ГЕРАНТОЛОГИЯ ВА ГЕРИАТРИЯ: ДОНИШМАНД ИБРАТ МАКТАБИ
Ҳар бир хонадон тўрида ёши улуғ кекса отахон ва онахонларнинг файзли қўр тўкиб ўтириши шу оила бахти. Чунки, навқирон авлод тарбиясида уларнинг ҳаётий тажрибаси улкан ибрат мактабидир. Кекса ота-оналаримиз, бобою бувиларимизни асраб-авайлаш, уларни эъзозлаб, иззат-ҳурматини жойига қўйиш биз фарзандларнинг муқаддас бурчимиздир. Қуйида биз нуроний қарияларимиз саломатлигига доир муҳим маълумотлардан бохабар бўлиш мақсадида Тошкент Врачлар малакасини ошириш институти “Кардиология ва геронтология” кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори Гавҳар Тўлабоевага мурожаат этдик.
– Инсон умрини узайтириш учун қандай омилларга кўпроқ эътибор қаратиш зарур?
– Инсонларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояланганлиги, жисмоний ва руҳий мувозанат, фаол узоқ умр кўришнинг жисмоний ва руҳий асослари, ёшга боғлиқ бўлган патология(нуқсон)ларнинг патогенези(касалликнинг кечиш жараёни) ва бир-бирига боғлиқлигини ўрганиш, оиланинг соғлом турмуш тарзи анъаналарини тиклаш ва мустаҳкамлаш мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг муваффақиятини белгилайди.
Овқатланишда меъёрни сақлаш, жисмоний машқлар билан енгил ва мунтазам шуғулланиш, инсонлар билан самимий муносабатда бўлиш, руҳий поклик, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, бир кеча-кундузлик уйқу меъёрининг 8 соатдан кам бўлмаслиги ва шу кабилар инсон умрини узайтирувчи асосий омиллар ҳисобланади.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган маҳалла институтининг инсонларни жипслаштириши, маънавий ҳамда руҳий қўллаб-қувватлаши каби вазифалари ҳам ёши улуғ кишиларнинг ҳаётий фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади.
– Кексалар таомномасида мижознинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Кексаларнинг таомномаси енгил ҳазм бўладиган овқатлар, витаминларга бой сабзавот ва мевалар, кўкат ва табиий шарбатлардан иборат бўлиши зарур. Оқсилга бой бўлган сут маҳсулотлари, тухум, балиқ маҳсулотлари таомноманинг асосий қисмини ташкил этиши мақсадга мувофиқ. Истеъмол қилинаётган овқатларда туз миқдори кам бўлиши зарур. Таомномада мева ва сабзавотлар, мева қоқилари етарли даражани ташкил этиши нафақат кексалар, балки ёшлар ва болалар учун ҳам муҳим саналади. Кексалар тез-тез, ҳар 3-4 соатда, оз-оздан овқат тановул қилишлари зарур. Бу овқатнинг яхши ҳазм бўлиши учун фойдали.
Ёш ўтган сари инсон танасида сув миқдори камайиб, у қуруқ ва совуқ мижоз бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам мижозга қараб овқатланиш соғлом бўлиш кафолатидир.
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва уни тўғри ташкил этишда ёшга доир кўрсатмалар мавжудми?
– Меҳнатни муҳофаза қилишда кексалар саломатлигига зарар етмайдиган, уларни толиқтирмайдиган меҳнат тури тавсия этилади. Агар кекса инсон жисмонан соғлом бўлиб, ўзини руҳан тетик ҳис этса ўз касбида шу ёшда ҳам юқори натижаларга эришиши мумкин. Ўз вазифаларини зўриқмай, бир меъёрда бажариши мақсадга мувофиқ. Лекин уларни тунги навбатчиликлардан озод қилиш шарт. Қарияларга оғир меҳнат турлари тавсия этилмайди. Кексалар ва қариялар ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан ҳимоя қилинишини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
– Қарияларни кўпроқ қандай касалликлар безовта қилади? Уларнинг олдини олишда қандай чора-тадбирларни амалга ошириш зарур деб ҳисоблайсиз?
– Инсон ҳаёти давомида дуч келадиган ноқулай шарт-шароитлар, кўнгилсиз ҳолатлар, руҳий зўриқиш, зарарли одатлар ва бошқа шу каби омиллар натижасида кексалик вақтида турли хил касалликлар келиб чиқади. Булар юракнинг ишемик касаллиги, артериал гипертензия (хафақон), инсультлар, юрак етишмовчилиги ва унинг ритмининг бузилиши, қандли диабет, хавфли ва хавфсиз ўсма касалликлари, артрит(бўғимлар яллиғланиши) ва остеопороз (суяк тўқимаси ғовак бўлиб, мўртлашиб қолади), руҳий бузилишлар (деменция, руҳий тушкунлик), Альцгеймер касаллиги, кўриш ва эшитишнинг бузилишлари ва шу каби касалликларни айтиб ўтиш жоиз.
Гериатр, социолог ва психологлар кекса беморларга даво ва профилактика ёрдамини ташкил этиш ва амалга оширишда асосий эътибор касалхонадан ташқарида ўтказилишига қаратилиши лозим деб ҳисоблайди. Ҳақиқатдан ҳам кекса инсон иложи борича ўзи яшаётган муҳитда қолиши керак. Чунки, хотиржам оилавий муҳит ҳамда фарзандлар, неваралар, яқинларининг меҳру муҳаббати уларнинг кўнглини кўтаради. Шунингдек, уларга ғамхўрлик кўрсатиш кексаларимизнинг узоқ яшашларига мустаҳкам замин яратади. Энг муҳими улар ҳаётда кимгадир керак эканликларини юракдан ҳис этиб яшашлари зарур.
Гулчеҳра ШИРИНОВА суҳбатлашди
Shu o‘rinda
Геронтология – инсоннинг қариш жараёнини ўрганадиган фан бўлиб, юнонча “geros” – қари ва “logos” билим деган маъноларни англатади. Геронтологиянинг асосий мақсади инсоннинг фаол ва тўлақонли ҳаётини узайтириш йўлларини излаб топишдир. У тиббий биология билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, молекула ва ҳужайралардан тортиб бутун организмнинг қариш сабабларини ўрганади. Унинг ижтимоий гигиена соҳасидаги илмий тадқиқотлари барвақт қариш сабабларини ижтимоий шароитга, кишиларнинг яшаш тарзига боғлаб ўрганиш ҳамда ижтимоий ва тиббий ёрдам беришнинг энг мақбул усулларини қидириб топишга қаратилган.
Гериатрия – юнонча “geron” – кекса, қари ва “iatreia” – даволаш, ғамхўрлик қилиш маъноларини англатиб, клиник тиббиётнинг кексаларга хос касалликларини ўрганадиган, шунингдек, уларнинг олдини олиш ва даволаш усулларини ишлаб чиқадиган бўлим бўлиб, геронтологиянинг муҳим бир соҳаси ҳисобланади.