Эзгу ташаббуслар, изчил ислоҳотлар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда мустаҳкам пойдевор бўлмоқда

Ҳар бир мамлакатнинг куч-қудрати, жаҳон миқёсидаги нуфузи, обрў-эътибори, энг аввало, шу юртда одамлар қандай ҳаёт кечираётганлигига қараб белгиланади. Зеро, бугунги кунда давлат ва жамиятнинг тараққиёт кўрсаткичи инсон ва унинг манфаатлари, турмуш даражасига берилаётган эътибор, шу йўлдаги саъй-ҳаракатлар билан ўлчаниши барчамизга аён.

Шу маънода бугун мамлакатимизда давлат ва жамиятни ривожлантириш, юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтириш, халқимиз турмуш даражасини ошириш борасида том маънодаги янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари кечмоқда. Бу, албатта, соғлиқни сақлаш тизими фаолиятига ҳам тааллуқлидир. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ҳар бир маърузаси ва учрашувлардаги нутқида ҳам халқимизни рози қилиш учун аввало сифатли тиббий хизматга бўлган талабни қондиришимиз лозимлиги такрор ва такрор айтилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбари жорий йил 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувлари, шунингдек, Президентимиз раислигида 30 март куни ўтказилган видеоселектор мажлис ҳам тизимнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, мавжуд масалаларни ҳал этишда, халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим бурилиш ясаб берди.

Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмизки, мамлакатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида, аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини қондириш, фуқароларнинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшаши учун барча шарт-шароитларни яратиш каби эзгу мақсад мужассам. Бугун пойтахт аҳолисидан тортиб, энг чекка ҳудудларда яшовчи фуқаролар ҳам кундалик ҳаёт тарзида ушбу саъй-ҳаракатларнинг ижобий натижаларини ҳис қилиб яшамоқда. Зеро, 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинишида ҳам айни шу мақсад кўзланган эди. Аслини олганда, инсон манфаатлари деганда, аввало, унинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши кўз олдимизда гавдаланади.

Таъкидлаш ўринлики, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда соҳада қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Қисқа фурсат ичида соҳани янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган Президенти- мизнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди. Хусусан, аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш,бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, хусусий секторни ривожлантиришга доир қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар бунинг яққол исботидир.

Ҳар қандай ишнинг самараси унинг босқичма-босқич режали асосда олиб борилишига боғлиқ. Бу тамойилга риоя этилган ҳолда соғлиқни сақлаш соҳасининг ҳар бир бўғини тизимли ва изчил ислоҳ этилаётир.

Бирламчи бўғин ривожи

Давлатимиз раҳбарининг “Биз учун бебаҳо бойлик бўлган инсон саломатлигини асраш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасини, энг аввало, унинг бирламчи бўғинидаги бўлинмалари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам ва юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатадиган, ихтисослашган махсус марказларни янада ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш ҳукуматнинг эътибор марказида бўлиши даркор”, деган сўзлари бирламчи бўғинда фаолият юритаётган ҳар бир тиббиёт ходими зиммасида улкан масъулият борлигини кўрсатмоқда. Демак, бирламчи тиббий-санитария хизмати ишини ушбу мезонлар асосида, халқимизнинг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш бугунги кун талабидир. Шу мақсадда, аҳолига энг яқин бўғин ҳисобланган бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизматида ҳам қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Туғри, ўз вақтида қишлоқ врачлик пунктлари тармоғи яратилганди. Ўша пайтдаги шароитда мазкур тизим катта ютуққа айлангани ҳам бор гап. Аммо ҳозирга келиб, фақат шу билан чекланиб қолиш ярамайди. Боиси эндиликда бутун жаҳон тиббиётида касалликнинг олдини олиш, профилактика қилиш устувор мақсад сифатида қўйилгани ҳолда, янгича қоидалар асосида фаолият юритилмоқда. Шунингдек, тезкорлик, беморлар учун қулайлик яратиш ва бошқа йўналишлардаги тамойилларда ҳам замон талаблари ўзгарган.

Президентимиз ташаббуси билан тузилган махсус Комиссия томонидан қишлоқ врачлик пунктлари жойлашуви, техник жиҳозланганлиги ва уларда кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди ва ҚВПларнинг маълум қисми самарасиз ишлаётгани ойдинлашди. Бундай вазиятда энг тўғри ечим, албатта, самарасиз фаолият юритаётган муассасаларни оптималлаштиришдир. Шу боис, мазкур Қарорда халқимиз эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда улар негизида кундузги станционарли қишлоқ оилавий поликлиникалар ҳам ташкил этиш, уларни арзон ва сифатли дори воситалари таъминлаш белгиланди.

Аҳоли учун яратилган яна бир қулайлик — ҚВПлар базасида 400 дан зиёд тез тиббий ёрдам тармоғининг подстанцияларини ташкил этиш бўлди. Бу эса тиббий хизматнинг тезкорлигини таъминлашда қўл келиши тайин. Шу ўринда қишлоқ врачлик пунктлари шифокорларини қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолига узлуксиз тиббий ёрдам кўрсатилиши учун имконият яратиш масалалари ҳам давлатимиз эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Яъни 600 дан ортиқ ҚВП биноларини қишлоқ шифокорлари учун хизмат уй-жойи сифатида фойдаланишга бериш кўзда тутилган.

Яна ўқинг:  АРПАБОДИЁН – ШИФОГА КОН

Қишлоқ врачлик пунктларида касалликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича замонавий тизимни йўлга қўйиш, патронаж ишлари самарадорлигини ошириш, 5 та тор ихтисослик бўйича тиббий хизмат турларини кўрсатиш учун шароитлар яратиш йўлга қўйилмоқда. Оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда иш вақтини узайтириш халқимиз эҳтиёжи талабидир. Шу боис, энди қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникалар аҳолига 20.00 гача хизмат кўрсатиши белгиланди. Бу эса бирламчи ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириб, иш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, ҚВП ва қишлоқ оилавий поликлиникаларида кўрсатиладиган ихтисослашган тиббий хизматлар турини тиббий ходимларнинг тегишли лавозимларини жорий этиш билан кенгайтириш, илмий-амалий марказ ва клиникалар томонидан ихтисослашган хизматлар тизимини яратишда амалий кўмак беришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Патронаж хизмати — бугун барча хизматлар марказида

Тиббиёт ҳамиша ривожланишни, ислоҳотни талаб этувчи соҳа. Бу борада замон билан ҳамнафаслик, янги амалиётларни ўзлаштиришда бир дам бўлсин ортда қолиш ярамайди. Айниқа, аҳолига энг яқин тиббий бўғин ҳисобланган патронаж хизмати аҳолининг эҳтиёжлари, яшаш шароити, ижтимоий ҳолатига мослашган ҳолда ўз хизматини тақдим этиб бориши лозим. Халқаро тажрибалар ҳам шуни кўрсатмоқдаки, агар патронаж хизмати самарали йўлга қўйилган бўлса, тиббиётнинг кейинги бўғинларида ҳам бу ўз натижасини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда ҳам тиббий патронаж хизмати янги босқичга кўтарилди. Келинг, ушбу хизмат доирасида қандай янгиликлар ва ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини таҳлил қилиб кўрайлик.

 

Бугун ушбу бўғинга тиббий-профилактика тадбирларини ташкил этишда асосий кўмакчи, оилаларда тиббий-ижтимоий аҳволни ўрганиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда муҳим омил сифатида қаралмоқда. Бу хизматнинг ўзига хослиги шундаки, патронаж жараёнида фуқаро мурожаати кутилмайди. Аксинча, тиббиёт ходимининг ўзи оилага кириб бориб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади, яъни, касалликка чалинмасликни, саломатликни мустаҳкамлашни ўргатади. Шу боис уларни халқимиз ўзига яқин олиб, “Оила ҳамшираси”, “Оила шифокори”, деб атайди.

Патронаж хизмати, оила ҳамшираси ва шифокори ишини ташкил этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича юртимизда мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруқлари билан оила ҳамширасининг лавозим вазифалари, оналик ва болаликни, қариялар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича асосий кўникмалари белгилаб қўйилган. Яъни бир патронаж ҳамшира кунига энг камида олтита хонадонда профилактик тадбирларни амалга оширади. Хусусан, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, ёлғиз қария, ногирон ва бир ёшгача болалар, ногирон болалар, ҳомиладорлар ойда бир марта; ёш оилалар йилига икки марта; янги туққан аёллар туғруқдан сўнг 42 кун давомида 3 марта жадвал асосида, мақсадли патронаж қилинаётир. Шунингдек, сурункали касаликка чалинган беморларни диспансер кўрикларини ташкиллаштириш, эмлашдан кейинги назорат, тиббий-санитария ёрдами, уй хўжаликлари патронажи ва соғлом турмуш тарзи хусусида суҳбатлар ўтказиш бўйича ҳам тизимли механизм амалиётга татбиқ этилган. Тиббиёт ходимининг аҳоли орасига бу қадар чуқур кириб бориши фуқаролар соғлиғини асраб-авайлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 ноябрдаги “2016 — 2020 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, патронаж хизмати билан қамраб олинганлик кўрсаткичини 100 фоизга етказиш ва бу орқали аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш, алоҳида парваришга муҳтож қатламни доимий назоратга олиш кўзда тутилган.

Хизмати беминнат бўлган патронаж ҳамширалар тиббиёт соҳасининг таянч кучига айланиб улгурди. Бугун улар ўзини 32 миллиондан ортиқ халқимизнинг саломатлигига асосий жавобгар бўғин эканини ҳис этмоқда. Ушбу масъулият доимий ўз устида ишлаш, ушбу мақомга ҳар томонлама муносиб бўлишга интилишни талаб этади.

Кафолатли, сифатли ва тезкор

Замон шиддат билан ўзгармоқда. Шунга мувофиқ одамларнинг хоҳиш ва эҳтиёжлари ҳам ошиб бораётир. Жумладан, халқимиз бугунги кун талабларига жавоб берадиган малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлишни истаяпти. Бу эса тиббиётнинг барча бўғинлари қатори шошилинч тиббий ёрдам хизматида ҳам кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш, пировардида мутлақо янгича асосда ишлашга ўтиш заруратини юзага келтирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 март куни имзоланган “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Шошилинч тиббий ёрдамнинг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни шу мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятли бўлди. Фармонда мазкур тизимни такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларини белгилаш, тез тиббий ёрдам хизматининг сифат ва самарадорлигини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам соҳасидаги илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Яна ўқинг:  Ўзбекистон ёшлари ҳаёти мустаҳкам ҳуқуқий кафолатга эга бўлди

 

Ўтказилган сарҳисоблар шуни кўрсатмоқдаки, соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида шошилинч тиббий ёрдам тизимида йилига 600 минг нафардан зиёд беморга юқори малакали стационар ва 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулатор ёрдам ҳамда 7 миллиондан зиёд чақириқлар бўйича хизмат кўрсатилмоқда.

Шу нуқати назардан бугун мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижроси, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқбол режалар ҳар биримизни қизиқтириши тайин.

Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг тезкорлиги, энг аввало, тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларининг мавжудлиги ва уларнинг соз ҳолатда бўлишига боғлиқ. Шу боис Фармонда автотранспорт воситалари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга қаратилган қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Яъни йил охиригача 1200 та тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари сотиб олиниши режалаштирилган бўлса, шу кунларда зарур воситалар билан жиҳозланган тез тиббий ёрдам автомобилари харид қилина бошланди. Айни кунларда улар эҳтиёж баланд бўлган ҳудудларга берилмоқда.

Тез ёрдам хизматида автомобилларнинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш учун соҳада модернизациялаш жараёни жадаллик билан кечмоқда. Хусусан, тез ёрдам хизмати диспетчерига автомобиль қаердалиги ҳақида маълумот бериб, мурожаат қилинган манзилга яқинроқ ходимларни тезроқ юбориш имкониятини берувчи GPS ускуналари ўрнатилмоқда.

Амалиётдан маълумки, шошилинч ҳолатларда зудлик билан малакали мутахассис етиб боришининг ўзи кифоя қилмайди. Беморга ёрдам кўрсатиш учун зарур воситаларга ҳам эга бўлиш муҳимдир. Шу боис шошилинч ёрдам бригадаларини зарур препаратлар билан таъминлаш механизми қайта кўриб чиқилди. Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан тез тиббий ёрдам хизматининг битта кўчма бригадасида 41 номдаги дори воситалари бўлиши белгиланди.

Шиддат билан ривожланиб бораётган техника асрида диспетчерлик хизматларини яхшилаш, унинг кечаю кундуз самарали ишлашини таъминлаш муҳим талаблардан бири. Шу мақсадда, 2017 йилнинг 1 июлигача ягона маълумотлар базаси ва маълумотларни узатиш тармоғини яратган ҳолда, тез тиббий ёрдам бригадаларининг фаолиятини тезкор бошқариш ва мувофиқлаштирилишини таъминловчи диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси ишлаб чиқилади.

Шу ўринда диспетчерларнинг касбий маҳорати ва малакаси ҳам назардан четда қолаётгани йўқ. Энди тез тиббий ёрдам фаолиятидаги диспетчердан фақат мурожаатни ёзиб олиб, уни керакли мутахассисга етказишдан ташқари, тиббий билим ҳам талаб этилади. Чунки зарур ҳолатда у мурожаат қилувчига ёрдам етиб боргунига қадар кўрсатилиши лозим бўлган биринчи тиббий ёрдам бўйича маслаҳатлар бера олиши ҳам керак.

Шошилинч тиббий ёрдам ҳақида сўз борганда биз аввало кафолатланган, сифатли ва тезкор тиббий ёрдамни тасаввур қиламиз. Президентимизнинг “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг бош мезони ҳам айни шу мақсадга қаратилган. Фармонда белгиланган вазифалар ва берилаётган имтиёзлар, соҳа учун ажратилаётган замонавий тиббий асбоб-ускуналар тизим мутахассислари олиб бораётган илмий изланишларнинг савиясини юксак даражада ошириш, шошилинч ҳолатларда диагностика ва даволашнинг янги истиқболли усулларини ишлаб чиқиш, ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтиради.

Дори-дармон нархи арзонлашди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида аҳолини дори-дармон билан таъминлаш масаласига бир неча бор тўхталиб, “Арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш масаласида бугун биз аҳолимиздан қарздормиз ва ўйлайманки, бу қарзни узиш вақти келди…” дея қатъий таъкилаган эди.

Шу мақсадда, 2016 йилнинг 31 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Бугун мазкур қарор асосида яратилган қулайликлар ва имтиёзларни ҳар бир ватандошимиз кундалик турмуш тарзида кўриб, ҳис қилиб турибди. Зеро, ушбу ҳужжат том маънода халқ манфаатларига қаратилган ва унинг ижроси ҳам шунга мувофиқ бекаму кўст амалга оширилиши шарт.

Очиғи, кейинги вақтларда беморларга рецепт ёзишда мавжуд меъёр-қоидаларни бузиш, маҳаллий маҳсулотлар қолиб, чет элда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситаларини буюриш ҳолатлари кўпайган эди. Қолаверса, дорихоналарда перепаратлар баҳосининг турлича экани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Мазкур қарорга мувофиқ, бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида 2017 йилнинг 1 январидан янги тартиб-қоида жорий этилди. Эндиликда четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Тиббиётда кенг қўлланиладиган 300 дан ортиқ номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий этилди. Бу нархлар даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этилган Республика комиссияси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида ўрнатилган тартибда ҳар чоракда белгиланмоқда.

Яна ўқинг:  Ажойиб совға

Умуман олганда, ушбу қарорнинг ҳаётга татбиқ этилиши ички бозорни арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан янада тўлиқ таъминлаш, ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда қиммат импорт дори воситаларини тавсия этиш бўйича номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолларга йўл қўймаслик имконини беради.

Шунингдек, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб республикамиздаги барча дорихоналарда “Истеъмолчилар бурчаги” ташкил этилиб, унда энг зарур дори воситалари ва тиббий буюмларнинг минимал рўйхати, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати, белгиланган нархларда сотиладиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чекланган нархлари, чекланган нархларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016 ва 2017 йиллар учун таққосий жадвалини осиб қўйилишини таъминланмоқда.

Ушбу қарор аҳолига моддий жиҳатдан қандай манфаат келтирди, деган аниқ саволга аниқ жавоб сифатида қуйидаги рақамни келтириш кифоя. Чекланган нархларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016 ва 2017 йиллар учун таққосий жадвали маҳаллий дори воситаларининг нархи 8 фоиздан 44 фоизгача пасайганлигини кўрсатди. Демак, халқимиз энди маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларини сезиларли даражада паст нархларда харид қилиш имконига эга бўлди.

Имтиёз имкониятни оширмоқда

Халқаро тажрибалардан маълумки, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишларидан бири — тиббиёт тизимининг хусусий секторини ривожлантириш ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам мазкур секторни шакллантириш ва барқарор ривожлантириш бўйича тизимли, комплекс ва мақсадли чора-тадбирлар изчил амалга оширилиши натижасида тиббий хизмат кўрсатувчи хусусий тиббиёт ташкилотларининг тармоғи яратилди ва фаолият кўрсатмоқда. Натижада, сўнгги 6 йилда мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасалари сони 2 баробар кўпайиб, 3,5 мингтага етди. Уларни юқори технологияли тиббиёт техникаси билан жиҳозлаш даражаси 3 баробар ошди. Айниқса, стоматология, лаборатория ташхиси, терапия, физиотерапия, неврология ва бошқа соҳаларга ихтисослашган хусусий тиббиёт муассасалари тармоғи кенг ривожланган.

Аммо ушбу кўрсаткичлар соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни ривожлантириш кўнгилдагидек амалга оширилган, деган хулоса ясашга асос бўлолмайди. Шу муносабат билан, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиши учун зарур шароит яратиш мақсадида 2017 йил 1 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятига оид чекловларни камайтириш, улар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизмат турларини кенгайтириш ва сифатини янада яхшилашга, айниқса, тор ихтисосликдаги тиббиёт соҳаларига илғор даволаш усул ва технологияларини жорий қилишга, энг муҳими, хусусий тиббиёт субъектларининг қишлоқ жойларда ривожланиши даражасини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Зеро, ўтказилган таҳлиллар ҳам уларнинг учдан бир қисмидан зиёди Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашганини кўрсатмоқда.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга биноан рухсат этилган тиббий хизмат турларига кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, анестезиология ва реаниматология, гельминтология, интервицион кардиология, иммунобиологик ва иммунофермент ташхис қўйиш, қон-томир, торакал ва абдоминал жарроҳлик ва тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган кўплаб бошқа йўналишлар киритилгани эътибор лойиқ.

Қарор билан хусусий тиббиёт муассасаларига кенг кўламли имтиёз ва преференциялар берилгани соҳа ривожи йўлида катта имкониятлар эшигини очди. Хусусан, ушбу муассасалар 2022 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди. Давлатимиз томонидан берилаётган солиқ имтиёзлари хусусий тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини сезиларли даражада мустаҳкамлашга ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига бепул тиббий хизмат кўрсатишга йўналтирилади.

Президентимиз томонидан имзоланган мазкур қарор соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришни рағбатлантириш, халқимиз учун муносиб ва сифатли ҳаёт шароитларини яратишга доир амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мантиқий давоми, шунингдек, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган эзгу ғояни ҳаётга изчил татбиқ этиш борасидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Албатта, мана шундай ҳаётий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятидан англашиладики, юртимизда олиб борилаётган ҳар бир ислоҳот, энг аввало, инсон манфаатларига қаратилган. Ушбу ҳаракатлар эл саломатлигини асраш йўлидаги улкан саъй-ҳаракатлар самарадорлигини янада ошириши, шубҳасиздир. Ана шу эзгу мақсадларнинг мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида рўёбга чиқарилиши эса янада ҳамиятлидир

.

Фурқат Санаев,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати бошлиғи.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: