“SOG‘LOM AVLOD” МУХБИРИМАН

“Sog‘lom avlod” таҳририятининг эшигини тақиллатиб келган илк кунларимни эслайман. Бола кўзларидек тиниқ ва тоза орзу-хаёллар билан келгандим ўшанда. Ниятим шу нуфузли таҳририятда ишлаш, қаламимни чархлаш, устоз журналистлардан соҳа сирларини ўрганиш эди. Ниятимга эришдим. Ишга қабул қилиндим. Университетдаги таҳсилдан сўнг бир неча таҳририятларда фаолият юритдим. Ҳозир эса у ёки бу таҳририятнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари хусусида эмас, балки айни шу “Sog‘lom avlod” жамоасининг бирдам, ҳамфикр ва аҳиллиги туфайли эришаётган ютуқлари ҳақида тўхталишни жоиз топдим.

Биласизми, касбим тақозоси билан кўп ҳудудларга бордим. У ернинг одамлари билан суҳбатда бўлдим. Гоҳ ташкилотлардан маълумот олгани борсам, гоҳ хизмат сафарларида кўпгина юртдошларимиз билан учрашдим, танишдим, ўй-фикри билан қизиқдим. Эришаётган ютуқларининг сир-асрорларини сўрадим, ўргандим. Ёздим. Одамлардаги дунёқарашнинг кескин ўзгаргани, ҳамма нимадир янгилик қилиш иштиёқида яшаётганини кўрдим. Меҳнат қилаётган кишиларнинг фаровон турмуш тарзига ҳавасим уйғонди. Атрофга разм солдим. Ўзимнинг жамоадошларимни кузатдим. Улар ҳам тиним билмай меҳнат қилишаяпти. Тинмай ёзишаяпти. Энг долзарб мавзуларни қаламга олишаяпти. Йил сўнггида, “ғалвирни сувдан кўтарар эканмиз”, 2014 йил юртимиз тарихида зарҳал ҳарфлар билан ёзса арзигулик воқеаларга бой бўлганини кўриш мумкин. Ватандошларимиз жаҳон ва мамлакатимиз миқёсида улкан ютуқларни қўлга киритди. Шулар қаторида биргина бизнинг жамоамиз ходимларининг меҳнати ҳам муносиб баҳоланиб, жорий йилда таҳририятимиз халқаро “Олтин қалам” танлови IX Миллий мукофоти билан тақдирланди. Бир нафар устоз ҳамкасбим шу танлов совриндори бўлган. Деярли барча ижодий ходимларимиз республика танловларининг ғолиблари сафидан жой олган. Қизиқ, улар қандай улгуришяпти бунга? Демак, улгурса бўларкан-да.

Ҳа, одам қилган ишни одам қила олади. Журналист ҳам деҳқондай гап. Унинг ери – газета. Насиб этса, мен ҳам нуфузли танловларда ғолиб бўламан. Устозларим ишончини оқлайман, эл-юрт орасида ҳалол меҳнатим билан обрў қозониб, ота-онамнинг юзини ёруғ қиламан. Бунинг учун менда ҳамма нарса етарли. Чунки мен “Sog‘lom avlod” газетаси мухбириман.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Яна ўқинг:  Онгни фақат мия бошқарадими?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: