ГЎШТ, СУТ, ҚАТИҚ, ҚАЙМОҚ…
Бу турдаги маҳсулотларнинг сифатига қўйиладиган талаб ва уларни истеъмолчиларга етказиб бериш тартиби қандай?
Сут, қатиқ, қаймоқ… олинглар…” Бу каби чорловлар сизу бизга таниш. Бунга аллақачон кўникиб ҳам қолдик. Яхши-да, савдо дўконига овора бўлиб бормайсиз, маҳсулотнинг ўзи тайёр ҳолда эшигингиз олдига келади. Қисқаси, расмийлашмаган, бепул сервис хизмати. Аммо… Ўша маҳсулотларнинг сифатига, сақланиш муддатига, таркибининг нималардан иборатлигига ва бошқа ҳолатларига кўпам эътибор қилавермаймиз. Хўш, нега?
Бугун айримларнинг сут маҳсулотларини ҳеч қандай гигиеник талабларга риоя этилмаган тартибда махсус елим идишларга солиб, бозорларда, кўчаларда, чорва молларини эса катта йўл бўйларида, махсус белгиланмаган жойларда сўйиб, сотаётганига кунора дуч келамиз. Хўш, аслида бу маҳсулотлар қандай тартибда истеъмолчиларга етказилиши керак? Уларни сақлаш муддати қанча? Бу борада мутахассислар нима дейди?
ҚАЕРДА СОТИЛАДИ?
– Киши соғлом ва бақувват бўлса, унда ишчанлик кайфияти юқори бўлади, – дейди Қашқадарё вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Абдумалик Бўриев. – Бунда рационал овқатланиш ва хавфсиз озиқ-овқатлар муҳим ўрин тутади. Чунки, инсон организмига зарур бўладиган витамин, оқсил, углевод ва минерал элементлар озиқ-овқатлар орқали танага ўтади. Озиқ-овқат маҳсулотларининг ичида кўп истеъмол қилинадиган сут ва гўшт маҳсулотлари ўзининг минерал ва витаминларга бойлиги билан муҳим ўрин эгаллайди.
Гигиеник талабларга кўра, корхоналарда ишлаб чиқарилган сут ва гўшт маҳсулотлари турғун савдо шохобчаларида, совутгичларда сақланган ҳолда сотилсагина хавфсиз саналади. Чунки, микроблардан тозаланмаган маҳсулот турли юқумли касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Ушбу талабларга риоя этилмасдан сақланган сут ёки гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида юқумли касалликлар, жумладан, бруцеллёз (оқсил), сальмонеллёз ва стафилококкли хасталиклари келиб чиқади.
Бундан ташқари тўлиқ пиширилмаган гўшт – қийма ёки жигарли кабобларнинг истеъмол қилиниши эхенококк, бруцеллёз каби касалликларга чалинишга сабаб бўлса, пиширилмаган ёки нотўғри сақланган сут маҳсулотлари – қаймоқ, сметана эса озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишга сабаб бўлиб, меъда-ичак касалликларини юзага келтиради.
ТАМҒА УРИЛИШИ КЕРАК…МИ?
Қашқадарё вилоят давлат ветеринария бошқармасидан олинган маълумотга кўра, чорвачилик маҳсулотлари ва хомашёси савдо-сотиғи фақат давлат ветеринария хизматининг рухсати билан махсус ажратилган жойларда ветеринария-санитария қоидаларига риоя этган ҳолда амалга оширилиши шарт. Ветеринария мутахассисларининг назоратисиз чорва молларини сўйиш қатъий ман этилади. Жойларда сотилаётган гўшт маҳсулотлари ҳудудий давлат ветеринария назоратидан ўтади. Шунингдек, деҳқон бозорларидаги гўшт расталари ва якка тартибдаги гўшт дўконларидаги гўшт маҳсулотлари ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари орқали озиқ-овқат учун яроқли деб топилгандан сўнг ўрнатилган тартибда тамғаланади ва унга белгиланган шаклдаги ветеринария-санитария экспертизаси хулосаси берилади. Ветеринария-санитария қоидаларига риоя этмаган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари бўйича чора кўрилади.
ЁРЛИҚДАГИ МАЪЛУМОТЛАРНИ ЎҚИШНИ УНУТМАНГ!
Сут ва сут маҳсулотлари қадоқланган идишларнинг ёрлиғида бир қатор маълумотлар кўрсатилиши шарт. Масалан, транспорт ёрлиғида ишлаб чиқарувчининг номи, маҳсулотнинг тури, миқдори, яроқлилик муддати, махсус ҳисоб рақами кўрсатилади. Маҳсулот идишида эса ишлаб чиқарувчи корхона номи, манзили, мулк шакли, телефон рақами, маҳсулот номи, унинг энергетик қиймати, таркиби, махсус ҳисоб рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси (агар бўлса), маҳсулот турининг номи, миқдор улуши, ҳажми, сақлаш шароити, яроқлилик муддати (кун, ой, йил), мувофиқлик белгиси қайд этилган бўлиши шарт. Маҳсулот экспортга чиқарилса, “Made in Uzbekistan”, агар ички бозорда сотилса, “O‘zbekistonda ishlab chiqarilgan” жумлалари кўрсатилиши лозим.
“БАКЛАШКА”ДА СОТИШ МУМКИН…МИ?
– Бозорларда ва бошқа жойларда ветеринария шифокор (фельдшери) томонидан хўжаликлардаги чорва молларининг соғломлигини тасдиқловчи бир ой муддатга берилган маълумотнома билан сотиш учун келтирилган сут ва сут маҳсулотларини ветеринария-санитария экспертиза лабораторияларида экспертиза кўригидан ўтказгандан сўнг белгиланган санитария-гигиена қоидалари талабларига жавоб берадиган савдо расталаридагина сотишга рухсат берилади, – дейди Қашқадарё вилоят давлат ветеринария бошқармаси бошлиғи Нодир Имомов. – Истеъмолчиларга ветеринария маълумотномаси бўлмаган, келиб чиқиши номаълум сут ва сут маҳсулотларини харид қилиш тавсия этилмайди. Сут ва сут маҳсулотлари солинадиган идишлар озиқ-овқат маҳсулотлари сақлашга рухсат этилган материаллардан тайёрланган бўлиши шарт. “Баклашка” мумкин эмас. Бу ҳолатнинг олдини олиш бўйича ҳозирги кунда вилоятимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоятдаги мавжуд деҳқон бозорларида жойлашган ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари сут ва сут маҳсулотларини кўрикдан ўтказишга мўлжалланган замонавий “Лактан” ускунаси билан таъминланган.
72 СОАТДАН ОРТИҚ САҚЛАШ ТАЪҚИҚЛАНАДИ
– Сут ва сут маҳсулотлари бир марталик махсус идишларда қадоқланиши лозим, – дейди Қашқадарё вилоят синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси қошидаги “Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари”ни сертификатлаштириш идораси раҳбари, эксперт-аудитор А.Исматов. – Харидор сотиб олаётган сут ва сут маҳсулотларининг сертификати борлиги, совутгичда сақланаётгани, ишлаб чиқарилган муддатига эътибор бериши керак. Қолаверса, сут маҳсулотларини совутгичда ишлаб чиқарилган вақтидан бошлаб 72 соатдан ортиқ сақлаш мумкин эмас. Масалан, уй шароитида соғилиб, сотишига мўлжалланган сут саккиз даражагача бўлган иссиқликда сақланиб, 24 соат ичида сотиб бўлиниши шарт. Пастеризацияланган сутнинг яроқлилик муддати 36 соат. Улар совутгичларда сақланиши керак. Нолдан плюс саккиз даражагача бўлган ҳарорат оралиғида уларнинг таркиби бузилмайди. Қатиқнинг ҳам сақланиш тартиби худди шундай.
Мол гўштини эса совутгичларда ва музлатгичларда узоқ муддат сақлаш мумкин. Шунга мувофиқ янги сўйилган мол гўшти очиқ ҳавода 6 соат ичида сотиб бўлиниши керак. Музлатилган ҳолда минус саккиз даражадан юқори бўлмаган ҳароратда сақланиши мақсадга мувофиқ.
1997 йил 30 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Oзиқ-oвқат маҳсулoтининг сифати ва xавфсизлиги тўғрисида”ги Қoнунида мажбурий сертификатланадиган oзиқ-oвқат маҳсулoтлари юридик ва жисмoний шаxслар тoмoнидан маҳсулoтларнинг сифати ва xавфсизлигини тасдиқлайдиган мoслик сертификати ёки мувoфиқлик белгиси бўлган тақдирдагина реализация қилиниши белгиланган. Уларни чакана сoтишга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тoмoнидан тасдиқланадиган қoидаларга мувoфиқ тарзда, маҳаллий давлат ҳoкимияти oрганлари тoмoнидан ажратилган жoйлардагина йўл қўйилади.
ҚАДОҚЛАНГАНИ НЕГА УЧ ЁШГАЧА БЎЛГАН БОЛАЛАРГА ТАВСИЯ ЭТИЛМАЙДИ
Эътибор берган бўлсангиз, дўконлардаги айрим қадоқланган сут идишларида “3 ёшгача бўлган болаларга мумкин эмас” деган ёзув бўлади. Хўш, нега шундай? Бундай сутлар таркибида болалар соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи моддалар борми?
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ёзув хавфли озуқавий қўшимчалар борлигини англатмайди. Оналар чақалоғини уч ёшга тўлгунча имкон қадар кўкрак сути билан озиқлантириши лозим. Дўкондаги ёки кўчада сотиладиган сут таркибидаги ёғлар, микроэлементлар, оқсилларни мурғак вужудли боланинг меъдасидаги шира ҳазм қилишга тўлиқ тайёр эмас. Уни истеъмол қилган боланинг меъда-ичак тизимида муаммо пайдо бўлиши мумкин. Масалан, гўдакнинг қорнида ел (газ) ҳосил бўлиб, чақалоқ кўп безовталанади. Шунинг учун чақалоқларга бундай сут тавсия этилмайди. Бундай сутлар бола саломатлигига жиддий хавф туғдирмаса-да, она сути ўрнини босолмайди.
ХУЛОСА ШУКИ…
Албатта, ушбу маҳсулотларни қаердан харид қилиш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Аммо ҳар биримиз ҳақ-ҳуқуқларимизни англаган ҳолда, аввало, саломатлигимиз ҳақида қайғурсак, мутахассислар фикрига таяниб иш тутсак, фойдадан холи бўлмайди.
Ўлмас ҚАҲРАМОНОВ,
Қашқадарё вилояти