ЯХШИ ЯШАШ БАХТИ
Биз бугун инсон манфаати устувор қўйилган, унинг қадр-қиммати юксак тутилган мамлакатда яшаяпмиз. Ҳар бир соҳада инсоннинг фаровон турмуш кечириши, унинг эркин ишлаши учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Бундай улкан ўзгаришлар, янгиланишлар, эътибор ва ғамхўрлик табиийки, шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир кишини янги марраларга ундамоқда. Уни ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишга чорламоқда. Масалан, тадбиркорлик соҳасини олайлик. Юртбошимиз томонидан мазкур тармоққа истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб катта эътибор қаратилаяптики, бунинг самараси амалда ўз аксини топмоқда.
Яратилаётган имконият ва имтиёзлар биз сингари ишбилармонларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшаяпти, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан. Чунки Президентимиз томонидан соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган фармон ва қарорларнинг эълон қилинаётгани ҳамда уларда тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи имтиёз ҳамда имкониятлар назарда тутилгани айни муддао бўлаяпти. Эндиликда мазкур ҳужжатларга биноан тадбиркорларнинг ишига ҳуда-беҳуда аралашиш таъқиқланди. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорнинг эркин фаолият юритиши учун шароит яратилди. Албатта, ҳар қандай тадбиркорлик, аввало пухта бизнес режа ва молиявий маблағ орқали шакллантирилади. Шу маънода айтиш мумкинки, тадбиркорнинг иши молия муассасаси билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар икки томон ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик эса муваффақият гаровидир. Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда банк ва мижоз ўртасидаги масофа тобора “қисқариб” бормоқда. Яъни, молия муассасаларининг мижоз учун қулай шартларда таклиф этаётган хизматлари тури кенгаяётгани, аҳоли орасига чуқур кириб бораётгани шундай дейишга асос бўлади. Ана шундай молия муассасалари орасида “Микрокредитбанк”нинг ўзига хос ўрни бор. Чунки, айнан ушбу соҳа вакилларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ихтисослаштирилган мазкур банк тадбиркорлар билан ишлашда муайян тажрибага эга. Банк томонидан таклиф этилаётган хизматларнинг бари биринчи навбатда мижоз манфаати устуворлигини кафолатлади. Бунга бизнинг фаолиятимиз ҳам яққол мисол бўла олади. Биз ҳам етти йил аввал “Дастон акфа плюс” хусусий корхонасини ташкил этгандик. Ўтган йиллар мобайнида “Микрокредитбанк” билан ҳамкорлик қилиб кам бўлмадик. Банкнинг ишбилармонликни ривожлантиришга қаратилган турли хил кредитларидан мақсадли фойдаланиб, фаолиятимизни тобора кенгайтириб келаяпмиз. Бугунгача банк кредит хизматларидан тўрт марта фойдаландик. Хусусан, ўтган йилда ҳам банкнинг 60 миллион сўмлик микролизинги ҳисобига хориждан тузни қайта ишлаш ускунасини харид қилдик. Ўтган йили эса яна 98 миллион сўмлик микролизинг эвазига тузни қадоқлаш технологиясини келтирдик. Айни пайтда ушбу замонавий ускуналар ёрдамида бир кунда уч тоннагача ош тузини қайта ишлаб, йодлаб, қадоқлаб олаяпмиз. Бу ишларни корхонамизда меҳнат қилаётан 20 нафардан зиёд ишчиларимиз амалга оширмоқда.
Жорий йилда ҳам “Микрокредитбанк” тадбиркорлар, жумладан тадбиркор аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлашни режалаштирган. Хуллас, бугун қўлида ҳунари ёки уқуви бор инсон борки, “Микрокредитбанк” эътиборидан четда қолмаяпти. Уларнинг қобилияти, иштиёқи ва маҳорати банк маблағлари эвазига рўёбга чиқмоқда.
Интизорбону АБДАЛНИЁЗОВА
“Дастон акфа плюс” хусусий корхона раҳбари