МАКТАБ – МУНАВВАР МАНЗИЛ
Оиланинг гултожи, давлати фарзанд саналади. Зеро, ҳар бир хонадоннинг маҳалла-кўйдаги обрў-эътибори, нуфузи унда тарбияланган зукко болалари билан белгиланиши ҳам айни ҳақиқатдир. Халқимизда “Бола азиз, одоби ундан азиз” дея бежиз айтилмаган. Фарзанд тарбияси борасида ўз-ўзидан масъулият нафақат оилага, балки жамиятнинг муҳим тарбиявий бўғини – мактабга юкланади. Зеро, кишининг тарбиясида мактаб оиладан кейинги ўринда туради.
Дунё майдонида мафкуравий кураш авж олаётган бир паллада эртамиз келажаги ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бугунги кундаги таълим даргоҳларининг энг катта вазифаси саналади. Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Ниманики ўз олдимизга мақсад қилиб қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимизнинг замирида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамдир”.
Тошкент шаҳри Сергели туманига қарашли 6-давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилган қатор ишлар замирида ёшларимизни ватанпарварлик руҳида улғайтириш мақсади ўз ифодасини топмоқда.
Умумтаълим мактабида 95 та синф бўлиб, 2 минг 955 нафар ўқувчи таҳсил олишади. Муассасада дарслар икки тилда олиб борилади, ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши қатъий назоратга олинган. Уларнинг билим даражаси белгиланган талабга жавоб берса, мактабдаги ихтисослашган махсус синфларга ўтказилади. Ўқувчиларнинг аниқ фанлардаги билимини янада ошириш мақсадида мактаб қошида математика, кимё, физика, инглиз тили тўгараклари ташкил этилган. Сўнгги пайтларда фан олимпиадаларида шаҳар босқичида юқори натижаларга эришишида ўқитувчиларнинг, фаолият юритаётган тўгаракларнинг ўрни ҳам салмоқли саналади. Бу борада эса билимли ва ўқитиш борасида тажрибага эга ўқитувчиларнинг меҳнатини эътироф этсак арзийди.
Февраль ойининг ўрталарида умумтаълим мактабида туман ҳокими, туман бош имом хатиби, туман пракурори иштирокида таълим муассаларида таълим сифатини яхшилаш ўқувчилар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга қаратилган тадбир бўлиб ўтди. Унда ота-оналар ҳам иштирок этди. Тадбир давомида вояга етмаган ёшлар орасида ҳуқуқбузарликнинг келиб чиқиш сабаблари борасида видеофильм намойиш этилди.
– Ёшлар келажагимиз меваси, – дейди муассасанинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Дилором Эшматова. – Улар ҳақида бугун қайғуришимиз, келажагимизга бўлган ғамхўрликни белгилайди. Мактабда ота-оналар билан юзма-юз мулоқот болани ўйлантираётган муаммоларини биргаликда ҳал этишга, уларни янги орзулари сари руҳлантиришга кўмаклашади.
Йиғилишда туман фаоллари, мактаб ўқитувчилари ота-она масъулияти ҳамда оилада катталарнинг бефарқлигининг салбий оқибатлари ҳақида фикр билдиришди.
– Баъзан биз оналар турмуш ташвишлари билан фарзандимизнинг мактабдаги ҳаётидан бехабар қоламиз, – дейди уй бекаси Матлуба Абдунабиева. – Фарзандим таҳсил олаётган мактаб ўқитувчиларидан миннатдорман, сабаби улар биз ота-оналар билан доимий мулоқотда бўлиб, боламизнинг хатти-ҳаракати, ўзлаштириш даражасидан хабардор этишади. Бу эса бизни фарзанд тарбиясида ҳушёрликка чорлайди.
Мактабнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Комила Саъдиеванинг таъкидлашича, мактабда ўтказилган ана шундай тадбирлар доирасида ўқувчиларнинг тартиб интизомга қатъий риоя этишлари, дарсларни ўзлаштиришлари, турли тўгаракларга қизиқишлари тобора ортиб бормоқда.
Мухтасар айтганда, мактаб улкан орзулар, режалар бўсағаси, маънавият ўчоғидир. Бу масканда таълим олаётган ҳар бир ўқувчининг эртаси истиқболли бўлиши шубҳасиз. Зеро, эртанги кунга бугундан умидли қадам ташланади.
Хуршида ҲУСЕНОВА