СОҒЛОМ ВА НАВҚИРОН
Ҳарбийлар оилаларига шундай баҳо бериш мумкин
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” мавзусида тадбирлар ташкил этилмоқда.
“Соғлом она – соғлом бола” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди тиббий-ижтимоий марказида ташкил этилган тадбирда Қуролли Кучлар академияси тингловчиларининг оила аъзолари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом ва маънан етук, интеллектуал салоҳиятли ёш авлодни тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари соғлиқни сақлаш бошқармалари мутахассислари билан ҳамкорликда 2014 йилда кўплаб ҳарбий қисмларда бўлиб, етти минг саккиз юз нафардан зиёд ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзоларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.
– Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларида аниқланган ҳар қандай касалликни ўз вақтида даволаш, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш – ушбу тиббий кўрикни ўтказишдан асосий мақсаддир, – дейди тиббий-ижтимоий марказ раҳбари Адҳам Усмонов. – Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мазкур кўрик давомида 3 минг 800 нафар аёл, 3 минг 600 нафар бола қамраб олинди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди тиббий-ижтимоий маркази ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш имконини берадиган энг замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Бу ерда юқори малакали шифокорлар меҳнат қилади.
Т.ОРТИҚОВА