“Ўткан кунлар” энди 18+ бўладими?

Маълумки, 2018 йилнинг 9 мартида “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун кучга киради. Мазкур ҳужжат болаларнинг маънавий-руҳий дунёсини ҳар хил хуружлардан ҳимоя қилишга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлиб, экспертлар мазкур қонун долзарблигини мамлакатимиз аҳолисининг 35 фоизи 18 ёшга тўлмаган шахслардан иборат экани билан асослашмоқда.

Германия, Италия, Франция, Буюк Британия, АҚШ, Япония ва бошқа давлатлар тажрибалари асосида таёрланган қонун матни билан танишар эканман кўп нарса ушбу ҳужжат ижросини таъминлашга масъул идоралар мутасаддиларига боғлиқлиги ойдинлашади. Масалан, қонуннинг “Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи” деб номланган 17-моддасини олайлик. Унда ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини белгилаш ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчилар томонидан, шу жумладан, экспертларни жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш бошлангунига қадар амалга оширилади, дейилган. Ваҳоланки, бугун бозорда қандай қилиб бўлмасин ўз маҳсулотини ўтказишни олдига асосий вазифа қилиб қўйган айрим ахборот маҳсулоти ишлаб чиқарувчилари уларни осонликча таснифламаса керак.

Қонун талабига кўра тарқатилаётган ахборотга ёш тоифасини ишлаб чиқарувчиларнинг ўзлари ёки бу соҳадаги аккредитациядан ўтган экспертларни ўз ҳисобидан ҳақ тўлаб таклиф қилишлари ва уларнинг хулосасига кўра тасниф қўйишлари керак. Бироқ, бу ўз-ўзидан амалга ошадиган иш эмас. Бунинг учун ишлаб чиқарувчи ё виждонли, қонунни ҳурмат қиладиган бўлиши ёки бўйин товлайдиганларга нисбатан қонун билан кескин чоралар белгиланиши зарур.

Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини белгилаш ва ёш тоифаларини қўйиш масалалари мазкур ҳужжатнинг муҳим, таъбир жоиз бўлса, нозик жиҳатларидан ҳисобланади. Бу ишлаб чиқарувчидан ҳам кўра экспертлар зиммасига катта масъулият юклайди. Эндиликда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, кино, театр ва адабиётлар, интернет, жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар, реклама воситалари ҳамда бошқа турдаги ахборот тарқатиш каналлари учун у билан танишиш мумкин бўлган болалар ёши тоифаларига қараб 0+, 7+, 12+, 16+, 18+ белгилари билан белгиланади ва бундай ёзувлар акс эттирилиши шарт қилиб қўйилди. Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини амалга оширишда бир қатор талаблардан ташқари унинг мавзуси, жанри, мазмуни ва бадиий безагига ҳам жиддий эътибор қаратилади.

Бугунги глобал дунёда турли воситалар орқали зўравонлик, фаҳш, қотиллик, турли оқимларга даъват этувчи, шунингдек, маънавиятимиз ва қадриятларимизга мутлақо ёт ғояларни тарғиб этувчи ахборотлар учрамоқдаки, бу уларни чеклаш эҳтиёжини оширмоқда. Янги қонун билан болаларни бу каби салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш мақсад қилиб қўйилган экан, тегишли экспертлар масъулиятини ҳар томонлама ошириш тақозо этилади. Чунки бу осон амалга ошадиган жараён эмас. Айрим ахборот маҳсулотлари бўйича хулоса бериш узоқ изланишни, аудио-видео маҳсулотларни соатлаб эшитиш-кўришни, тадқиқ этишни тақозо этади. У ёки бу ахборот маҳсулотига тасниф беришда юзаки ёндашиш ёхуд нотўғри малакалаш вазиятга акс таъсир кўрсатишини ҳам унутмаслик зарур.

Яна ўқинг:  Хавфсизликни таъминловчи қулф

Қонунга мувофиқ энди юртимизда нашр қилинадиган китоблар ўқувчи ёшига қараб таснифланади. Оилавий қадриятларни инкор этадиган, жинсий бузуқликни тарғиб қиладиган, шунингдек, ота-оналар ва оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳурматсиз муносабатни шакллантирадиган китоблардан болаларни ҳимоя қилиш тизими малакаланади.

Бир сўз билан айтганда, миллий қарашларимизга зид, ахлоқсизликни тарғиб қиладиган асарларни мутолаа қилиш қатъий таъқиқланади.

Бугун юртимизда китоб маҳсулотларини нашр қилиш яхши йўлга қўйилган. Мамлакатимизда 118 нашриёт, 1760 матбаа корхонаси фаолият юритмоқда, ҳар йили 7 тилда 60 миллион нусхадан ортиқ китоб чоп этилаётир. Бироқ, чоп этилаётган китобларнинг барчасини ҳам бугунги кун талабига мос келади, деб бўлмайди. Айрим нашриётлар томонидан ўзининг низом талабларига тўғри келмайдиган, миллий қадриятларга зид, ғоявий ҳамда матбаа сифати паст маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани ҳам бор гап. Аввало мана шундай китоблар чиқишининг олди олиниши зарур.

Китоблар таснифига келадиган бўлсак, бу анча қийин кечадиган ва катта билим, тажриба талаб этадиган, шунингдек, баҳс-мунозарага ҳам сабаб бўладиган жараён. Масалан, халқимиз қалбидан жой олган “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларини олайлик. Уларда севги-муҳаббат саҳналари билан бирга ўғрилик, қотиллик, босқинчилик мавзулари келтирилган.

Хўш, экспертлар бу китобларни қайси ёшдан ўқишни тавсия қилишади? Ахир улар мактаб дарсликларига киритилган-ку. Ўқувчи ёшига мос тушмаса, уни ўн саккиз ёшга етгунга қадар ўқимай кутиб турадими?

Ваҳоланки, бу китобларда вафо, садоқат, оилага ҳурмат, юксак туйғулар тараннуми ҳам ифодаланган. Шундай экан, уларни 18 ёшдан кейин ўқитиб нимага эришиш мумкин?!

Кўринаяптики, янги қонун ваколатли идоралар мутахассисларидан, экспертлардан алоҳида эътибор ва синчковлик талаб этади. Унинг таъсирчанлигини ошириш, ижросини “Сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган” қилиб таъминлаш керак. Ишқилиб экспертларимиз “Қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйишмаса” бўлгани.

 

Мусо МУРОДОВ,

журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: