ОППОҚ ТОНГЛАР, БЕҒУБОР ТОНГЛАР

(Бадиа)

Ҳовли ўртасидаги пастқам супа устига қайдандир оппоқ зарра келиб тушади. Кейин яна бир, кейин яна бир, икки, уч… Бир пастда супа устини қоплай бошлаган оқлик у ерга сиғмаётгандек пастга эна бошлайди ва ажиб бу манзара бутун ҳовли бўйлаб ёйилиб кетади. Ғадир-будур кўринишга эга теварак бир хил тусга киради. Ер остига сиғмаётгандек бўртиб турган дўппайма тошча, ҳали ерга сингиб кетишга улгурмаган ёмғир кўлмакчалари-ю ёпишқоқ лойгарчилик, барча-барчаси ўша зарралар оғушига ғарқ бўлади. Оппоқ, митти юлдузчалар шу зайлда бутун ҳовли бўйлаб ёйилиб кетади. Атрофни оқлик, беғуборлик эгаллайди.

Беғубор қор парчалари… Беғубор оқлик… Кишига ана шундай шодумонлик, табиатда ўзгача сеҳр ва шу аснода инсон ва борлиқ ўртасида сўнмас меҳр уйғота олувчи сеҳрли оламдир у.

Ана шу гўзалликнинг бир парчасини қўлингга олиб, унга боқаркансан, беихтиёр жилмайиб қўясан. Беихтиёр ана шу биллур манзаралар мафтунига айлана борасан. Кафтингда қиқирлаб турган бу ёқимтой юлдузчалар бир дам сенга жонсиздек туюлади. Ҳаттоки сенинг биргина истагинг уни йўқ қила оладигандек. Лекин бундай бўлмайди. Қўлингдаги мўъжиза гўёки ўз сеҳрини кўрсатади ва сени дўстликка, биродарликка чорлаётгандек сўзлай бошлайди. Дастлаб овоз эгасини топмоқ илинжида теварак-атрофингга аланглайсан. Ҳаттоки бу қўнғироқ садолари кўнглингдаги умуман бошқа туйғуларни-да уйғотиб юборар. Лекин мўъжиза давом этади. Сезганинг, қўлингдаги қор зарралари бирин-кетин, “дикир-дикир” сакраганча, бир-бирига гал бермай чуғурлашиб, хаёлларингни бўлиб юборади. Кейин аста уларга тикилиброқ қарайсан. Шунда кўрасан-ки, ростдан қор сўзлаяпти. У сенга нималарнидир тушунтирмоқчидек кўзларини пирпиратгани пирпиратган. Ҳатто митти сумалакчалардан иборат киприкларигача аниқ-тиниқ илғайсан. Рангсиз, аммо шакли-шамойилини дам-дам ўзгартириб тураётган лаблари-да сени ҳайратга солмоқда. Барчаси фусункор, барчаси дилга яқин. Аста-секин у сенинг юрагингга кириб боради. Ноодатий ҳолдек у кўксингни илита бошлайди. Шу тарзда сен қорнинг мафтунига айлана борасан.

Энди эса қулоқларинг остида унинг сўзлари жаранглайверади: “Мен билан дўст бўл. Менга сирдош бўл. Мен эртанги ризқ-рўз, мен олам-олам шодликман”.

Беихтиёр яна жилмаясан. Кафтингдаги мўъжизани юзингга яқинлаштирасан. Оппоқ, митти қўлчалар сенга талпинади. Кўз илғамас бармоқчалари бурнингни қитиқлайди. Ғашинг келгандек сесканиб тушасан-у, лекин яна юзингни унга яқинлаштирасан. Ўзаро илиқликдан танинг яйрайди. Кейин дилингда мусаффо ҳисларга йўл очилгандек ширин энтикиб қўясан. Бу ҳолни самимий дўстлик белгиси дея тушунган митти Оқвой эса “қиқирлаб” кулганча ерга сакраб тушади ва сон-саноқсиз дўстлари сафига сингиб кетади. Фақат унинг кулгуси ҳовлининг дам бу бурчидан, дам у бурчидан сени энтиктирганча эшитилаверади, эшитилаверади…

…Тун бўйи қор ёғади. Фалак ер юзига тун бўйи ризқ-рўз сепади. Олам-олам шодликлар тун бўйи сени кутиб ётади.

Тонг отади. Оппоқ тонг, беғубор тонг. Қорга термуласан, кўкка тикиласан. Ҳаммаёқ оқлик, ҳаммаёқ мусаффо. Шу тарзда сенинг тонгларинг кўклам қадар ана шундай мўъжизалар билан отаверади. Ҳар тонг сеҳрли қор парчасининг беғубор, оппоқ кулгулари юрагингга илиқлик олиб кираверади.

Муҳаббатга лиммо-лим олам,

Нурафшондир бу кунги онлар.

Эзгуликка чорлайди ҳар дам

Оппоқ тонглар, беғубор тонглар!

Яна ўқинг:  ШИРИНЛИК ЕСАМ МАЙЛИМИ?

Фарҳод ЭШМЎМИНОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: