От сураётган зукко авлод

Юртимизда сўнгги йилларда спортнинг шахмат тури жадал ривожланиб, ёшлар ўртасида тобора оммалашиб бормоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб вояга етказишнинг муҳим воситаси бўлган болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида ёшлар орасидан чемпионлар етишиб чиқмоқда.

Пойтахтимизда шахмат бўйича 8 ва 10 ёшли ўғил-қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 100 нафардан зиёд ёш шахматчи баҳслашди.

Мазкур мусобақа ҳам иқтидорли ўғил-қизлар орасидан янги номларни кашф этиш, уларнинг келажакда халқаро миқёсдаги мусобақаларда ўз салоҳиятини намоён этиши йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

24 нафар ёш шахматчи иштирокида ўтаётган қизлар баҳсида биронта дуранг натижа қайд этилмади. Самарқандлик Рухшона Раҳимбердиева, фарғоналик Васила Абдужабборова, Тошкент вилоятидан Сарвиноз Абубакирова, пойтахтлик Рофия Султонқулова, навоийлик Шаҳризода Башриддинова, сурхондарёлик Севинч Турдимуродова, сирдарёлик Гуласал Ҳайитбоева ва қашқадарёлик Меҳрибон Эгамбердиева каби шахматчилар биринчи турни ўз фойдасига ҳал қилдилар.

Етти турдан иборат мусобақада ўз ёш тоифасида энг кўп очко жамғарган Азизбек Саидолимов, Рубен Арушенов, Михран Мискирижан, Илдар Хашаев биринчи, Ҳумоюн Синдаров, Хондамир Тўйчиев, Никита Цой, Гулноза Тоҳирова иккинчи, Муроджон Лутфуллаев, Алибек Мўминжонов, Зафар Зоҳиджонов ва Алихон Авазхонов учинчи ўринни эгаллади.

– Турнирда ғалаба қозонганимдан жуда бахтиёрман, – дейди Азизбек Саидолимов. – Бу каби беллашувлар тажриба ва маҳоратимизни янада оширишда муҳим аҳамиятга эга. Келажакда мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда ҳам юқори ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламан.

Ғолиб ва совриндорларга медаль ва эсдалик совғалари топширилди.

Н.НОРБОБОЕВ

Яна ўқинг:  Тажриба ва малака – тиббиётнинг бош мезони

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: