Ўғил бола

– Самандар! Ҳей Самандар! Кўча томондан кимдир баланд овозда чақирарди. Ошхонада онасининг ёнида куймаланиб юрган бола ўзининг исмини эшитиб, қулоғи динг бўлди. Беихтиёр онасига қаради. Ҳадича опа ҳам сергак тортди. – Чиқиб қара-чи, ким чақиряпти? – деди у ўғлига. Самандар кўча томонга чопиб кетди. Дарвоза олдида улардан беш-олти ҳовли нарида яшайдиган Карим ака турарди.

– Ассалому алайкум, келинг, амаки, – деди у. – Уйга киринг…

– Ва алайкум ассалом. Раҳмат, ўғлим. Қўшниларни тўйга айтиб юргандим, эртага эрталаб бизникига наҳорги ошга боринг, отангизнинг ўрни билинмасин. Хўпми, бўтам?!

Ўғлининг ортидан дарвозахонага келган Ҳадича опа қўшнисининг сўзларини жимгина эшитиб турарди. Карим ака жувонни кўриб, у билан саломлашди.

– Яхши юрибсизми, келин? Самандаржонни тўйга айтгани келдим, албатта, юборинг. От ўрнини той боссин энди.

Ҳадича опа “хўп” ишорасини қилди-ю, ўпкаси тўлди. Йиғлаб юборишдан ўзини зўрға тутиб, ортига бурилди. Аммо барибир кўзидан ёш қуйилиб келаверди. Унга ҳозир битта гап камлик қилади, иккита гап ортиқчалик, йиғлагани-йиғлаган. Беш ойдан буён кўнглига чироқ ёқса ёришмайди. Эрининг ўлими юрак-бағрини адо қилди, оиланинг устуни тўсатдан юрагини чангаллаб жон берди, дўхтир ҳам вақтида етиб келолмади. Ўшандан бери Ҳадича опанинг егани заҳар, сал гапга йиғлайди, кўз ёшидан болалари ҳам безиб қолди. Икки қизи-ку ҳали кичкина, кўп нарсанинг фарқига бормайди, бироқ Самандари анча ҳушёр, онаси йиғласа, қандай овутишни билмай эси кетади, ноилож ўзи ҳам йиғлай бошлайди. Жуда эзилиб кетди бола фақир.

Самандар ўзининг тўйга айтилганидан ҳайрон. Одатда катта одамларни тўйга айтишади, у ҳали кичкина бола бўлса. Эндигина саккиз ёшга кирди, сентябрь келса иккинчи синфга боради. Самандар хаёл суриб, онасининг ортидан ошхонага борди.

– Ая, Карим амаки мени тўйга айтдиларми?

– Ҳа, сени айтдилар, болам, – деди онаси.

– Мен тўйдан ош олиб келаманми? Товоқча берасизми?

– Йўқ, сени ошга эмас, тўйга айтиб кетдилар.

– Мен ҳали ёш боламан-ку.

– Тўғри, сен ёш боласан, лекин ҳовлимизнинг каттаси – эркагисан. Шунинг учун ҳам сени тўйга айтдилар. Бундан кейин янаям одобли, ақлли бола, отангга муносиб ўғил бўл. Отангни маҳаллада ҳамма яхши кўрарди, тўйлар у кишисиз ўтмасди. Отанг тилла одам эди…

Яна ўқинг:  Маррага биринчи бўлиб келиш учун фақат омад камлик қилади

Ҳадича опа ҳар қанча уринмасин, йиғлаб юборди. Самандар хомуш тортиб қолди. Онасининг пинжига тиқилиб, қўллари билан унинг кўз ёшларини артди. Ниҳоят онаси тинчиди. Самандарнинг кўнгли жойига тушиб, яна савол берди:

– Эртага тўйга бораманми, ая?

– Албатта, борасан. Айтилган жойга борадилар, йўқса, ҳурматсизлик бўлади. Ўзим сени чиройли кийинтириб, “фасон” қилиб қўяман. Одамлар: “Қаранг-а, Абдуғаффор аканинг ўғли катта йигит бўлиб қолибди. Бунча чиройли бўлмаса, кийимлари бирам ярашибдики, одобини айтмайсизми?”, дейишсин. Хўпми?

– Хўп, ая.

Самандар яна ниманидир сўрамоқчи бўлиб онасига тикилди, Ҳадича опа буни сезиб, кутиб турди.

– Ая, Карим амаки мени сизлаб гапирдиларми?..

– Ҳа. Бу ҳурмат-да, болам. Сенга ва дадангга ҳурмат…

Самандарни ўртоқлари чақириб қолиб, она-боланинг суҳбати бўлинди, у кўчага чиқиб кетди. Бироқ фикру зикри эртанги тўйда эди. Кечки овқат пайти ҳам, овқатдан кейин ҳам фақат шу ҳақда ўйлади. Ҳатто кечқурун уйқуси қочиб кетиб, алламаҳалда онасига яна сўз қотди:

– Ая, ҳали ухлаганингиз йўқми?

– Йўқ, нима эди?

– Тўйга Бегали ўртоғим билан борсаммикин, деб турибман. Сиз нима дейсиз?

Ҳадича опа ўғли бугунги таклифдан ўзини бошқача ҳис этаётганини сезганди, кўрдики, ҳали ҳам ухламай, хаёл суриб ётибди.

– Менимча, ўзинг борганинг дуруст. Тўйга Бегали эмас, дадаси айтилган. Бегали билан борсанг, Карим амакинг: “Ўзини айтгандим, ўртоғини етаклаб келибди”, дейишлари мумкин.

– Унда ўзим бораман…

Самандар қачон ухлаб қолганини билмайди. Эрталаб уйғониб қараса, онаси жойида йўқ, икки синглиси пишиллаб ухлаяпти. Самандар ўрнидан туриб, юз-қўлларини ювди, қараса, онаси кўча супураётган экан.

– Кўчамизда тўй бўлаяпти, дарвозанинг олдидан қанчадан-қанча киши ўтади, супуриб-сидириб қўйсак яхши-да, – деди Ҳадича опа ўғлини кўриб.

Самандар бекор туришни истамади, кичкина челакчада сув ташиб, супурилган жойга сепиб келаверди. Бир зумда кўчага файз кирди. Сўнг она-бола уйга кирдилар. Ҳадича опа Самандарнинг эгнига мактабга кияди деб олган янги костюм-шимини, бошига дўпписини кийдирди.

– Мана, ҳақиқий йигит бўлдинг, – деди ўғлига фахр билан тикилиб. – Сени кўриб танимай қолишмаса деб қўрқаман… Борақол, болам. Борақол. Қара, қанақа чиройли қўшиқ эшитилаяпти. Насиб этса, сен катта бўлиб уйланганингда ҳам ана шунақа ҳофизларни олиб келамиз.

Яна ўқинг:  O‘zbekiston – jonajon diyor

– Эй, ая!..

Самандар уялиб кетди. Онасининг қучоғидан чиқиб, кўчага отилди. Одамлар оқимига қўшилиб, тўйхона томон юраркан яқинлашгани сайин ҳаяжон босди. Катта-катта кишилар орасида юриш унга эриш туюлди. Кўчада бирорта бола кўринмайди, онаси рози бўлганида Бегали билан келар, икки ўртоқ бемалол кириб кетишарди. Энди қандоқ киради?

У секин ортда қолиб, йўл четидаги тут панасига ўтди-да, одамларни кузата бошлади. Гуруҳ-гуруҳ тўйдан чиқиб келишаяпти, гуруҳ-гуруҳ кириб боришаяпти. Самандар бирпас қараб тургач, ўзига ўзи аҳд қилди: “Нима бўлса бўлди, ахир мени тўйга Карим аканинг ўзлари айтдилар, бормасам ҳурматсизлик бўлади. Онам ҳам айтилган жойга бориш керак, дедилар”.

Самандар тутнинг панасидан чиқиб, тўйхонага яқинлашди. Шинам кийиниб олиб, катта кишилардай тўйга келаётган болага биринчи бўлиб Карим аканинг кўзи тушди. Беихтиёр ўрнидан туриб кетди.

– Келинг, келинг, Самандарбек. Ичкарига киринг.

Карим акани кўриб “хуш келибсиз”га турган бошқалар ҳам ўринларидан туришди. Улар илк бор ёш болада ўзига хос салобатни кўришди. Бу салобат уларга таъсир қилди. Самандар кириб кетгунига қадар тавозе билан туришди. Ҳамманинг назарида Самандарнинг отаси Абдуғаффор ака тирилиб келгандай туюлди.

Самандар қўлини кўксига қўйиб, салом берди ва ичкарига кирди. Меҳмонлар орасидан бир кўриниб, бир кўринмай тартиб билан терилган стол-стуллар томон ўта бошлади. Шу пайт нимадир оёғини чимчилаб олгандай бўлди. У чўчиб тушди. Бир зум нима гаплигини тушунмай гангиб қолди. Сўнг кўзи Карим аканинг ён қўшниси Амин чўлоққа тушди. У хипчин кўтариб ёнида турарди. Самандар унга ажабланиб қаради.

– Сен, зумраша, катталар орасида нима қилиб юрибсан? Эрталабдан буён эшикдан қувласам тешикдан кириб келасанлар. Оёқ остида ўралашганларинг-ўралашган. Бор, уйингга кет!

Самандарга еру осмон бир бўлиб, боши айланиб кетди.

– Амаки, амаки, мен… Ҳалиги ошга эмас, тўйга келганман… Мени Карим амакимнинг ўзлари таклиф қилганлар… Мен…

Амин чўлоқ унинг сўзларига қулоқ ҳам солмади. Одамлар орасидан туртиб-туртиб дарвоза томонга ҳайдади. Самандар уят ва аламдан ер ёрилса, кириб кетгиси келди. Миясида: “Дарвозадан қандай чиқиб кетаман?” деган фикр маҳкам ўрнашиб олди. Амин чўлоқ эса унинг фикри билан иши йўқ, туртиб борарди.

Яна ўқинг:  Кеча шогирд эдим, бугун устозман

Самандарнинг кўзлари ёшга тўлди. Дарвозага яқинлашганида ерга қараб, бошини хам қилиб олди. Нигоҳи бирор-бир нигоҳ билан тўқнашишини истамади. Аммо Карим ака уни кўриб қолди. Ҳозиргина тўйхонага кириб кетган боланинг зум ўтмай, қайтиб чиқиши унга шубҳали туюлди.

– Самандар! Самандар! Нега кетаяпсиз? Нима бўлди?

Самандар бошини кўтармади. Бир сўз демади. Индамасдан дарвозадан чиқиб кетди. Карим аканинг кўзи қўлига хипчин кўтариб олган Амин чўлоққа тушди-ю, гап нимадалигини англади.

– Югур, Ражабали! Югур! Самандарни қайтар!

У ёнидаги йигитга буюрди. Ражабали югурди. Бироқ тўйхонадан чиқиб олган Самандар ўқдай учиб борарди. Унга етиб бўлмасди.

Ражабали ноилож ортга қайтди. Самандар уйи томонга эмас, кўчанинг нариги бетидаги жарлик томонга елиб кетди. Жарликка тушиб, тўғри чашма бўйига борди. Бу жойлар унинг учун қадрдон. Болалиги шу ерларда ўтаяпти. Дўстлари билан ҳали қувлашмачоқ ўйнайди, ҳали бекинмачоқ. Ҳозир эса ёнида ҳеч ким йўқ. Танҳо ўзи. Қизиқ. Бир лаҳзада кап-катта кишилар унинг иззатини жойига қўйиб ўстириб юборишди. Яна бир лаҳзада ер билан битта қилишди. Шундай бўлишини билганида тўйхонага қадамини ҳам босмасди.

Самандарнинг ўпкаси тўлиб, йиғлаб юборди. Анчагача ўзига келолмай, ҳиқиллаб турди. Сўнг чашма сувига юз-қўлларини ювиб, ундаги балиқларни томоша қилди…

Самандар чашманинг бўйидан кетгиси келмади. Лекин онаси хавотирланади. Шу сабабли секин ўрнидан турди. Жарликдан чиқиб, уйи томонга йўл олди. Дарвозасидан кираркан, кайфиятини кўтариб олиш учун жилмайиб қўйди. У шу кўринишда онасига рўпара келмоқчи эди. Пешайвонда онаси, сингиллари ва қўшниси Салима ая нонушта қилишаётган экан.

Самандарнинг кўзи дастурхон устида буғи чиқиб турган бир товоқ паловга тушди. Ошнинг ёқимли ҳиди димоғини қитиқлади.

– Келдингми, ўғлим, – деди уни кўриши билан Ҳадича опа. – Карим аканинг хотини Гулбаҳор опа жуда фаросатли аёл-да. Азадорлигимни билиб, шундан шунга ош юборибди. Гуручидан гўшти кўп, барака топсин. Кел, ўғлим, гўштидан егин.

Самандар гап нимадалигини бир зумда англади. Бироқ онасига сир бой бермади. Оғзидан сўлаги оқаётган бўлса-да, уйга кираркан:

– Ая, ахир мен тўйдан келяпман-ку, – деди.

Карим аканинг хонадонидан ҳануз мумтоз наволар эшитилар, тўй ҳали давом этарди…

Лола Ўроқова

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: