БУ ЮРТДА ИНСОН ҚАДРИ – АЗИЗ
Самодан ёғаётган “паға-паға” қор атрофни оқ либосга безамоқда. Бироз олдин йўловчилардан қолган изларнинг ўрнини қоплаб қор янада тез ёғмоқда. Бироқ, ўчиб бораётган изларни яна бошқа бир инсон босиб ўтади. Бу ҳаёт қонуни. Қор устидаги излар унут бўлиши табиий, аммо инсондан қоладиган эзгу амаллар умрбод авлодлар хотирасида яшайди. Айниқса, Она юртнинг гуллаб яшнаши, келгусидаги истиқболи учун фидокорона меҳнат қилганлар ҳамиша ва ҳаммавақт элннг эъзозида бўлади.
Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида Ватан ободлиги йўлида катта ҳисса қўшган кексалар, якка-ёлғиз қариялар, уруш ва меҳнат фахрийлари давлат таъминоти остида яшамоқда. Бир вақтлар халқнинг хотиржамлиги йўлида заҳмат чекиб меҳнат қилганлар бугун ҳузур-ҳаловатда умргузаронлик қилишмоқда. Кексаларни “хонадон фариштаси” деб ҳисоблайдиган юртимиз уларнинг фидокорлигини асло эътибордан четда қолдирмайди. Хусусан, жорий йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани сўзимизнинг ёрқин далилидир.
Пансионат – итальянча “пансион” сўзидан олинган бўлиб “дам олиш маскани” деган маънони билдиради. Ҳозирги кунда пансионатда 125 нафар нуроний истиқомат қилади. Уларнинг саломатлигини тиклаш, кун тартибини мазмунли ўтказиш мақсадида муассаса ходимлари томонидан амалий чора-тадбирлар олиб бориляпти. Шу боис бу ердагиларнинг ўртача умр кўриши 82 ёш ҳисобланмоқда.
– Кунимизни тонги сайрдан бошлаймиз, – дейди 68 ёшни қаршилаган Хайрулла Холматов. – Мазали нонуштадан сўнг “қўли енгил” уқаловчи ҳамширалар қабулига борамиз. Кексалар учун уқалаш муолажалари жоннинг ҳузури. Қушдек енгил бўлиб олгач оғайнилар билан шашка, шахмат ўйнаймиз. Хотираларимиз билан ўртоқлашамиз. Муассасада ҳамма шароитлар бор. Ҳар бир қария учун алоҳида хона ажратилган бўлиб, замонавий телевизор, ювиниш хонаси ихтиёримизда. Ходима қизларимиз, барака топсин, кунора кийимларимизни кир ювиш машиналарида ювиб, дазмоллаб беришади. Ўзимнинг оилам ҳам, фарзандим ҳам йўқ. Шу ердагилар мен учун катта бир оила.
Тунов куни телевизорда қайси бир мамлакатнинг аҳолисини кўрсатди. Ёш болалар шўр сувдан, ҳар хил овқатлардан заҳарланиб касал бўлиб қолаётган экан. Энг қариларнинг ёши элликка зўрға етаётганмиш. Дунёнинг айрим жойларида ана шундай кўнгилсизликлар бўлаётган пайтда Юртбошимизнинг биз кексаларга қаратаётган чексиз ғамхўрлигидан миннатдормиз. Олтин боши омон бўлсин, илоҳим!
Пансионатдагилар билан суҳбатлашиш жараёнида шунга амин бўлдик-ки, марказда яратилган шарт-шароитлардан нуронийларнинг барчаси мамнун. 1861 йил ташкил этилган пансионат ҳудуди уч гектарни ташкил қилади. Боғда турли-туман мевали дарахтлар экилган. Айниқса, баҳор фаслида бу ер чинакам гулзорга, боғу-бўстонга айланади. Кексаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкиллаштириш мақсадида тадбирлар ўтказилади. Эл ардоғидаги санъаткорлар, ёзувчилар билан давра суҳбатлари уюштирилади. Қариялар музейларга сайёҳат, тарихий қадамжоларга, театрларга олиб борилади. Яна бир қувонарли жиҳати масканда 80 мингдан зиёд китоблар жойлашган йирик кутубхона, қатор журнал ва газеталар ҳам бор. Нуронийларимиз матбуотдаги тезкор хабарлар орқали юртимизда бўлаётган улкан ислоҳотларни кузатиб боради.
Ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, уларни асраб-авайлаш миллий менталитетимизга хос бўлган тушунчалардан биридир. Ҳатто, ота-она бу дунёни тарк этгандан сўнг, уларнинг хотирасига ҳурмат сифатида хонадон чироғини ёқиб ўтириш фарзанд учун фарз ҳисобланади. Аммо, шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, ўзлигини унутган айрим кимсалар азалий қадриятларимизга беписандлик қилиб, ота-онасини ҳаётлигидаёқ қаровсиз қолдиради. Нуронийларга ҳар қанча ғамхўрлик қилинмасин, яқинлар дийдоридан азиз нарса йўқ. Раҳматулла ота Холиқов ҳам бир пайтлар чексиз орзулар билан фарзанд катта қилганди…
– Мен Самарқанд вилоятида туғилганман, – дейди Раҳматулла ота. – Умр бўйи ўқитувчилик қилдим. Мактабдан ташқари “Меҳрибонлик” уйида ҳам дарс бердим. Келажак эгаларининг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайиши учун озми-кўпми меҳнат қилдим. Бир кам дунё деганларидек, фарзандим бўлмади. Рафиқам билан бирга бола асраб олдик. Ақлини танимаган вақти олиб келганимиз учун у ўзининг бегоналигидан бехабар, бизни ўз ота-онаси деб катта бўлди. Биз ҳам шу кунгача унга асраб олганимизни айтмадик. Аммо улғайиб, гапимизга кирмайдиган одат чиқарди, охир-оқибат ичкиликка ружу қўйди. Онаси билан уни тўғри йўлга бошлашга кўп уриндик, самарасиз бўлди. Қариган чоғимизда суянч бўлади деб катта қилган фарзандимиз вақт ўтган сайин бизга қўл кўтаришни одат қилди. Маҳалла аҳли ёрдами билан мазкур пансионатга жойлашдим. Одам тафтини одам олар экан. Бу ерда меҳридарё инсонлар қуршовида қалб яраларимга малҳам топдим. Марказ ходимлари етти ёт бегона бўлса-да, яқинларимдан зиёд ғамхўрлик қилишади. Умрим зоея кетди деб ҳисобламайман. Мен таълим берган болалар ҳозир яхши касб эгаси бўлиб юрт корига яраяпти. Ўзим эса давлатимиз қарамоғида соғ-саломат яшаяпман…
Дунёда ҳамма нарсанинг қиймати бор. Фақатгина меҳрнинг бахоси, сарҳади йўқдир. Шу боис мамлакатимизда ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, уларга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш, саломатлигини асраш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда, Пансионат ҳам соғлиқни сақлаш тизими билан доимий ҳамкорлик олиб боради. Хасталанган нуронийлар бепул операция қилинади. Дори-дармон, зарурий буюмлар ҳомийлар томонидан етказиб берилади. Саховатпеша инсонларимиз қўлидан келганча яхшилик қилади. Ҳар бир байрамда совға-саломлар улашади. Яқин маҳаллаларда яшовчи одамлар кексаларни зиёрат қилиш учун кунора келиб туришади.
– Халқимиз, давлатимиз нуронийларга эҳтиром кўрсатишни канда қилмайди. – дейди пансионат раҳбари Турсунмурод Эшиев. – Хусусан, Кексаларни эъзозлаш йилида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, 2015 йил 1 мартдан бошлаб уруш ва меҳнат фронти фахрийларига 2015 йил учун соғломлаштиришга йўлланмалар берилади.
Дарҳақиқат, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ўзлари учун мақбул муддатларда йилига бир марта Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари санаторийларида ўн икки кунлик соғломлаштириш курсидан текин ўтиш ҳуқуқига эга.
Мухтасар айтганда, инсон кексайгани сари янада кўпроқ меҳрга, эътиборга муҳтож бўлиб боради. Яқинларимизни борида қадрлаб, уларни эъзозласак хонадонларимиз янада файзли бўлиб боради. Қўл очиб юртимизга барака тилаётган кексаларимизнинг дуолари мустажоб. Ахир, айтадилар-ку, меҳр билан суғорилган дарахтнинг илдизи мустаҳкам бўлади. Бизнинг ўтмишимиз, бугунимиз, эртамиз мана шу илдизларга боғлиқ.
Дилдора ҚАРШИБОЕВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири