Халқ саломатлиги муҳофазасида муҳим омил

Ҳар бир мамлакатнинг куч-қудрати нафақат унинг иқтисодий, ижтимоий ва илмий, маънавий-маърифий, спорт соҳасидаги салоҳияти билан, балки инсон омилига юксак эътибор қаратиши, шунингдек, аҳоли саломатлиги, айниқса, оналар ва болалар саломатлиги муҳофазасига доир олиб бораётган инсонпарвар сиёсати, халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган туб ислоҳотларига ҳам боғлиқ.

Бу жиҳатдан юртимизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ барча соҳаларни ривожлантиришга юксак эътибор қаратилиб, Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида барча жабҳаларда жорий қилинган кенг кўламдаги ислоҳотлар, озод ва обод Ватан, фаровон турмуш бунёд этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар жаҳон аҳлининг эътирофига сазовор бўлмоқда.

Мамлакатимизда халқ саломатлиги ва эл фаровонлигини таъминлаш йўлида ҳар йили давлат дастурлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилаётгани эътиборлидир. Бу дастурлар аввало йил номидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Жумладан, 2013 йилга «Обод турмуш йили» деб ном берилиши ва Давлат дастурининг қабул қилиниши ўтган йилларда амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Давлат дастурида жорий йилда ҳам мамлакатимиз тиббиёт тизимида қатор чора-тадбирлар амалга ошириш белгиланган. Унга кўра энг чекка ҳудудларда 32 та қишлоқ врачлик пункти (ҚВП)ни барпо этиш, 54 та тиббиёт бирлашмасини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, 11 та вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш режалаштирилган. Уларнинг барчаси, шунингдек, 13 та вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.

Маълумки, соғлом бола туғилиши ҳамда унинг бенуқсон ривожланишида оналар ва болаларнинг тўғри овқатланиши ғоят муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда Ўзбекистонда микронутриент танқислигининг олдини олиш ҳамда бартараф этиш, яъни истеъмол тузини йодлаш, унни бойитиш, темир, фоли кислотаси ва А витаминини саплементация қилиш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили поливитамин комплексларини харид қилиш учун бюджет маблағларини ажратишни кўзда тутадиган Давлат дас­турини амалга ошириш доирасида 2013 йилда 400 минг нафардан зиёд ҳомиладор аёлнинг соғлиғини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.

Болаларни кўкрак сути билан эмизиш амалиётини янада кенгайтириш, соғлом турмуш тарзини аҳоли ўртасида кенг тар­ғиб қилиш ва қарор топтириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом болалар туғилишига қаратилган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида жорий йилда туғиш ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизлар ўртасида «Саломатлик ҳафталиги» ҳар ойда мунтазам ўтказиб борилаётир. Ушбу тадбирлар давомида барча ҳудудлар, айниқса, чекка ва бориш қийин бўлган туманларда республикамиздаги етакчи ихтисослаштирилган марказлар, илмий текшириш институтлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртларининг юқори малакали мутахассислари хотин-қизлар ҳамда болалар саломатлигини тиклайди. Уларга зарур маслаҳатлар беради. Ўзбекистонда туғма ҳамда ирсий нуқсонларни эрта аниқлашга ёрдам бериш бўйича йўлга қўйилган аёллар ва чақалоқлар скрининг тизимини такомиллаштириш давом эттирилмоқда. 2013 йилда Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда «Соғлом она — соғлом бола» ва «Соғлом ёшлар» лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда. Биринчи лойиҳанинг мақсади ўсмир қизларга тўғри овқатланиш, гигиена ва камқонликнинг олдини олиш соҳасида тиббий маълумотлар бериш, шунингдек, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш, туғруққа тайёрланиш ва бир ёшгача бўлган болаларни парваришлаш масалалари бўйича хабардор қилишдан иборат.

Яна ўқинг:  Фуқароларнинг соғлиғини сақлашга қаратилган муҳим ҳужжат қабул қилинди

«Соғлом ёшлар» лойиҳаси эса ОИВ/ОИТС, гиёҳвандлик, жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар ва сил касаллигининг олдини олишга доир таълим услублари ҳамда дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга йўналтирилган. 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган ўғил-қизлар «Соғлом ёшлар» ҳаракатига семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва ёшлар ижтимоий акцияларини, жумладан, «Биз — соғлом ҳаёт тарзи тарафдоримиз!» республика ижодий танловини ўтказиш орқали кенг жалб этилади.

«Ҳаёт учун!» ассоциацияси ва «Ўзбекис­тон маданияти ва санъати форуми» жам­ғармаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бу йил ҳам мамлакатимизнинг барча ҳудудларида хотин-қизлар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар, шу жумладан, «Ҳаёт учун!» хайрия форум-марафони ва бошқа ижтимоий акциялар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Европа Иттифоқи/ЮНИСЕФнинг «Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларини такомиллаштириш. II босқич.» қўшма лойиҳаси, ЮНФПА, Глобал фонд, KfW банки каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида меҳнат қилаётган 18 минг нафар тиббиёт ходими ўз малакасини оширади. 2013 йилда тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча босқичларида болаларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш бўйича ЖССТ/ЮНИСЕФнинг замонавий технологиялари ҳамда жаҳон стандартларини жорий этиш лойиҳалари ҳам ҳаётга татбиқ этилади. Буларнинг барчаси мамлакатимизда оналар ва чақалоқлар ўлимини янада камайтириш бўйича Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишга хизмат қилади.

Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини – амбулатория-поликлиника хизмати ва 3 минг 200 та қишлоқ врачлик пунктларидан (ҚВП) таркиб топган тармоқни мустаҳкамлашга, улар фаолиятида профилактика ишлари устуворлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Обод турмуш йили» Давлат дастурида аҳолига маслаҳат бериш ва ташхис қўйиш, профилактика ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҚВПлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир бир қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Мисол учун, «Саломатлик-3» лойиҳасини амалга ошириш доирасида ҚВП, оилавий поликлиникалар ва туман тиббиёт бирлашмаларида фаолият олиб бораётган 5 минг 100 нафар шифокор ҳамда 12 минг 500 нафар ходимни сайёр курсларда ўқитиш режалаштирилган.

Мамлакатимиздаги энг яхши клиникалар мутахассислари иштирокида «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди» лойиҳасини амалга ошириш орқали энг чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳолини чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш режалаштирилган. Бу жараёнда 146 минг киши, шу жумладан, ёлғиз кексалар, ногиронлар ва пенсионерлар қамраб олинади. Бундан ташқари, йил давомида ҳар бир ҳудудда 200 мингдан ортиқ киши оммавий равишда чуқур тиббий кўрикдан ўтказиб борилади.

Яна ўқинг:  БАЙРАМ СОВҒАЛАРИ ЖЎНАТИЛДИ

Шунингдек, дастурда аҳолининг юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга доир чора-тадбирлар ҳам белгиланган. Масалан, 2012 йилда кардиожарроҳлик бўлими ташкил этилган В. ­Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази, кўз микрохирургияси ва урология марказларида ўта мураккаб ва технологик даражадаги операцияларни ўтказиш кўлами янада кенгайтирилади. Ваҳоланки, бундай операциялар бугун дунёнинг ҳамма давлатларида ҳам амалга оширилаётгани йўқ.

Соҳа мутахассисларининг касбга оид билимларини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Германия, Италия, Франция, Австрия, Корея Республикаси, Япония, Малайзия, Сингапур, АҚШ, Исроил ва бошқа мамлакатларнинг етакчи клиника ҳамда тиббиёт марказларида мутахассисларимизнинг тажриба ошириши ташкил этилаётгани сўзимиз исботидир.

Ўзбекистонда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётгани туфайли мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳудудига карантин қилинадиган ва ўта хавфли инфекциялар кириб келиши ҳамда тарқалишига йўл қўйилмади. Аҳолини, айниқса, болаларни эмлашга алоҳида эътибор берилмоқда. 2013 йилда Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ, 2,5 миллион болани профилактик эмлаш режалаштирилган ва бу иш босқичма-босқич олиб борилмоқда. Вакциналарни сотиб олиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда атроф-муҳит гигиенаси бўйича миллий ҳаракат режасини, биринчи навбатда, экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларда амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Бундан ташқари, бу йил ичимлик суви ва очиқ сув ҳавзаларидаги сув сифатини мониторинг қилиш ҳамда уларнинг лаборатория назорати кучайтирилди. Ичимлик суви сифатининг кимёвий ва микробиологик кўрсаткичлар бўйича санитария назорати тизими жорий этилиши режалаштирилди.

2013 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурида 143 тиббиёт объектини барпо этиш ва реконструкция қилиш, кунига 10 минг 145 кишини қабул қиладиган амбулатория-поликлиника муассасаларини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Уларни ташхис қўйиш ва даволаш бўйича жаҳон стандартларига мувофиқ жиҳозлаш ҳамда қайта жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда Инвестиция дастурига киритилган бешта инвестиция лойиҳаси асосида умумий қиймати 40,5 миллион АҚШ долларига тенг тиббиёт асбоб-ускуналарини харид қилиш ва етказиб бериш режалаштирилган. Шу мақсадда хорижий шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган қатор лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш давом эттирилади.

Хулоса қилиб айтганда, «Обод турмуш йили» Давлат дастури соғлиқни сақлаш миллий тизими ва унинг барча йўналишларини янада ривожлантиришга доир кенг кўламли чора-тадбирларни ўз ичига олган. Уларнинг амалга оширилиши эса аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Яна ўқинг:  Дониёр Солиев – совриндор

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати билан ҳамкорликда Гулчеҳра ШИРИНОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: