ШОГИРДЛИК БЕЛБОҒИ

Ўзбек халқида азалдан фарзандининг мурғаклигиданоқ касб-корли қилиш асосий вазифалардан бири ҳисобланган. Ота-оналар устоз танлашга жиддий эътибор қаратган. Унинг ўз маҳорати, тажрибаси, шунингдек маънавий олами билан қизиққан. Шу билан бирга устоз бўлмиш киши ҳам боланинг ота-онаси, насл-насаби, иқтидорини ҳисобга олган. Шогирдига отадай меҳр кўрсатиб, ҳунарининг сир-асрорларини қунт билан ўргатган. Сабоқларни аъло даражада ўзлаштирганларга устози томонидан белбоғ совға қилиниб, унинг усталиги элга овоза қилинган. Қолаверса, шогирд ҳам белбоғни оқлаб, устозига эътибор кўрсатиши, унинг илм-ҳунар борасидаги ўгитларига амал қилиши лозим ҳисобланган.

Устоз ва шогирдлик анъанаси борасида ҳаётда кўплаб воқеаларнинг шоҳиди бўлганмиз. Учкўприк туманида ўтган асрда шундай устоз-шогирдлар бўлганки, уларга ҳамма ҳавас билан қараган. Ўз даврида қанчадан-қанча иморатларнинг қурилишига раҳбарлик қилган катта қурувчи-уста Эгамберди Қурбонов ана шундай устозлардан эди. Уста атрофига қобилиятли шогирдларни тўплаб синовдан ўтказарди. Ҳунар ўргатиш баробарида унинг йигитларга таълим-тарбия бериши ўзига хос эди.

Устоз-шогирдлар янги иморатлар қуриш билан бирга таъмирлаш ишларини ҳам амалга оширган. Эгамберди Қурбоновнинг шогирдларига нисбатан ўзига хос тарбия бериш қоидалари бўлган. Масалан, “ – Хонадон соҳибининг ижозатисиз хонадонга бош суқмайсан. Уй эгасининг қизини синглингдек, аёлини онангдек, кичик боласини эса укангдек кўрасан. Иш вақтида бошқа ишлар билан машғул бўлмайсан. Уй эгаси пиширган таомни норозилик билдирмасдан тановул қиласан. Уй қурилишида хонадон эгаси қандай хомашё олиб келса, шуни ишлатасан. Шартнома тузилган ҳолатдан ташқари ишлаб бериш ўзингнинг ҳимматинг. Ишни тугатиб, хайрлашиб кетаётганда уй эгаси билан рози-ризолашасан. Шу хонадондаги шартномага кирмаган бошқа жойни қуриб ёки таъмирлаб берсанг жуда аъло ишни бажарган бўласан. Ишингни тасмия айтиш билан бошласанг ишингда барака инади.

Ана шундай ўгитлар асосида тарбияланган шогирдлардан Алижон Аҳмедов, Сиддиқжон Қурбонов, ака-ука Ёқубжон ва Комилжон Мамажоновлар катта устанинг йўлидан бориб эл олқишига, ризосига эришдилар. Шогирлар устоз-шогирдлар анъанасини чиройли давом эттирди. Ўз навбатида ўзлари ҳам шогирдлар тайёрлаб келмоқда. Кимки шогирд сифатида етишиб, ҳамма ҳунар ва қоидаларни ўзлаштириб устозидан фотиҳа олсагина ишида унум бўлади. Шогирдга фотиҳа беришнинг анъанавий усулини Эгамберди Қурбоновнинг шогирдлари билан муомалаларида кузатганмиз. Етук шогирд фотиҳа олишдан аввал оқсоқоллар даврасига чақиртирилган. Кейин унга белбоғ ўратиш маросими ўтказилган. Катта уста белбоғ боғлагач, ўша ерда ҳозир бўлган ва уни тан олган таниқли кишилар ҳам белбоғ боғлаганлар. Кейин шогирднинг ҳақига дуо қилинган.

Яна ўқинг:  2015 ЙИЛДАН КУТАМИЗ

Белбоғнинг халқ табобатида ҳам ўрни беқиёс. Физиолог мутахассислар инсон организмидаги асосий таянч нуқта деб бел соҳасини билишади. Барча ҳаётий кучлар – энергия асосан бел қисмдан тақсимлангани учун донишманд ота-боболаримиз ҳамиша белбоғ боғлаб юрганлар. Буларнинг ҳаммаси ота-боболаримиздан мерос қолган. Шогирдга белбоғ боғлаш анъанаси Кайковуснинг “Қобуснома” асарида ҳам мукаммал ёритилган.

Албатта, биз зикр этаётган амалий мисоллар, одоблар ва белбоғ тимсоли устозлар ҳақини адо қилиш, содиқ бўлиш каби эзгу амалларни талаб этади.

Ҳамиджон ОМОНОВ,

меҳнат фахрийси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: