Камёб ва нодир малҳам

қизил қўзиқорин энди Ўзбекистонда етиштирилиш арафасида

Шарқ табобатида “абадий ёшлик”, “ҳаёт ўсимлиги” деган маъноларни англатувчи ўсимликни эшитганмисиз? Билмасангиз, унинг ноёб ва очилмаган қирралари ҳақида сиз билан ўртоқлашамиз. Табобат илмининг асосчиси Абу Али ибн Сино инсон танасидаги илон заҳрини ушбу ўсимлик билан бартараф қилган. Табибнинг қўлёзмаларида ва аллома Имом ал-Бухорий асарларида “Линжи” номи билан аталган қизил қўзиқориннинг инсон организмини соғломлаштириш ва навқиронлик бағишловчи хусусиятлари ҳақида айтилган. Хитойда ўсимликлар қироли деб юритилган “Шэнь нуна – гиёҳлар тўплами” номли қадимий китобда шундай дейилган: “Линжи – организмни мустаҳкамлайди, ўстиради ва заҳарни организмдан чиқариб ташлайди”.

Табиатнинг Ўзи табиб

Қўзиқоринлар органик дунёнинг ўзига хос вакиллари ҳисобланади. Эътибор билан қаралса, нимаси биландир ўсимликка қиёсланса, яна нимаси биландир жонли ҳужайрага ўхшайди. Бу ҳужайраларнинг ўсимлик ҳужайрасидан фарқи шундаки, хлорофилл сақламайди. Шу сабабли улардаги энергия қуёш нуридан эмас, балки биокимиёвий реакция ҳисобига йиғилади. Шунингдек, улар жонзотларга ўхшаб гликоген кўринишида глюкоза тўплайди ҳамда модда алмашинувининг натижаси мочевина ҳисобланади.

Қизил қўзиқорин Хитойда “линжи”, Японияда “Рейши” деб юритилади. Ҳозирги илмий номи эса “Ганодерма лусидиум”. Ганодерма лусидиум – ялтироқ тери демакдир. Тибет табиблари ва япон олимлари линжи организмнинг касалликларга қаршилигини оширувчи, иммунитетни мустаҳкамловчи ва умрни узайтирувчи, ҳозирги давр одамларини “қутқарувчи юлдузи” деб баҳолашган. У ўзининг таъсири бўйича 365 та энг олий деб тан олинган ўсимликлар ичида биринчи ўринда туради. Табиий ҳолда табиатда жуда кам учрайди, уни топиш қийин. Ўн мингталаб олча дарахтининг фақат 1-2 тасининг қуриган қобиғида учрайди. Илгари бундан фақат императорлар, сарой аёнлари фойдаланишган.

Дунё олимларининг тинимсиз изланишлари натижасида 5 минг йиллик тарихга эга бўлган генодермани органик усулда ўстириш йўлга қўйилди. Хитойлик микробиолог Леау Сун Сенг ушбу қўзиқорин устида илмий изланишлар олиб борди. Малайзиянинг нам иқлими ганодерма етиштириш учун жуда қулайлигини аниқлаб, у ерда жуда катта плантацияларда органик усулда етиштириш йўлга қўйилди. У 200 тадан ортиқ ганодерма турларидан фақат 6 турини танлаб олган. Булар инсоннинг юрак, жигар, мия, қора талоқ, буйрак, ўпка аъзоларининг шаклларига жуда ўхшайди ва улардан бир йилда тўрт марта ҳосил олинади. Таркибида 200 дан ортиқ фаол моддалар борлиги, жумладан, 7 хил моносахарид, 18 хил амино кислоталар, 10 хил микроэлементлар (кальций, магний, темир, хром, мис, рух, селен, йод, мишякь, германий) ва бошқа хил моддалар борлиги аниқланган.

Яна ўқинг:  Ўзбекистон ўсимликлари дунёси

Бу қўзиқоринларнинг организмга шифобахшлиги, энергия бериши ва ёшартирувчи хусусиятлари бошқа турдаги қўзиқоринларда йўқ. Шунинг учун ҳам маҳсулотларни истеъмол қилганда инсоннинг барча аъзолари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.

МИКРОНУТРИЕНТЛАР ВА ҚОНУНЧИЛИК

2013 йил 7 майда “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши ва уни Президентимиз Ислом Каримов томонидан имзоланиши халқимиз саломатлигига, мамлакатимиз аҳолисининг узоқ умр кўриши, турли касалликларни олдини олишга қаратилган улкан ғамхўрликлардан бири бўлди. Қонуннинг мақсади аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги муносабатларни давлат томонидан тартибга солишдан иборат. Ушбу қонунда микронутриент етишмаслигини аниқловчи замонавий технологияларни ва унинг профилактикасининг усулларини ривожлантиришда илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборатдир.

Маълумки, микронутриентлар инсон организмини нормал ўсиши ва ривожланиши учун витамин ва минераллар билан тўлдиради. Буларнинг фойдали хусусияти шундаки, бу моддалар касалликнинг белгиларини эмас, унинг келиб чиқиш сабабларини бартараф қилади, организм ҳужайраларини талаб қилган моддалар билан озиқлантиради.

Бугунги кунда бутун дунёда экологиянинг бузилиши, инсон организмига салбий таъсир кўрсатувчи радиация нурларининг ҳар қадамда учраши, нотўғри овқатланиш, истеъмолдаги овқатларимизнинг кўпи сунъий йўл билан синтезланиб бойитилганлиги, стресс (руҳий зўриқиш)лар, зарарли одатлар каби иллатлардан қутилишнинг бирдан бир усули микронутриентлар – биофаол қўшимчалардан фойдаланишдир.

Биофаол қўшимчалар мураккаб технология ёрдамида озиқ-овқат маҳсулотлари ва турли гиёҳлар таркибидан ажратиб олинаётган фаол моддалардир. Организмнинг барча ҳужайраларига 98 фоиз сўрилиб, ҳар бир биологик фаол модда тегишли функцияни бажаради. Биофаол қўшимчаларни яратилишида халқ тажрибаларидан ташқари микробиология, фармакология эпидемиология, клиник медицина, микронутриентология, диетология ва бошқа фанларнинг мисқоллаб йиғилган тажрибаларига асосланиб, нанотехнология усулида ишлаб чиқарилади ва тавсия қилинади.

Минг бир дардга даво

Ганодерма лусидим маҳсулотларини истеъмол қилганда унинг энг яхши хусусиятларидан бири унга организм ўрганиб қолмайди. Ҳеч қандай зарарли таъсири йўқ. Энг асосийси иммун тизимни мустаҳкамлайди. Турли ёнилғи маҳсулотлардан ажралиб чиқиб, нафас орқали танамизга кирган заҳарли қўрғошин моддаси, бактерия ва вируслар, кимёвий дори воситалари қолдиқлари, хилтлар, буйрак, ўтпуфаги ва бўғимлардаги тош-тузлардан, ортиқча ёғлардан тозалайди. Қон қуюлишининг олдини олиб, уни суюлтиради. Томирлардаги варикозни йўқотади, қондаги қанд миқдори меъёрини нормаллаштиради. Қандли диабетга самарали таъсир кўрсатади ва даволайди. Хотира ва асабни яхшилайди. Кўриш, эшитиш қобилиятини кучайтиради. Кўз пардаси катарактасини даволайди, иммунитетни ошириб, ҳар хил ўсмаларга қарши курашади. Меъда, ичак яллиғланишларида ва яраларида, қизилўнгач ўсма касалликларида, аёллар жинсий аъзолари яллиғланишларини даволайди, бачадон миомасини сўрилиб йўқолишида, ички, ташқи геморрой (бавосил)ни даволашда, ҳомиланинг тўлиқ ривожланишида яхши восита ҳисобланади. Бепуштликка даъво бўлади. Инфаркт ва инсульт касалликларининг олдини олади ва даволайди. Ҳужайраларга озуқа моддаларини етказилишини, ўпка, жигар, буйрак, мия фаолиятини яхшилайди.

Яна ўқинг:  Сиз аралашманг...

Пардоз воситаси сифатида ҳам самарали қўлланилади. Юздаги майда ажинларни йўқотади, майинлигини сақлайди. Турли тери касалликларини: псориаз, экзема, дерматитларни, ҳуснбузар ва доғларни, ҳар хил тошмаларни, гўдаклардаги чилла (яра диатези)ни самарали даволайди ва терини яшартиради.

ЎЗИМИЗНИНГ БОҒДА…

Тошкент кимё-технология институти “Биотехнология” кафедраси ёш олимлари томонидан Ўзбекистон шароитида ганодерма замбуруғини табиий ҳолда ўсиш имкониятларини аниқлаш мақсадида 2011-2012 йилларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятлари ҳудудларида илмий экспедиция ўтказилиб, тоғли ва тоғолди ҳудудларида ҳамда шаҳар ва туман марказларида ганодерма замбуруғини топиш имконияти бўлмади. Икки йиллик изланишлар асосида 2012 йил 3 август куни Тошкент шаҳри М.Улуғбек тумани ҳудудидан гилос дарахти танасида табиий ҳолда ўсган GANODERMA LUSIDIUM (Gurtis: Fr.) P.Karst замбуруғи топилди. Узунлиги 5,8 метр, эни 65 сантиметрни ташкил этган бу гилос дарахти танасининг пастки қисмида ганодерма замбуруғи яхши ривожланган ҳолда ўсганлиги кузатилган. Илмий манбаларда ҳар 10 мингта гилос дарахтининг 1 та ёки 2 таси танасида ганодерма замбуруғи ўсиши ҳақидаги маълумотлар ўз тасдиғини топган. Чунки, илмий экспедиция давомида 32 минг 562 туп гилос дарахти тадқиқ этилган.

Тадқиқотчилар маҳаллий шароитда ўсган замбуруғнинг фармакологик хусусиятларини ўрганиш борасида унинг кўп миқдорда полисахаридлар сақлашини аниқладилар. Олимларнинг фикрича улардан ўстириш шароитини ўзгартириш орқали экзо ва эндополисахаридларни кўп миқдорда ажратиб олиш имконияти мавжуд. Шу боисдан ёш олимлар ганодерма замбуруғининг полисахаридлар синтез қилиш хусусиятини аниқлаш мақсадида 13 хил таркибга эга бўлган озуқа муҳити манбалари мавжудлигини ўрганиб чиқишди. Олинган натижаларга кўра энг мақбул озуқа муҳити глюкоза, лактоза ва крахмал сақлаган озуқа манбаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканлигини аниқлашди.

Ушбу технологиянинг яратилиши яқин келажакда мамлакатимизнинг озиқ-овқат ва фармацевтик саноатига ноанъанавий, таннархи арзон бўлган хомашё манбасини етказиш имкониятини берса ажабмас.

Дилбар БЕКЖОНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: