ТОРЧ инфекцияси

она ва бола саломатлигига жиддий хавф солади

Яқин дугонам бир хонадонга келин бўлиб тушди. Орадан бир йил ўтиб, келин келган хонадонда чақалоқ йиғиси эшитилди.

Янги меҳмон ташрифидан мамнун бўлган уй эгалари севинчдан боши кўкка етиб, келин ва чақалоқни дуо қилишди.

Гўдаги бор уйнинг шукуҳи ўзгача бўлар экан. Орадан кўп ўтмай, келин навбатдаги янги меҳмон ташрифини интиқлик билан кута бошлади. Афсуски, дугонамнинг ҳомиласи ой куни тўлиш арафасида тўсатдан нобуд бўлди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан дугонам кетма-кет учинчи маротаба ҳомиладор бўлди. Минг афсуски, учинчи гўдак ҳам дунё юзини кўришга саноқли кунлар қолганида она қорнида нобуд бўлди. Бундай ҳолат оилани сергак торттирди.

Келин ва ўғил тиббий текширувдан ўтишди. Эр-хотиннинг таҳлил натижаларига кўра уларда ТОРЧ инфекцияси мавжудлиги маълум бўлди. Бунга қарши даво чораларини қўллашди. Ҳозир дугонам яна бир чақалоқни дунёга келтирган. Соғлиғидан ҳам шикояти йўқ. Ваҳоланки, бу текширувни олдинроқ ўтказса, кетма-кет йўқотишлар ва маънавий зўриқишлар бўлмасмиди?!

Баъзан “фалончининг ҳомиласи нобуд бўлибди”, ёки “боласи нимжон туғилибди”, деган сўзларни эшитиб қоламиз. “ТОРЧ инфекцияси” каби иборалар ҳам кундалик ҳаётимизда тез-тез қулоққа чалиниб туради. Аслида бу қандай хавфки, ҳомилага ўз таъсирини кўрсатса? Мавзуга бироз ойдинлик киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Эпедемиология ва микробиология юқумли касалликлар илмий текшириш институтининг лаборатория мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдувосид Валиевга мурожаат қилдик:

– Ҳаётимизда кўп бора эшитиб, унинг салбий таъсири турмушимизда аён бўлиб бораётган ТОРЧ инфекцияси 10га яқин микроорганизмларнинг йиғиндисидир. Ҳам бактерия, ҳам вируслар ТОРЧ инфекцияси ташкил этади. ТОРЧ (TORCH) сўзи токсоплазмоз (tоxoplasmosis), қизилча (Rubella), цитомегаловирус (cytomegalovirus) ва герпес (herpes) атамаларининг бош ҳарфларидан олинган.

Шуни алоҳида айтиш лозимки, бу инфекциялар тиббиёт соҳаси учун янгилик эмас. Бу вирус ва бактериялар азалдан одам организмида маълум бўлган. Лекин охирги 20-25 йиллар ичида ушбу инфекцияларнинг ҳомилага таъсири ва бепуштликка бевосита алоқаси борлиги хусусида илмий изланишлар қилинди ва бу ҳали ҳам давом этмоқда. Бу инфекциялар муайян организмда яшайди ва инсон иммун тизими пасайган сари улар фаоллашади. Улар бир неча турдан иборат бўлиб, бир-биридан фарқи айримларининг бўлиниб кўпайиш хусусиятига эгалигидадир. Вируслар эса – ҳужайра ичида кўпаяди. Бу инфекциялар нимаси билан хавфли? Масалан, токсоплазмозни оладиган бўлсак, бу кенг тарқалган юқумли касаллик тури ҳисобланади. Ушбу инфекциянинг асосий ташувчиси ва юқтирувчиси мушуклардир. Уларнинг ахлатларидаги инфекция бир қанча ой мобайнида тирик ҳолда сақланиб туради. Шундай яшовчанлиги сабабли у қушлар ва бошқа уй ҳайвонларига ҳам юқади. Инсон организмига кўпинча яхши қайнатилмаган ёки қовурилмаган гўшт маҳсулотлари орқали токсаплазма кириб олади.

Яна ўқинг:  РЕЙНО КАСАЛЛИГИ

Токсоплазма мушак тўқималарида нофаол ҳолатда узоқ вақт сақланиб туриши мумкин. Лекин токсоплазмани юқтириб олган инсон бошқалар учун бирмунча зарарсиздир, бу касаллик фақат қон орқалигина юқади, холос. Сурункали токсоплазмоз асаб тизимини ишдан чиқаради. Кўпинча мушаклар ва кўзлар зарарланади. Қондаги бу вирус ҳомилага ҳам ўтиши ва унинг ривожланиши учун катта хавф туғдиради. Бироқ, ҳомиладорликкача бўлган даврдаги зарарланиш ҳомила учун хавфли эмас, тўқимага ўрнашиб олган инфекция ҳомила учун айтарли хавф туғдиролмайди. Энг хавфлиси, ҳомиладорлик вақтида юқтириб олинган токсоплазмоздир. Чунки, у қон орқали ҳомилага ўтиши ва асосан ҳомиладорликнинг 12 ҳафталиккача бўлган даврида инсон эмбриони ҳаётига таҳдид солади.

“Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш” бўйича “Она ва бола скрининги” давлат дастурининг 1998-2012 йиллардаги ижроси бўйича янги туғилган чақалоқлар ва ҳомиладор аёлларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида бугунги кунда республикамизда Скрининг марказлари фаолият олиб бормоқда.

Қизилча (rubella) инфекциясининг асосий манбаи касалланган одам бўлиб, вирус ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Асосий аломатлари теридаги доғсимон тошмалардир, улар терининг юза қисмида бирданига пайдо бўлади. Икки-уч кундан сўнг йўқола бошлайди, умумий ҳолат яхшиланади, тана ҳарорати 38 С0 даражадан ошмайди. Бу касалликнинг инкубацион даври ўн кундан уч ҳафтагача давом этади, асосий хавф касаллик юқишининг еттинчи кунидан бошлаб пайдо бўлади. Бу вирус ҳам ҳомила тўқималарига жиддий таъсир қилиб, ҳомиладорликнинг илк уч ойида у ҳомиланинг асаб тизимини, кўзларини ва юрагини ишдан чиқариши мумкин. Мазкур зарарланишлар жуда жиддий бўлгани учун агар ҳомиладор аёл ҳомиладорликнинг илк уч ойида қизилча билан зарарлангани тақдирда ҳомилани олдириб ташлаш тавcия этилади. Иккинчи ва учинчи уч ойликдаги зарарланиш ҳомила учун унчалик хавф туғдирмаса ҳам, гўдакнинг она қорнида ривожланишини секинлаштириши мумкин.

Ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида бўлажак она бу вирусни юқтириб олса бола ушбу касaллик билан касалланган ҳолда туғилиши эҳтимоли бор. Инсон организми шундай яратилганки, турли касалликларга қарши антитаначалар ишлаб чиқариш хусусиятига эга. Касалликларнинг вужудга кирган-кирмаганлиги асосан ана шу антитаначаларнинг бор-йўқлигига қараб аниқланади. Агар ҳомиладор аёл қизилча билан оғриган одам билан мулоқотда бўлган бўлса, у ҳолда, албатта, зарурий таҳлилларни амалга ошириш, яъни қонда қизилчага қарши антитаначаларнинг пайдо бўлган-бўлмаганлигини аниқлаш лозим.

Яна ўқинг:  Планшет – косметолог

Ҳомиладорликнинг илк уч ойида зарарланиш аломатлари аниқланса, болани олдириб ташлаш тавсия қилинади. Бўлажак она ундан аввалроқ вирусни юқтириб олган бўлса ҳомилани олдириб ташлашга зарурат йўқ. Цитомегаловирус Цитомегаловирус инсоннинг бутун умри давомида вужудда сақланиб туриши мумкин. Бу вирусни юқтириб олган кишиларнинг баъзиларидагина у ўзини сездириши мумкин (кўпчиликда бу инфекция грипп ёки ЎРВИ(ўткир респиратор вирусли инфекциялар) аломатларини намоён қилади). Цитомегаловирус инсон вужудига кириб олгач иммун тизимининг кучсизланишини кутади. Қачонки, бу тизим кучсизланганида, у ўз таъсирини бошлайди. У ҳомилага қон орқали ўтади. Агар она ҳомиладорликнинг илк уч ойида мазкур касалликни юқтирса, ҳомиланинг ривожланишида жиддий ўзгаришлар юзага келиши мумкин.

1998-2012 йилларда 4 млн. 53 минг нафардан зиёд янги туғилган чақалоқлар туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия касалликларига неонатал скрининг текширувларидан ўтказилди. 1999 йилда неонатал скрининг текшируви билан қамраб олиш 1,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2012 йилда бу кўрсаткич 89,3 фоизга етказилди.

Герпес ҳаво-томчи йўли орқали ва жинсий йўллар орқали юқиши билан бирга у ҳомила учун ҳам жиддий хавф туғдиради ва ҳомиланинг ривожланмай қолишига ёки бола тушишига сабаб бўлади. Ушбу инфекцияда ҳам юқоридаги ҳолатлар каби биринчи марта зарарланиш вақтида хавф жуда жиддий, ҳомиладорликкача ёки ҳомиладорликнинг иккинчи ва учинчи ойида зарарланиш хавфи кам.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу инфекциялар инсон организмида бир умрга яшаши мумкин. Вирусли ТОРЧ инфекцияларини вирусга қарши препарат билан, бактерик хусусиятга эга ТОРЧ инфекцияларни бактериал препаратлар билан даволаш лозим. Ҳар йили ушбу бактерияга қарши даволаш усуллари текшириб турилади. Йилдан-йилга даво чоралари ҳам ўзгариши мумкин. ТОРЧ инфекциясини аниқлаш учун ҳомиладорлик даврида ҳам текширувдан ўтиш мумкин. Бордию аёлнинг ҳомиладорлик даврида организмда инфекция аниқланса, бу даврга мўлжалланган махсус препаратлар бўлмасада, иммунитетни мустаҳкамловчи, тикловчи воситалардан фойдаланса бўлади. Агар бу инфекция эр ва хотинда ҳам мавжуд бўлса, улар биргаликда даволанишлари зарур.

Сабаби герпеснинг 1-2 тури ва цитомегалавирус инфекцияси кўпинча сперматозоид(уруғ ҳужайрасига) ўрнашиб олиб, шу йўл орқали тухумдонга тушиб, ҳомилага ўтади. Келгусида бу вирус ҳомилага ўзининг салбий таъсирини кўрсатади: туғма нуқсон, бош мия гидроцефалияси, ички аъзоларнинг турли нуқсонлари, бола нимжон туғилиши ва ҳоказо хасталикларни келтириб чиқаради. Демакки, эркаклар ҳам бу дарддан мустасно эмас. Бунга жиддий эътибор бериб, шифокор назоратида бўлиш қатъий талаб этилади. Бўлажак ота-она фарзанд кўриш тараддудидан олдин тиббий текширувга жиддий эътибор бериб, бир нечта текширувлардан ташқари ТОРЧ инфекцияси таҳлилидан ўтишлари зарур. Баъзи ҳомиладор аёллар биринчи фарзандим соғлом туғилган, дея навбатдаги ҳомиладорликка унча эътибор беришмайди. Ваҳоланки, ҳар бир юқумли инфекцияларнинг яширин даври турлича бўлиб, бемор буни дарҳол пайқай олмайди.

Яна ўқинг:  ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ – ҲАЗМ ТИЗИМИ КАСАЛЛИКЛАРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Ота-оналар ташқи кўринишидан соғлом кўринсада, аммо ТОРЧ инфекцияларнинг ҳомилага таъсири жиддий бўлади. Баъзида бу инфекцияларни халқ табобати усули билан даволаш мумкинми, дея беморлар сўрашади. Табиб ўз касбини мукаммал билса ва бу соҳада фаолият юритиши учун махсус лицензияси бўлиб, қўлланиладиган гиёҳлар доришунослар томонидан махсус текширувдан ўтган бўлса, улар ҳам организмга самарали таъсир кўрсатади.

Ҳукуматимизнинг тиббиёт соҳасига катта эътибор қаратаётгани боис республикамизнинг чекка қишлоқ врачлик пунктлари ҳам энг сўнгги русумдаги зарур тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Жумладан, бу ерда ТОРЧ инфекциясини ҳам аниқлай олиш имкони бор. Агар мутахассис бу борада тажрибали бўлса буни аниқлаш қийинчилик туғдирмайди. Бу дардга йўлиқмаслиги учун аввало одам иммун тизимини мустаҳкамлаш керак. Зеро, барча юқумли касалликлар ана шу мустаҳкам қалқоннинг кучсизланишини кутиб туради. Соғлом турмуш тарзига риоя этиш, орасталикка эътибор бериши керак. Овқатланиш тартибига қатъий амал қилиб, гўштли таомларни истеъмол қилаётганда унинг яхши пиширилганига аҳамият беринг. Шунингдек, оилада эр ва хотиннинг орасидаги садоқат руҳий покликка олиб келса, жисман саломатликни ҳам таъминлайди. Бу ҳам асосий омиллардан биридир.

Унутманг, азизлар! Зарарли одатлар: ичкиликбозлик, кашандалик, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон соғлиғига путур етказади. Соғлом ҳаёт кечириш учун бу каби салбий одатлардан халос бўлиш, шунингдек, тўйимли ва сифатли овқатланишга, мева-сабзавотлар, кўкатлар, сут, балиқ ҳамда гўшт маҳсулотларини истеъмол қилишга эътибор қаратинг. Тоза ҳавода тез-тез сайр этиш, спорт билан шуғулланиш кундалик одатингизга айлансин.

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: