенг аҳолини жалб этиш, дардга чалинган одамларнинг инсоний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш каби масалалар билан шуғулланиш кўзда тутилади. Иккинчи йўналиш бўйича оғир хасталик билан курашишнинг алоҳида давлатлар миқёсидаги ҳаракат дастурларини ишлаб чиқиш, ушбу чора-тадбирларни молиялаштиришни диверсификациялаш (мавжуд шарт-шароитларга мос равишда ўзгартириш, янгидан ташкиллаштириш), ишлаб турган тизимларни янада такомиллаштириш режалаштирилади. Учинчи йўналиш бўйича халқаро миқёсларда хавфли касалликка қарши кураш ҳаракатларини умумлаштириш, кучларни бирлаштириш ва шу тариқа олинадиган натижанинг самарадорлигини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилиши кутилади.
- Хавфли дардга қарши қаратилган саъй-ҳаракатлар мақсадини аниқ вазифалар сари йўналтириш. Бу борада қилинадиган ишларнинг бош мақсади турли давлатлар ихтиёрида мавжуд бўлган ресурсларни ОИВ/ОИТС кенг тарқалган эпидемик ўчоқларга йўналтиришдан иборат бўлади.
- Саъй-ҳаракатларнинг самарадорлигини ошириш. Бунинг учун хавфли касаллик билан кураш учун сафарбар этилаётган сарф-харажатларнинг салмоғи (массаси)ни оптимал даражада камайтиришга эришиш, хасталик билан курашиш йўлидаги профилактика ва даволаш ишларини янги ғоялар асосида ташкиллаштириш, бундай ишларга турли хил жамоаларни жалб этиш, беморларга ва аҳолига кўрсатиладиган хизматларни интеграциялаштириш талаб қилинади.
- Шерикликни ривожлантириш. Бу йўналишда қилиниши лозим бўладиган бирламчи вазифа миллий миқёслардаги жавобгарликни ошириш, қолаверса, “Жануб-жануб” тамойили асосидаги шерикликни ривожлантириш, хавфли касалликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ҳаракат дастурларига ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиб келаётган давлатларни кенг кўламда жалб этиш лозим бўлади.
Янги стратегиянинг мазмун-моҳияти нимада?
ЮНЭЙДСнинг замон талабларига мос равишда ишлаб чиқилган ОИТСга қарши курашишнинг янги стратегияси қуйидаги учта йўналишда олиб борилади:
1. Янги инфекцияларнинг тарқалишини ноль даражасигача камайтириш. Стратегик мақсад ва вазифалари: ОИВ/ОИТСнинг тарқалиши ва ривожланишини олдини олиш борасида кескин ва туб ўзгаришларни амалга ошириш. Бу борада 2015 йилга қадар қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган:
- хавфли касалликнинг жинсий йўл билан юқишини икки баробарга қисқартириш;
- ОИВ/ОИТСнинг вертикал йўналишда юқишига батамом чек қўйиш ва оғир дардга чалинган оналарнинг бевақт нобуд бўлишини икки баробарга камайтириш;
- наркотик моддаларни истъемол қиладиган шахслар орасида ОИВнинг юқиши билан боғлиқ янги ҳолатларга йўл қўймаслик;
- давлатлар миқёсида кенг аҳоли орасида ОИВ/ОИТСнинг юқиши ва тарқалиши ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш;
- бу борада олиб борилаётган ҳаракат дастурларининг ижросини таъминлашга кенг аҳолини жалб этиш;
- ОИВ/ОИТС кенг тарқалган, эпидемиологик нуқтаи назардан вазият хавфли деб ҳисобланадиган ҳудудлар ва эпидемик ўчоқларга зарур ресурсларни жалб этиш.
2. ОИТС туфайли юз берадиган ўлим ҳолатларини ноль даражасигача камайтириш.
Стратегик мақсад ва вазифалари: ОИВ/ОИТСга чалинган беморларни даволаш, уларни парваришлаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг кейинги босқичига ўтишни жадаллаштириш. Бу борада 2015 йилга қадар қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган:
- ОИВни юқтириб олгани туфайли даво муолажаларини олиши зарур бўлган беморларга антиретровирус терапиясидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
- ОИВни юқтириб олган ҳамда шу билан бир вақтда сил касаллигига чалинган беморлар орасида ўлим ҳолатларининг умумий сонини икки баробарга камайтириш;
- ОИВни юқтириб олган алоҳида шахслар ва шундай шахслар билан бирга яшайдиган оила аъзолари (уй хўжаликлари)ни миллий миқёсларда олиб борилаётган ижтимоий ҳимоя дастурларига киритилишини таъминлаш;
- ОИВни юқтириб олган алоҳида шахслар ва шундай шахслар билан бирга яшайдиган оила аъзоларига замон талаблари даражасидаги даво муолажаларидан баҳраманд бўлиши учун шарт-шароит яратиб бериш;
- ОИВни юқтириб олган алоҳида шахсларга тиббий хизмат кўрсатувчи миллий ва маҳаллий тизимларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам бериш.
3. Дардга чалинган беморларни камситиш, таҳқирлашга чек қўйиш.
Стратегик мақсад ва вазифалари: ОИВ тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш учун инсон ҳуқуқларининг таъминланишини кафолатлаш ва бу борада гендер тенглигига амал қилинишига катта аҳамият бериш. Бу борада 2015 йилга қадар қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган:
- ОИВ/ОИТСга чалиниш эҳтимоли юқори бўлган фаолият соҳаларини тартибга солиш борасида қатъий жазо чораларини қўллашга мойил бўлган ва оғир дардга чалинган кишиларга нисбатан оғир жазо чораларини қўллаш тамойилларига амал қилувчи давлатларнинг салмоғини икки баробарга камайтириш;
- ОИВ/ОИТСга чалинган кишиларни хорижий мамлакатларга келиб муқим ёки вақтинчалик истиқомат қилишини таъқиқлаб қўйган мамлакатларнинг сонини камайтириш;
- турли сабабларга кўра ОИВни юқтириб олган қиз бола ва аёлларга ижтимоий ва тиббий ёрдам кўрсатишга йўналтирилган миллий ҳаракат дастурлари доирасида таклиф этиладиган ёрдамлардан ҳеч бир монеликларсиз фойдаланиши учун шароит яратиб бериш;
- гендер принципи асосида аёл ва қиз болаларга нисбатан зўравонлик қилинишига батамом чек қўйиш;
- миллий давлатлар миқёсида ОИВ/ОИТСга чалинган беморларни стигма ва камситилиш (дискриминация)дан ҳимоялаш учун зарур шарт-шароитлар яратилишига жиддий эътибор қаратиш.
Ҳурматли муштарийлар, асримизнинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлмиш ОИВни юқтирмаслик ОИТСнинг ривожланишига қарши курашда ЮНЭЙДС ташкилоти олиб бораётган хайрли ишларга ҳамдард бўлинг ва яқиндан ёрдам беринг. Ахир кези келса бу мудҳиш дарддан ҳимояланишга ҳеч ким кафолатланмаган.
Саҳифани Ҳалима РУСТАМОВА тайёрлади